Меню

Қашқадарё

03.08.2021 1907

БУ ДУНЁДА АВВАЛ БОШДАН ҲАММА НАРСА УНУТ БЎЛИШГА МАҲКУМ ЭТИЛМАГАНМИ?!

Сараланган сатрлар

Инсон қанча кўп ўқигани сари кўнгил янгилик истаб бораверади. Воқеа-сюжети, қаҳрамонлари белгиланган чизиқлар доирасида ҳаракатланадиган, қуруқ тафсилотлардан иборат асарлар вақт ўтказишга ярайди, холос, бироқ инсон тафаккурини юксалтирадиган, ҳаётда, адабиётда янгилик ясайдиган китоблар ҳар куни яратилмайди, уларни ҳаммаям ўқимайди, эҳтимол ўқиши шарт ҳам эмасдир. Хослар борки, фақат улар ноодатий китобларни ўқийди, ўзгаларга тарғиб қилиш-да уларнинг гарданида.

Айтиш ўринли, ўзбек адабиётида ноодатий услубда битилган асарлар кам эмас. "Галатепага қайтиш", "Кунтуғмишнинг кулмаган бахти", "Кўнгил озодадур", "Отойининг туғилган йили", "Жажман", "Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза", "Маймун етаклаган одам", "Тобут шаҳар", "Тун панжаралари", "Капалаклар ўйини", "Ҳеч", "Шедевр ёзаман", "Ёлғизлик", "Бир тушнинг эврилишлари", "Тўлқинлар унутган тош" каби турфа ҳажмдаги турли йилларда дунё юзини кўрган асарларнинг бари инсон тафаккури юксалишига, бадиий дид ўсишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ушбу муҳташам сафда Шодиқул Ҳамро асарлари ҳам борки, бугун у-бу нарса қоралаган қаламкаш телеграмда канал, фейсбукда саҳифа очиб, ўзини машҳур этишга чоғланган бир дамда бу ёзувчи номи у қадар таниқли эмас. Ваҳоланки, катта асарлар ёзиб, жим юрган бу ёзувчи битикларидан кўп нарса олса бўлади. Муаллиф сўнг сўзида қиссага шундай таъриф берилади: "...аждодларимиз яратган бешик, исм қўйиш маросими ёки оналаримизнинг қадимий алласи кишини ҳайратга солмай қўймайди.

Аммо мустабид шўро тузуми даврида миллий ўзлигимизнинг устунларидан саналган ана шу қадриятларимиз ҳам кўр-кўрона топталди, бу бебаҳо меросни халқимизнинг хотирасидан ўчириб ташлашга уринишлар бўлди.

Бугун кўпчиликнинг ёдида бўлса керак: ўтган асрнинг 80-йилларида оналаримиз томонидан минг йиллардан буён айтиб келинаётган, гўдак қалбида миллий туйғуларни шакллантиришда тенгсиз ўрин тутадиган алла ҳам "эскилик сарқити" дея қаттиқ қораланган эди.

Биз, ижодкорлар элимиз бошидан кечирган ана шундай аянчли воқеаларни бадиий талқин этиб, кўпроқ ёзишимиз, бу машъум даврнинг мақсад-моҳиятини ҳаққоний равишда кўрсатиб беришимиз керак, деб ўйлайман. Шундагина Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз озодлигининг қадр-қиммати янада теранроқ намоён бўлади.

"Қақнус қанотидаги умр" қиссасида ҳам ўша рутубатли даврда азалий қадриятлар, илоҳий борлиққа туташтирувчи риштани топа олмай бахти забун бўлган қаҳрамонларнинг аянчли қисматини бадиий тарзда талқин этишга ҳаракат қилдим".

Қуйида муаллифнинг айни шу қиссасидан парчалар келтираяпмиз. Ишонамизки, ўзингиз учун катта адиб, катта асар кашф қиласиз.

