Меню

Қашқадарё

18.09.2018 2201

БОЗОРДАГИ ТАРОЗИЛАР ТЎҒРИ ИШЛАЙДИМИ? БУНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?

Шу боис қадим-қадимдан бозордаги тартиб маҳаллий амалдорлар томонидан қаттиқ назорат қилинган. Улар молнинг сифати, нархи билан бир қаторда, тарозининг тўғрилигига эътибор қаратган. Бу ўринда биргина “Алпомиш” достонини эсланг. Достонда Қалмоқ подшосининг қизи – Товка ойим Тойчи вилоятидаги “Янги бозор” номли кичкина бозорга раислик қилади. У ўз ёрдамчилари – канизакларини бозорни назорат қилиш учун жўнатар экан, шундай уқтиради:

Қирқин қизлар абжир бўлиб туринглар,

Ҳаялламай “Янги бозор” боринглар,

Косибларнинг тарозисин кўринглар,

Тошини тўғрилаб бунда келинглар.

Ўз бекаларидан топшириқни олган канизаклар бозорга етиб бориб, энг биринчи галда сотувчиларнинг тош-тарозисини назоратдан ўтказади.  Достонда бу ҳолат шундай баён этилган:

...Қаламисин бунда ўлчаб кўради,

Ўлчовдан қочганга ташвиш беради.

Бундан ўтиб қассобликни кўради,

Тошини тўғрилаб қизлар туради,

Тоши енгил чиқса, таъзир беради.

Бугунги кунда эса мамлакатимизда бозорлар фаолиятини амалга оширишнинг қонуний тартиб-тамойиллари ишлаб чиқилган. Унга кўра, бозорлар нарх-навонинг мутаносиблиги, сифатли маҳсулотлар сотилиши, санитария-гигиена қоидалари ва шу каби бир қанча талабларга жавоб бериши лозим. Жумладан, бозорда савдо қилаётган тадбиркорларнинг фақат қиёслов кўригидан ўтказилган, мувофиқлик сертификатига эга бўлган ўлчов тарозиларидан фойдаланиши бўйича ҳам аниқ тартиблар мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари”нинг 15-бандига кўра, савдо операциялари ўлчаш-тортиш воситаларидан (тарозилар, тарози тошлари, ўлчовли сиғимлар, метрлар ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган бозорларда метрологик қоидалар ва нормалар талабларига мувофиқ бўлган ўлчов анжомлари мавжуд бўлиши шарт. Худди шу ҳужжатнинг 23-бандида эса бозор ҳудудида сотувчилар (турғун савдо шохобчаларидан ташқари) фақат бозор маъмурияти томонидан тақдим этилган тарозилар ва бошқа ўлчов асбобларидан фойдаланишга мажбурлиги белгиланган.

Бу тартибларнинг ижросини назорат қилиш бозор маъмуриятидан тортиб, маҳаллий ҳокимлик, солиқ, прокуратура ва шу каби бир қатор ташкилот ва органларнинг вазифасига киради. Аммо уларнинг ҳеч бири амалда бунга кераклича эътибор қаратаётгани йўқ. Натижада айрим қаллоб сотувчилар виждонни унутиб, бемалол харидорнинг ҳақига хиёнат қилиши учун қулай шарт-шароит юзага келган. Вилоятимиздаги бозорларни кузатиб, у ердаги тош-тарозиларнинг ҳолатини кўриб, масъуллар, мутахассисларнинг изоҳини, харидорларнинг фикрларини тинглаб, бунга яна бир маротаба амин бўлдик.

Эътибор қилинг, “Қашқадарёбозорсавдо” уюшмаси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, айни вақтда вилоятимизда кунлик бозорлар билан қўшиб ҳисоблаганда 68 та бозор фаолият юритмоқда. Уларнинг 30 га яқинини бевосита деҳқон бозорлари ташкил этса, 50 дан ошиқ бозорда озиқ-овқат, дон-уруғ ёки шунга ўхшаш тарози воситасида ўлчанадиган маҳсулотлар сотилади. Ўрнатилган тартибга кўра, ана шу бозорлардаги барча тарозилар давлат қиёслов кўригидан ўтказилган бўлиши шарт. Бу қонун билан белгилаб қўйилибди. Ижросини таъминлаши керак бўлган масъуллар ҳам бор. Аммо...

