Меню
Қашқадарё
БОЗОР ЁНСА, КИМ ЖАБР КЎРАДИ?
Хўш, вилоятимиздаги бозорлар бундай нохуш ҳолатлардан йироқми? Уларда ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя этилаяптими?
Вилоят ҳокимлигида бозорларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.
Таъкидланганидек, ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан бозорлар, у ердаги савдо дўконларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилганда, жуда кўп камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича аввал ҳам бозорлар раҳбарларига, тадбиркорларга тегишли огоҳлантириш хатлари берилган, аммо камчилик бартараф этилмаган.
- Сўнгги йилларда юртимиздаги бозорлар инфратузилмаси янада яхшиланди, - дейди йиғилишда сўзга чиққан вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев. - Уларда сотувчилар ва харидорлар учун зарур қулайликлар яратилган. Бироқ, айрим тадбиркорларимизнинг бозор ёки бозор атрофида ноқонуний қурилишларни амалга ошириши, савдо объектларини қуриш ёки жиҳозлашда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслиги каби ҳолатлар борки, бу нафақат ўша фуқаронинг ўз ҳаёти ва мол-мулки, балки атрофдагилар учун ҳам хавф туғдиради.
Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, бозор ва савдо расталарида содир бўлаётган ёнғинларнинг аксариятига электр сим ва кабелларнинг талаблар асосида монтаж қилинмагани, электр жиҳозларининг назоратсиз қолдирилиши сабаб бўлмоқда. Ана шундай бепарволик натижасида жорий йилнинг 8 август куни Яккабоғоғ туманидаги "Яккабоғ-Истиқлол" деҳқон (озиқ-овқат) бозори" МЧЖ ҳудудида жойлашган савдо дўконида ёнғин содир бўлди. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин кенг майдонга тарқаб кетишининг олди олинди. Акс ҳолда, талафот жуда катта бўлиши мумкин эди.
Назорат тадбирлари давомида Қарши шаҳридаги "Қарши савдо мажмуаси" МЧЖ, Қарши марказий буюм савдо комплекси, "Китоб деҳқон (озиқ-овқат) бозори" МЧЖ, "Қаландартепа" буюм бозори МЧЖ, Шаҳрисабз туманидаги "Янги-Кеш деҳқон (озиқ-овқат) бозори" МЧЖ ва яна бир қатор бозорлар ҳудудида электр энергияси манбаларидан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Энг ёмони, йиллар давомида бу камчиликлар бартараф этилмай келинмоқда.
Барчамиз яхши биламизки, содир бўлган ёнғинларни ўчириш учун кўп миқдорда сув талаб этилади. Шу боис, бозорлар ҳудудида сув сақлаш сиғимлари барпо этилган бўлиши лозим. Аммо бугун айрим бозорлар ҳудудида бундай ҳовузлар қурилмаган, борлари ҳам тўлдирилмаган ёки аллақачон яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бунга мисол қилиб "Муборак деҳқон (озиқ-овқат) бозори" МЧЖ, Косон туманидаги "Фаровон-омад" савдо комплекси МЧЖ, "Косон деҳқон (озиқ-овқат) бозори" МЧЖ, , Ғузор туманидаги "Карвон савдо комплекси" МЧЖларни келтириш мумкин. Оддийгина камчиликни ўз вақтида бартараф этмаслик эса оғир оқибатларга олиб келиши муқаррар.
Мисол учун, 2018 йилнинг 14 май куни Қарши шаҳридаги "Нахшаб соҳил бўйи" МЧЖда ёнғин содир бўлган. Воқеа жойига ўт ўчирувчилар ўз вақтида етиб келишган. Аммо бозор ёнида сув захираси йўқлиги боис, уни узоқ жойдан ташиб келтириш учун кўп вақт йўқотилган, натижада ёнғиннинг талафоти ҳам ошиб кетган эди. Шундан сўнг, бозор маъмурияти бу борада жиддий огоҳлантирилган, бироқ, ҳали-ҳануз камчилик бартараф қилингани йўқ.
Ёки "Қарши савдо мажмуаси" МЧЖни олайлик. Мазкур бозор бир неча йилдан буён ёнғин хавфсизлиги борасидаги меъёрий ҳужжатларга зид равишда фаолият юритиб келмоқда. Бозор фаолиятини вақтинчалик тўхтатиш бўйича Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 17 октябрь кунидаги ҳал қилув қарори чиқарилган. Лекин бозор маъмурияти суд қарори талабларини ҳам бажаргани йўқ.
Шунингдек, йиғилиш давомида бозорларда учрайдиган ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ яна кўплаб камчиликлар санаб ўтилди. Ҳар бир бозор эгаси, туман ҳокимлиги масъул ходимлари ўзлари йўл қўйган камчиликлар бўйича жиддий огоҳлантирилди.
Жасур ЖАББОРОВ,
вилоят ЁХБ бўлим бошлиғи, подполковник.
Ж.БОЙМУРОДОВ,
журналист