* * *

...унинг бу кўҳна дунёга келиши, илк марта гўё она қорнидаги тафтли ва оромбахш ҳаёти бузилганидан кўнгли қаттиқ озор чеккандек, дафъатан чинқириб йиғлаб юбориши жисму жуссамдаги мудроқ тортган туйғуларимни бирдан жунбишга келтирган, тушкун ва зерикарли, имиллаб кечаётган ҳаётимга ранг ва мазмун олиб кирган эди, йўқ, йўқ, унинг дунёга келгани ҳақидаги хушхабарни эшитиб туриб, гўё узоқ йиллардан буён ҳаётнинг қоронғи пучмоқларидан жоним ҳалак бўлиб излаб юрган муқаддас нарсани кутилмаганда топиб олгандек, қувончдан ўзимни буткул йўқотиб қўйган, юрагим азбаройи орзиқиб кетганидан, тўйиб-тўйиб йиғлагим келган эди.

* * *

У менинг тўнғич фарзандим эди: у ҳақда ўйларканман, гўё кутилмаганда ҳаётнинг сирли кўчасига кириб қолгандек ақлим шошиб қолар, муқаддас битик сингари қадим аждодларимдан ўтиб келаётган, баъзан ноҳақ тўкилиб-сочилган, баъзан ғазабдан кўпириб тошган, баъзан эса, зулм ва қабоҳат кўз очирмаганидан тўнглаб қолган, аммо ҳеч қачон кўзи бекитилган булоқ сингари қуриб битмаган қайноқ қон энди унинг жажжи вужудида жимирлаб оқаётганини сира ақлу тасаввуримга сиғдира  олмас ва одам боласи яралгандан то йўқ бўлиб кетгунга қадар англаб бўлмас хилқат эканига иймон келтирардим.

* * *

Назаримда, бу дунёда одам боласи кўтариб юришига арзийдиган биронта ҳам исм қолмаган, барча  исмлар худди эскирган либос сингари аллақачон оҳори тўкилиб, путуридан кетган эди. Ҳа, ҳа, исмлар узоқ йиллар оғиздан-оғизга чайналиб ўтиб келаётганидан ўзининг улуғворлиги, жаранги ва жозибасини йўқотиб қўйган, у энди худди бойқуш чинқириғидек қулоққа хунук ва ёқимсиз эшитилар, гўё исм исм эмас, балки тавқи лаънат теккан кимсанинг иҳрашига ўхшаб қолган эди.

Йўқ, йўқ, тўғрироғи, исмда айб йўқ, балки одам боласи қўл урган жамики ёвузлик, жаҳолат ва тубанлик нуқси айнан исмга муҳрланиб қолган, нафақат муҳрланиб қолган, балки уни ўраб-чирмаб олган эди, шунинг учун қайси бир исмдан фаҳшнинг шилта ҳиди гуп этиб димоққа урилар, бошқа бир исм қонга ботган, яна бошқа бир исм эса тубанлик ва разолат тимсоли сифатида юракка ваҳм ва қўрқув солиб янграрди. Ким билади, эҳтимол, исм ҳеч қачон қариб-қартаймайди, абадий ёш ва кўркам, у ўз соҳибини қабргача кузатиб қўйиб, яна бир бошқа одамнинг елкасига "миниб" олиб, ҳеч нарса кўрмагандек яшайверади, деган фикрда ҳам жон бордир. Аммо мени, айни пайтда, кўнглимнинг бир четида ғимирлаб турган бошқа фикрлар қийнар эди: исм ҳам инсоннинг ўзи каби нечоғлик узоқ яшаса, шунчалик разолатга ботади, тубанлашиб кетади ва охир-оқибат, ҳеч ким унга ҳавас қилмай қўяди.