- 2018 йилнинг 6 сентябрь ҳолатида вилоятимиздаги 22 та деҳқон бозорига тегишли бўлган 2028 та тарози давлат қиёслов кўригидан ўтказилган, - дейди  “Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси метрология бўлими бошлиғи Жамшид Тожиев. – Шундан, 108 таси паллали ҳамда 1920 таси электрон тарозилар ҳисобланади. Электрон тарозиларнинг 397 таси бевосита бозорда савдо қиладиган хусусий тадбиркорларга, қолгани эса бозорлар маъмуриятига тегишли. Шунингдек, 360 та тарози тоши қиёсловдан ўтказилган. Ўрнатилган жами назорат тарозилари сони эса 30 тани ташкил этади.

Энди ҳисоблаб кўринг, 50 дан ошиқ бозорда тадбиркорлар тарози воситасида амалга ошириладиган савдо-сотиқ билан шуғуллангани ҳолда, бор-йўғи 22 та бозордаги тарозилар қиёслов кўригидан ўтказилган. Ўттиздан ортиқ бозорда эса на бирор дона белгиланган тартибда қиёслов кўригидан ўтказилган тарози, на назорат тарозиси мавжуд!

Уларда сотувчилар истаган тарозидан фойдаланиб, ўзи билган усулда маҳсулотини ўлчаб сотмоқда. Харидор олаётган маҳсулотнинг килограмми тўғри эканлиги ҳақида ҳеч қандай кафолатга эга эмас.

- Бозорда инсофли сотувчилар ҳам бор, - дейди Косон туманилик Нодир Азизов. – Мисол учун, ҳафтанинг ҳар жума куни қишлоғимиздаги бозорда савдо қиладиган бир кишидан картошка, сабзи каби маҳсулотлар оламан. У ҳар доим маҳсулотни оғирроқ қилиб тортади. Тортиб бўлгач, идишга солгунча яна бир-икки дона сабзи ёки картошкани қўшиб юборади. Ўзида бировнинг ҳақи қолиб кетмасин дейди. Аммо, бундай худодан қўрқадиган сотувчилар қаторида харидорни алдаб, тарозидан уриб қолсам, дейдиганлари ҳам топилади. Яқинда бировидан 3 килограмм маҳсулот олдим. Нима учундир ҳажми анча камдек туюлаверди. Уйга келиб тортиб кўрсам, икки килодан сал кўпроқ экан. Бўлмаса пулига ҳам тортишмасдан, тўлиқ бергандим. Афсуски, бозорда ана шундай қаллоблар учраяпти. Уларни ҳеч ким назорат қилмайди, бу қилмиши учун жазога тортмайди.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш жоизки, юқорида 22 та деҳқон бозоридаги тарозилар давлат қиёслов кўригидан ўтган, дедик. Лекин бу уларда ҳаммаси жойида эканлигини билдирмайди. Келинг, вилоятимиздаги энг катта деҳқон бозорлари ҳисобланган Қарши марказий (озиқ-овқат) деҳқон  ҳамда “Ерқўрғон” (озиқ-овқат) деҳқон  бозорларидаги ҳолатни таҳлил қиламиз.

“Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази” томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Қарши марказий (озиқ-овқат) деҳқон бозорида жами 485 та савдо ўрни мавжуд бўлиб, шундан тарози талаб этиладиган ўринлар сони 280 тани ташкил этади. Айни пайтда бозорда иккита савдо ўрни учун бир дона ҳисобига 140 дона электрон тарози қиёслов кўригидан ўтказилиб, улардан фойдаланишга рухсат берилган. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Бозорда тарозилар етишмовчилиги мавжуд эмас. Лекин бу масъул ташкилотлар ўзини ишонтириб, керак бўлса юқори идораларга тақдим этиб келаётган ҳисобот ва у бозордаги ҳақиқий аҳволдан анча узоқ.

Ўзингиз ўйланг, тарози аталмиш матоҳ қаҳат бўлмаган бугунги кунда қайси икки тадбиркор ўзаро бирикиб, битта тарозидан фойдаланиб ўтиради?! Ҳеч қайси! Айнан ушбу бозорни бир неча кун давомида кузатиб, шунга амин бўлдим. Қайтага, айрим тадбиркорлар бирйўла икки, учтагача тарозидан фойдаланаётган бўлса, қолганларида ҳам ҳеч бўлмаганда битта тарози мавжуд.

Юқоридаги ҳисоботнинг бозордаги ҳақиқий ҳолатдан узоқлигини кўрсатувчи яна бир жиҳат шундаки, унда қиёсловдан ўтказилган тарозиларнинг барчаси янги турдаги электрон тарозилар эканлиги айтилади. Лекин бозорни кузатсангиз, бу ерда тарозининг исталган турини учратасиз. Ҳатто, аллақачон музейдан жой олиши керак бўлганлари ҳам бор. Демакки, бозордаги тош-тарозиларнинг барчаси тўғрилигига ҳеч қандай кафолат мавжуд эмас.

