Меню
Қашқадарё
“Бош вазир қиссаси” тақдимоти
Қарши шаҳридаги Маънавият масканида Озод Пармонов, Поён Равшанов ҳаммуаллифлигида ёзилган “Бош вазир қиссаси” китоби тақдимоти ўтказилди.
“Бош вазир қиссаси” қизил империячилик даврида республика ҳукуматига 10 йил раислик қилган фидойи инсон Раҳмонқул Қурбонов ҳаёт йўлига умумий чизгилар бўлиб, эссе шаклида баён қилинган. Китоб икки қисмдан иборат. Дастлабки қисм Раҳмонқул Қурбоновнинг жияни, 1995-1998 йилларда Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Озод Пармонов ҳамда таниқли олим, адиб Поён Равшанов (1941-2020) томонидан 1994 йилда, салкам 30 йил илгари ёзилган. Иккинчи – “Оқланиш” деб номланган қисм яқин кунларда Озод Пармонов томонидан ёзиб тугалланди.
Қайд этиш лозим, Раҳмонқул Қурбонов 1961-1971 йилларда Ўзбекистон Министрлар Советига раислик қилган. Бу йилларда Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда обрў-эътибори ортишида, миллионлаб гектар янги ерлар ўзлаштирилишида, Тошкентда юз берган зилзила оқибатларини тугатишда унинг ҳиссаси залворли бўлган. Ўзбекистон халқи уни яхшилик билан эслайди, олижаноб раҳбар сифатида мудом ҳурмат қилади.
Тадбирда “Бош вазир қиссаси” китоби ўзбекнинг мард ва улуғ ўғлонлари қандай зиддиятли йўлларни босиб ўтганини теран англашга ёрдам бериши, бугунги ёшларни маънавий, ахлоқий, мард инсонлар этиб тарбиялашда ўзига хос сабоқ вазифасини бажариши таъкидланди.
Б.САЙФИЕВ