Меню
Қашқадарё
Бозордаги ёнғиндан савдогарлар қанча зарар кўрган?
Вазият
Шу йил 31 август куни "Китоб деҳқон озиқ-овқат бозори" масъулияти чекланган жамияти ҳудудида содир бўлган ёнғин оқибатида ушбу бозорда савдо фаолияти билан шуғулланувчи 36 нафар фуқарога 1,6 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда моддий зарар етказилган.
Бозордаги ёнғиндан моддий зарар кўрган шахслар рўйхати Китоб тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси И.Насриддиновнинг Китоб тумани ҳокими Ў.Пардаевга жорий йил 4 сентябрда ёзган хатига илова қилинган. Руйхатда 36 нафар киши, шу жумладан, 26 нафар хотин-қизнинг исм ва фамилиялари келтирилган, уларнинг ҳар бирига етказилган зарар миқдори эса 2 миллион сўмдан 186 миллион 370 минг сўмгача қилиб кўрсатилган. Умумий миқдори 1 миллиард 605 миллион 539 минг сўмни ташкил этмоқда.
- Китоб туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан 2023 йил 31 август куни "Китоб деҳқон озиқ-овқат бозори" МЧЖ ҳудудида содир бўлган ёнғин юзасидан ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва омиларини аниқлаш борасида терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда, - дейилади хатда. - Мазкур ҳолат юзасидан бозор ҳудудида савдо фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга ёнғин оқибатида моддий зарар етказилган бўлиб, ушбу шахсларга келгусида моддий ёрдам кўрсатишингизни сўрайман.
Маълумотларга кўра, "Китоб деҳқон озиқ-овқат бозори" МЧЖ таъсисчиларининг 5 сентябрдаги умумий йиғилиши баёни ва Китоб тумани ҳокимининг 8 сентябрдаги фармойишига биноан ёнғинда моддий зарар кўрган тадбиркорлар 3 ой муддатга бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатилган хизматлар учун бошқа тўловларни амалга оширишдан озод этилган.
Эътиборли томони, Китоб тумани ҳокимлигининг расмий Telegram-каналида шу йил 31 август куни Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг "Китоб туманида содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот"и жойлаштирилган. Унга кўра, мазкур ёнғинга 5 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилиниб, улар бозорга соат тахминан 03.58 ларда (яъни хабар берилган вақтдан сўнг 5 дақиқа ичида) етиб борган, соат тахминан 04.38 ларда эса ёнғин тўлиқ ўчирилган.
- Ёнғин оқибатида 3 та хўжалик моллари савдо дўконининг 36 метр квадрат майдони ички ва том қисми ёниб зарарланган, - дейилган хабарда. - Қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракати натижасида бозорнинг 2700 метр квадрат майдони сақлаб қолинган.
Қизиғи, Китоб тумани ҳокимлигининг расмий Telegram-каналида ҳозир ҳам жойлаштирилган бу маълумотни вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси каналида топиб бўлмаяпти. Тўғри-да, ёнғин оқибатида атиги учта дўкон зарарланиб, бозорнинг минг-минглаб квадрат метр майдони оловдан сақлаб қолинган бўлса, 36 нафар савдогар қаердан миллиардлаб зарар кўради?
Ўз мухбиримиз