Меню

Қашқадарё

16.11.2017 1941

БОШ ҚОМУСИМИЗ – МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ МАНБАСИ СИФАТИДА

Маъмурий судларнинг ташкил этилиши эса Асосий қонунимизнинг 110-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланиши билан боғлиқ конституциявий норманинг амалга оширилишини таъминлайди.

Шуниси аниқки, ихтисослашган судлар судга тааллуқли ишларни ўз вақтида, сифатли кўриш ва ҳал этиш имконини яратиб, одил судлов самарадорлигини оширади. Ўз навбатида мамлакатимизда маъмурий судларни ташкил этиш зарурати қуйидаги омиллар билан ҳам белгиланади:

жиноят қонунчилиги тобора либераллаштирилиб, айрим қонунбузарликлар учун белгиланадиган жазо чоралари босқичма-босқич жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилиши;

судларда кўрилаётган фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишларига қараганда  маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги  ишларнинг кўплиги;

фуқароларнинг давлат бошқарувига оид ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд тартибида ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш зарурати;

давлат бошқаруви органлари, мансабдор шахслар фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, бу соҳада суд назоратини такомиллаштириш талаб этилаётгани.

Маълумки, Конституциямизнинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Маъмурий судлар эса фуқароларнинг мазкур ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишининг  мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилади.

Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонун 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси лойиҳасини тайёрлаш назарда тутилди. Бу эса оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни маъмурий судлар томонидан кўриш ҳамда ҳал этиш тартибини назарда тутувчи махсус процессуал қонунчилик кучга киришида муҳим туртки бўлди.

Эндиликда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни судда кўриш тартибига оид нормалар Фуқаролик процессуал кодексидан чиқарилиб, янада такомиллаштирилган ҳолда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдан ўрин олади. Шуни ҳам айтиш жоизки, таҳлиллар кўплаб ривожланган давлатларда маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисидаги кодекс амал қилишини кўрсатмоқда.

Бинобарин, мамлакатимиз Конституциясида фуқаролик, жиноий ва иқтисодий суд ишлари билан бир қаторда маъмурий суд ишларини юритиш алоҳида соҳага ажратилгани, қолаверса, маъмурий процесс бошқа суд ишларини юритишдан ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туриши бу борада алоҳида кодекс қабул қилинишини тақозо этади. Судда маъмурий ишларни юритишнинг фуқаролик процессидан ажратиб турадиган муҳим жиҳати - унда бир тарафдан албатта мансабдор шахс (давлат бошқаруви органи) қатнашишидир. Фуқаролик-процессуал муносабатларда эса ҳар иккала томондан ҳам ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадини кўзловчи фуқаролар-мулкдорлар иштирок этиши мумкин. Маъмурий суд ишларини юритишда мансабдор шахслар хусусий шахс сифатида эмас, балки ўзи фаолият кўрсатаётган идора, ташкилотнинг вакили сифатида иштирок этади. Шикоятчи низолашаётган ҳолат ҳам ушбу шахс томонидан ўз хизмат вазифасини бажаришга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида  талқин этилади. Бир сўз билан айтганда, маъмурий суд ишларини юритиш ўзида бир тарафда фуқаро, иккинчи тарафда эса мансабдор шахс (ижро ҳокимияти органи) ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этишнинг махсус процессуал тартибини белгилайди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз Конституцияси янги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг асосий манбасидир. Бинобарин, Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган суд ишларини юритишнинг муҳим конституциявий принциплари, яъни судьяларнинг мустақил эканлиги ва фақат қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилиши, суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий эканлиги, Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилиши, суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланиши, ҳимояланиш ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай  босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқининг кафолатланиши каби принциплар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида ҳам ўз ифодасини топади.

Бу ўз навбатида маъмурий судларда фуқаро ёки тадбиркорнинг қонунан кафолатланган ҳуқуқлари юзасидан давлат органи билан ўзаро тортишиш имкониятига эга бўлишини кафолатлайди.

Умуман олганда, Бош қомусимиз асосида қонунчиликка жорий қилинаётган мазкур ўзгаришлар фуқароларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд тартибида ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш ҳамда давлат бошқаруви органларининг фуқаролар ва ташкилотларга дахлдор бўлган хатти-ҳаракатлари (қарорлари) қонунийлиги устидан суд назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

Бобур КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия  вазирлиги бўлим бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!