Меню

Қашқадарё

08.01.2021 1561

Бозорлардаги ноқонуний “обналичка”чи ва “валютчик”лар нега ҳалиям бемалол ишлаб юришибди?

Юртимизда ноқонуний равишда валюта айирбошлаш ёки пластик карталардаги пулни нақдлаштириш билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳали-ҳамон фаолиятини давом эттиришига қайсидир маънода айрим одамларимизнинг соддалиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Бундай фикрни Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ўтказилган матбуот анжуманида республика Марказий банки вилоят бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Ражабов билдирди.

Мутасадди “Qashqadaryo” газетаси мухбирининг “валютчик”лар ва “обналичка”чилар тўғрисидаги саволига жавоб берар экан, бундай шахсларнинг ноқонуний хизматларидан асосан жуда содда, банкомат ишлатишни яхши билмайдиган фуқаролар фойдаланишини таъкидлади.

- Пластик картадан пул ечиб олмоқчи бўлсангиз, ҳар бир банк ёки савдо маркази олдида банкоматлар турибди, - деди Ф.Ражабов. – 1 фоиз хизмат ҳақи эвазига нақд пул олсангиз бўлади. Кўчада терминал кўтариб юрган шахслар ҳам 1 фоиз ёки айрим ҳолларда 1,5-2 фоиз “хизмат ҳақи” олишаяпти ва айрим одамларимизнинг соддалигидан фойдаланишаяпти... Ё бўлмаса, банкоматда валюта турибди. Ҳар бир киши хоҳласа, валюта олиши мумкин, хоҳласа, валюта қўйса, нақд пул чиқариб беради. Масала йўқ. Аммо баъзи кишилар банкоматдан фойдаланишни билишмайди...

Шунингдек, Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи кейинги пайтларда бундай ноқонуний йўллар билан даромад топаётган кишилар сони олдингига нисбатан анча камайганлигини ҳам қайд этиб,  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уларнинг фаолияти билан шуғулланиши ва соҳада қулайликлар кўпайгани сайин бу жараён ўз-ўзидан тартибга киришини айтди.

Матбуот анжуманида эълон қилинган маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятимизда 2 миллион 135 мингтага яқин банк карталари (шундан 378,7 мингдан ортиғи “HUMO” картаси) муомалага чиқарилган. Жойларда 465 та банкомат, шундан 278 та “HUMO” миллий тўлов тизими банкоматлари, 66 та валюта айирбошлаш функцияли банкоматлар, 142 та инфокиоскалар, 27,9 мингдан ортиқ тўлов терминали, шу жумладан, қарийб 11,4 мингта “HUMO” терминали орқали хизмат кўрсатилмоқда.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!