Мазкур ҳолатга изоҳ сўраб, Қарши марказий (озиқ-овқат) деҳқон бозори раҳбари Ойбек Пўлатовга юзландик. У эса ташвишлардан тўлиб-тошиб турган экан шекилли, дардини ёя кетди.

-  Бизда тарозиларнинг етишмаслиги бор гап, - дейди у. – Аслида сотувчиларни тарози билан тўлиқ ўзимиз таъминлашимиз, қиёсловдан ўтмаган тарозилар билан савдо қилишга рухсат бермаслигимиз лозим. Аммо ишонсангиз, июнь ойида бозорни 800 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик билан қабул қилиб олдим. Аввалги раҳбарлар қаёққа қарашган, нима қилишган, билмайман, бу билан ваколатли органлар шуғулланишмоқда. Бор гап шуки, ҳозир зиммамизда катта миқдорда қарздорлик мавжуд. Ҳисоб рақамларимиз ҳам ёпиб қўйилган. Айни пайтда фақат қарздорликни тўлаш билан бандмиз. Шунга қарамай, имкониятдан келиб чиқиб, яқинда яна 15 дона янги тарози харид қилдик. Тез орада барча расталарни тўлиқ электрон тарозилар билан таъминлаймиз. Ўзим ҳам барча ишни қонуний тарзда йўлга қўйиш ҳаракатидаман, лекин бу жуда қийин бўлаяпти.

“Ерқўрғон” (озиқ-овқат) деҳқон бозорида ҳам худди шундай ҳолат. Келтирилган маълумотга кўра, бозорда 485 та савдо ўрни мавжуд бўлиб, шундан 294 тасини тарози талаб этиладиган савдо ўринлари ташкил этади. Бу ерда ҳам қиёсловдан ўтказилган тарозилар икки савдо ўрнига бир донадан қилиб ҳисобланган ва четдан қараганда бу борада муаммо йўқдек. Аслида эса кўпчилик сотувчилар қиёсловдан ўтказилмаган тарозилардан фойдаланмоқда.

Бозорда қиёсловдан ўтмаган, ўзи хоҳлаган тарозидан фойдаланаётган сотувчилар истаганча топилади. Кузатиб юриб, синов учун шу ерда ёнғоқ сотаётган бир аёлдан маҳсулот харид қилдик. У чўзиладиган пружинали тарозида бир килограмм маҳсулотни ҳатто ошиғи билан ўлчаб берди. Кейин уни олиб, худди шу ердаги бошқа бир тарозига қўйдик. Қарангки, бир кило деб олган маҳсулотимиз нақ 800 грамм чиқиб турса. Буни кўриб турган сотувчи аёл гўёки ҳеч нарса бўлмагандек яна бир ҳовуч ёнғоқни қўшиб бериб, хатосини тўғрилаб қўя қолди (ушбу ҳолат акс этган видеофайл ҳам мавжуд). Аниқки, унинг фириби бизга ўтмаган бўлса-да, бошқа ўнлаб харидорларга ўтади. Ҳамма ҳам сотиб олган маҳсулотининг ҳажмини ўлчаб кўриш учун бошқа тарозига ёки бозорнинг нариги четида турган назорат тарозисига олиб бормайди.

Ўйлаб кўринг, сотувчи нархи 10 минг сўм бўлган бир килограмм ёнғоқдан 200 грамм уриб қолмоқда. Бу икки минг сўм дегани. У бир кунда 100 килограмм маҳсулотни шу тахлит сотса, харидор чўнтагидан 200 минг сўм пул ўғирлаган бўлади. Ўн кунда эса 2 миллион! Агар бозорда шундай сотувчидан 100 та бўлса-чи? Улар бир йил давомида одамларнинг чўнтагидаги қанча пулни ўғирлашади?! Буни энди ўзингиз ҳисоблаб олаверинг!

Хуллас, вилоятимиздаги энг йирик иккита бозорда, янаям аниқроқ қилиб айтганда, барча тарозилари қиёсловдан ўтказилган, бу борада муаммо йўқ, дея кўрсатилган бозорлардаги ҳолат шундай экан, қолганлари ҳақида, айниқса, бирорта тарозини қиёсловдан ўтказмаган, ҳатто назорат тарозилари ҳам мавжуд бўлмаган яна ўттиздан ошиқ бозор ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўйлаймизки, масъуллар бу ҳолатга жиддий эътибор қаратишади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!