* * *

"Ҳа, биламан, тарихда шундай элат яшаб ўтган. Уларнинг исмга нисбатан ғалати муносабати, тўғрироғи, исмни илоҳийлаштириши бир пайтлар мени ҳам худди сизга ўхшаб қаттиқ ҳаяжонга солган эди. Лекин кейинчалик чуқурроқ мулоҳаза юритиб, ўйлаб қарасам, қорайимларнинг таназзулга юз тутиши ва тарих саҳнидан бутунлай йўқ бўлиб кетишига, аввало, уларнинг ўзи қаттиқ эътиқод қўйган ана шу маросим сабаб бўлган. Нега дейсизми? Бунинг изоҳи жуда оддий: қорайимлар ўзига муносиб исм ололмаган ношуд ўспиринни ўйлаб ҳам ўтирмай қабиладан ҳайдаб солишган. Яъни, исмсиз кимсани ҳеч ким қорайим санамаган. Йиллар ўтиши билан ўзига муносиб исм ололмаган ва қабиладан бадарға қилинганлар сони кўпайиб борган. Аҳвол шу даражага бориб етганки, қабилада бармоқ билан санарли беш-ўн нафар қорайимлар қолган холос. Бироқ шунда ҳам бу ўжар одамлар эски ақидадан воз кечишни хаёлларига келтиришмаган. Охир-оқибат, қорайимлардан ном-нишон қолмаган. Мана сизга, қандайдир ақидага кўр-кўрона эътиқод қўйиб яшашнинг оқибати".

* * *

...ҳаётда ҳеч ким ўзи бошидан кечириб, ишонч ҳосил қилмаган нарса ҳақида бунчалик қатъият билан гапира олмайди.

* * *

Баъзан ўғлимга тикилиб туриб, олис йиллар бағрида қолиб кетган болалик кезларимни жуда кўп қўмсардим. Айниқса, киндик қоним тўкилган қишлоқдан узоқда - мусофир шаҳарда яшай бошлаганимдан буён болаликдаги хотираларим ҳаётимнинг ажралмас бир бўлагига айланиб қолган эди. "Йўқ, - деб ўйлардим, - одам боласи аслида болалик даврини эмас, балки масрур туйғуларини соғинади, юрагини оғир кўланка сингари босиб ётган изтиробу аламини унутиб, шафқатсиз дунёнинг юзига яна бир марта гўдак назари билан қарашни, болаликнинг ўзи каби содда ва беғубор қиёфада кўришни истайди".

* * *

...одам боласи асли фаришта қавмидан яралгани, унинг кўнгил интилиши, бўй-бастидан ҳамиша анвойи гулларнинг муаттар ҳиди уфуриб туриши, бу қаримсиқ дунё унга жирканч ва ёвуз нарсалардан бетиним сабоқ бериб, ўз изму ихтиёрига солишга уринмасин, барибир, кўнглининг тубида милтираб турган гўзаллик, меҳр-шафқатга ташналик ҳиссидан батамом маҳрум қилиб, ҳиссиз бир махлуққа айлантириб қўйишга ожиз эканлигига юракдан иймон келтирар эдим.

* * *

...мен юрагим куйиб, нечоғлик ўртанмай, барибир ўғлимга ич-ичимдан ҳавасим келарди. У гарчи бу дунёнинг бағрига бир нафасгина қўниб ўтган, ҳали бирор-бир ниманинг номини билишга ҳам улгурмаган бўлса-да, биз ҳеч қачон хаёлимизга келтирмаган, аммо ҳаётнинг маъно-мазмуни ва мезони саналган ўша муқаддас нарсани гўдак тасаввури билан англаб етган ва бир кўришдаёқ унга ошуфта бўлиб қолган, бу сирли хилқат унинг масъум хаёлларини юксак-юксакларга парвоз қилдирган, митти юрагини жунбишга солган, ёр ҳажрида ўзини унутган ошиқ сингари бутун вужуди билан унга томон интилган, интила туриб юраги туйғуларга тор келганидан нолаю фиғон қилган, қувончдан қийқириб юборган, аммо унинг қувончу ноласи, аламу изтироблари худди аллакимнинг бефаросатларча ташлаган қадамидан кўзи бекилиб қолган муқаддас булоқ сингари кўнглининг туб-тубида қолиб кетган эди.

* * *

Ахир, бу дунёда нималар унутилмайди, қандай муқаддас туйғулар эскириб бурда-бурда бўлган либос каби йўқолиб кетмайди, дейсиз? Бу дунёда аввал бошдан ҳамма нарса унут бўлишга маҳкум этилмаганми?!

* * *

Ким қандай ўйлайди, билмайман, аммо бу ҳаётда одамнинг дўсти жуда кам бўлади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!