Меню

Қашқадарё

23.06.2020 2103

БУ ЙИЛ МАҚОМ ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛАДИМИ?

Брифинг

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 февралдаги “II Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига кўра, Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда ўтказилиши белгиланган Халқаро мақом санъати анжуманини иккинчи марта 2020 йил сентябрь ойининг биринчи ярмида ўтказиш тўғрисида мутасадди ташкилотларга кўрсатма берилган. Мазкур анжуманга бу йил дунёнинг 73 мамлакатидан меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда. Тадбирни юқори савияда ташкил этиш мақсадида эса пойтахтдан 600 дан ошиқ кишидан иборат ижодий жамоа келади. Улардан аввал тест олиниб, карантинга олинади ва шундан сўнг репетицияларга киришилади.

Вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Салим Сайимов Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ОАВ вакиллари учун ташкил қилинган брифингда шундай маълумот берди.

Тадбирда, яна таъкидланишича, манзилли рўйхат асосида 2019-2022 йилларда Ғузор, Деҳқонобод туманлари маданият марказлари янгидан қурилса, Қамаши, Миришкор, Нишон туманлари маданият марказларида реконструкция, Косон ва Муборак туманларида капитал таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган бўлиб, бунинг учун 35 миллиард 151 миллион сўм йўналтирилади. Жорий йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан Муборак тумани маданият маркази биносида таъмирлаш ишлари бажарилган.

Соҳадаги ўзгаришлардан бири 2020 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилаётганидир.

Қолаверса, 2021-2023 йилларга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига асосан келгуси йилда Навоий, Самарқанд, Наманган, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари қатори Қашқадарёда ҳам қўғирчоқ театри ўз биносига эга бўлади.

Республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан ҳар бир ҳудудда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғлари ташкил этилиб, доимий фаолият юритиши таъминланади.

2020-2025 йилларда ҳар бир туман ва шаҳарда тарих ва маданият музейлари филиаллари шаклида ўлкашунослик музейлари тузилади.

Брифингда айтилган масалалар юзасидан журналистлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилишди.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!