Меню
Қашқадарё
БОТИНДАГИ МУНОЗАРА
Тўғриси, ўша кунлар пулга эҳтиёжим зиёда эди. Бунинг устига унинг иши билан автобусга “осилиб” юриш жонга тегиб, бир-икки сафар таксига ҳам ўтиргандим. Лекин шу тобда тушлик унинг ҳисобидан бўлгани учун жим қолдим. Ичимда бир ғулғула - “Тўрт-беш сўм ол. Ахир ишини битириб бердинг. Бу сенга ҳалол бўлади”, дерди. Буни кейинроқ гаплашамиз, дедим. Ўша дамларда китоблар ёрдамга келди. Ишонаверинг...
Дастлаб, ўзбек адиби Баҳодир Қобулнинг “Эна шамол” асарини ўқий бошладим. Ўзимдан уялиб кетдим. Онам кўз олдимдан ўтди. Айниқса: “Яхши тил тишнинг қамоғида бўлади. Тил қамоқда етишади... Қилични тиғи бир, тилники қирқ бўлармиш. Сўзлаган тилни сири қочармиш...”, жумлаларини ўқиганда яхшиям тамали сўзларни айтмаган эканман, деб ўзимни овутдим.
Ичимдаги ҳалиги овоз эса: “пулни олмай бекор қиласан-да, балки қора кунингга яраб қолар”, дерди. Китобда унга жавоб бор экан: “Пулга ружу қўйгандан одам чиқмайди. Катта кетгач, пулни санаб, “қора куннинг яроғи”, деб сандиққа ташлагандим... Аслида қора кунни кўкайдан чиқариб яшаш лозим экан. Тиш берган ризқ ҳам беради, нимадан истасанг шундан беради. Ҳамма нарсани пул ҳал қилади, деган тасаввурлар алдоқчи. Одам пули ёки мол-дунёсини йўқотганда кўнгли изтироб чекмаса, ўзини юкдан халос бўлгандек ҳис этсагина яшашнинг маъниси бошланар экан. Поклик ҳеч қачон, ҳеч нарсага алишилмас, сотилмас экан. Сотилган заҳоти ўларкан...”.
Атрофга сукунат чўккан, мен ҳам сукутда эдим. Ички таъқибдан қочиш учун яна ўқий бошладим: “Сукунатни жонсиз демайдилар. Сукунат жонсизлар учун жонсиздир... Ҳеч кимнинг ҳеч нарсаси йўқ, кўз билан кўриладиган, қўл билан ушланадиган нарсалар омонат эмиш. Фақат чўнтакка солиб бўлмайдиган, эшакка ортилмайдиган, зўравонни зўриям минг истаса-да эга чиқолмайдиган нарсалар одамнинг ўзиники эмиш...”
Бу гапдан кейин ичимдаги овоз тинди. Мен эса ўзимники бўлган бир нарсани ўзимники бўлмаган ва ҳеч қачон бўлмайдиган бир нарсага алмашиб юбориш остонасида турганимни англадим. Асар қаҳрамони бўлмиш овчи сўзида давом этарди: “Авомга эрмак, хосга ибрат, тентакка ҳикмат бўлган дунёни тириклик дейдилар... Одам боласи тоғу тош, дов-дарахт, қушу қузғун, боши устидаги осмон, оёғи остидаги ерга қараяпман, деб ўйлаганда хато қиларкан. Аслида улар одам боласи ҳолига қараётган бўларкан. Ё ҳавас, ё нафрат билан...”.
***
Энди ўзимни тафтиш қилиш бошланганди. Қачон бу ҳолга келиб қолганимни эслашга, айбимни кимгадир ағдаришга уриндим. Шунда жаҳон адиблари А.Чехов ва В.Короленко асарлари жамланган бир китоб юпанч бўлди: “...турмушдаги хурофотлар, шунинг сингари ярамас ва қабиҳ ишлар ҳам керак, чунки бора-бора гўнгдан қора тупроқ ҳосил бўлганидек, булардан ҳам бир эзгулик пайдо бўлади...”.
Саҳифалар яна шундай уқтирарди: “Ақл инсон билан ҳайвон ўртасига қатъий чегара қўяди ҳамда инсоннинг илоҳийлигига ишора қилади ва унга аслида бўлмаган бир қадар абадийлик бахш этади. Бундан чиқди, ҳузур-ҳаловат берадиган ягона манба ақл экан. Модомики атрофимизда ақлни кўрмас ва эшитмас эканмиз, демак биз ҳузур-ҳаловатдан маҳруммиз. Киши ҳаловати ташқи шароитда эмас, унинг ўзида...”.
Тиниқа бошладим. Боягина мени исканжага олган муаммолар майдалашиб қолди.
Чехов навбатни Короленкога берди. У эса гапини бир кўзи ожиз мусиқачининг ҳаёт йўлини ҳикоя қилишдан бошлаб: “Болани ҳаракат қилиш заруриятидан сақлайдиган беҳуда ғамхўрлик уни мукаммал ҳаёт кечириш учун бўлган ҳамма имкониятдан маҳрум этади”, деди салмоқлаб.
“Мустақил яшашнинг шодлиги ва азоб-уқубатини тотиб кўрган ҳар бир кимса маълум ёшга етганда, озми-кўпми даражада руҳий танглик даврини бошдан кечиради...”. Бу билан гўё менга тасалли бераётганга ўхшарди. Буни эплади ҳам.
Воқеалар ривожида учала кўзи ожизнинг бир жойдаги тасвири қаттиқ ҳаяжонга солди. Икки кўр ҳеч бўлмаганда тун ва тонгни фарқлай олишидан фахрланар, тўғрироғи, юпанар экан, учинчиси бундан мосуво экани, шунга қарамай у ўн ёшига қадар кўргани, шу боис онасини тушида кўра олиши ҳамроҳлари учун етиб бўлмас орзулиги таъсирли баён этилган. Уялганимдан китобни ёпиб қўяй, десам, “Бошлаганлар кўп-у, тугатганлар оз...”, деб турибди.
Бир ўринда кўзи ожиз кишининг югуришни ўрганганига шубҳа қилдим. Китобни қўйиб, уй ичида кўзимни юмиб югуриб кўрдим. Ҳаракатим беўхшовлигидан болаларим кулишди. Мен эса уларни бир умр кўра олмай қолишдан қўрқиб кетдим. Ҳис қилдимки, дунёнинг жами ганжига биргина кўзим нурини алмашмас эканман. Ҳолбуки, тўрт мучам соғ, яқинларим, бошпана, нон-ош, қўйингки, ҳамма нарсам бор экан. Оиламга ширин сўзлар айтдим. Улар эса мени ўзгартирган китобларга меҳр билан қарашди...
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