Меню
Қашқадарё
БОШОҒРИҚ ЯНА КЎПАЙМАЙДИМИ?
Бугуннинг гапи
Карантин муносабати билан кўплаб абитуриентларни бу йил имтиҳонлар қачон бўларкан, ўзи умуман бўлармикан, деган савол қийнаб келаётганди. Эпидемиологик вазиятни эса кўриб турибсиз - бир яхшилангандай кўринади, бир қарасангиз, ҳар куни неча юзлаб одам вирус юқтиргани ҳақидаги хабарлар чиқиб турибди.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби, ниҳоят бу борада ҳам якуний тўхтамга келинди: олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошланади ва 14 кун давом этади. Тест натижалари имтиҳоннинг эртасига абитуриентнинг шахсий кабинетида эълон қилинади.
Яна бир янгилик шуки, имтиҳонлар стадионларда бўлиб ўтади. Бунда куннинг қулай вақти, майдоннинг соялик даражасига эътибор қаратилиши, абитуриентларга кепка берилиши, етарли шароит ҳозирланиши хусусида мутасаддилар айтишаяпти. Аввалгидай кузатув камералари ишлайди, ичкаридаги ҳолатга - Давлат тест маркази, имтиҳон топшириладиган объектга кириш жараёни учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жавоб беради.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқилса, имтиҳонлар стадионларда бўлиб ўтгани ҳар томонлама афзал. Демак, тест топшириш жараёнлари эрталабки ва тушдан кейинги салқинга мўлжалланади.
Энди бир ўйлаб кўринг. Агар имтиҳон тонгги салқинда бўлса, абитуриент стадион қошида камида тун ярмида пайдо бўлиши керак, ё кечқурун шу яқин-атрофда ётиб қолишига тўғри келади. Чунки авваллари 9 да бошланадиган имтиҳонлар пайти қандай "пробка" юзага келганини кўпчилигимиз яхши биламиз, кўпимизнинг бошимиздан ўтган. Демак, бу йил тест топшириш янаям эртачироқ ўтадиган бўлса, кўчадаги машинаю одамларни тартибга олишнинг имкони бўлмай қолиши кундай равшан.
Тушдан кейинги салқинда бўладиган имтиҳонга кириш учун эса талабгорлар куннинг авжи иссиғини кўчада кутиш билан ўтказишига тўғри келади.
Биласиз, имтиҳонга кирадиган ўғил-қизга ортиқча босим бўлмаслиги керак, ўқиган-билганини рўёбга чиқариш учун етарли шароит ҳам зарур. Тунни ухламасдан ёки куннинг энг иссиқ палласини кўчада ўтказган бола тестга кириб, нима "каромат" кўрсатиб чиқарди?
Албатта, бизга иқтидори борларнинг ўз имкониятини борича юзага чиқаргани керак. Ташқи омиллар таъсири билан унинг имтиҳондан йиқилганидан ҳеч ким ютмайди, аксинча, вақти келиб жамият ютқазиши мумкин.
Демак, имтиҳонлар жараёнида ана шу омиллар ҳам ҳисобга олиниши керак. Бусиз бўлмайди...
НАСРИДДИН