Меню

Қашқадарё

11.08.2022 4792

Бу йил Чироқчида кузги ғалла нега ҳар қачонгидан анча эрта экиляпти?

Қашқадарё ҳудудлари орасида биринчи бўлиб Чироқчида очиқ майдонларга кузги ғалла экишга киришилди. Одатда сентябрь ойи охири ва октябрь ойи бошида ўтказилган ушбу аграр тадбирга жорий йил августнинг илк ўн кунлигида қўл урилмоқда.

Шу мақсадда тумандаги “Чироқчи кластер” МЧЖ даласида фермер ва деҳқонлар учун кўргазмали семинар ташкил қилинди.

Очиқ майдонга кузги ғалла эрта экилса, ноябрга бориб бошоқлаб қолмайдими, деган ва шунга ўхшаш кўплаб хавотирли саволларга соҳа масъуллари, навшунос олимлар томонидан илмий асосда жавоб қайтарилди.

Таъкидланишича, далага экиш учун Россиядан келтирилган “Земница”, “Первица”, “Гром” сингари кузги ғалла навлари танланган. Уларнинг ўсув даври 235 кунни ташкил этади. Уруғни эрта қадаш ҳисобига бир қанча агротехник тадбирларни ўз муддатида амалга ошириш имкони бўлади, бу эса ҳосилдорлик чўғига ҳам ижобий таъсир қилади. Ушбу навлар экиладиган очиқ майдоннинг ҳар гектаридан 75-80 центнер бошоқли дон кўтариш мақсад қилинган.

Семинар давомида кластерга қарашли 7 гектар очиқ майдонда кузги ғалла экиш тадбири бажарилиб, бу борада фермер ва деқҳонларга зарур тавсиялар берилди.

Қайд этиш лозим, бу йил Чироқчи туманида жами 4872 гектар майдонда кузги ғалла парваришлаш режа қилинган. Шунинг 1372 гектари очиқ майдон бўлса, қолгани ғўза қатор оралари ҳиссасига тўғри келади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!