Меню
Қашқадарё
БОШ МАҚСАД - ТИНЧЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ, ФАРОВОНЛИКНИ ЮКСАЛТИРИШ
24 октябрь - БМТ ташкил топган кун
Маълумки, дунёда тинчликни сақлаш миллатлар ва халқларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини, давлатларнинг ихтиёрий равишда бирлашишини тақозо қилади. Айни шу мақсад рўёби йўлида Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабадан сўнг мустақил давлатларнинг тенглиги асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилган.
Аслида бундай ташкилот тузиш ҳақидаги дастлабки фикрлар 1942 йилда гитлерчи давлатларга қарши кураш олиб бораётган мамлакатлар раҳбарлари томонидан ўртага ташланган эди. 1943 йилда АҚШ, Буюк Британия, собиқ иттифоқ ва Хитой ташқи ишлар вазирликлари қўшма кенгашида БМТ ҳақидаги фикр аниқ баён қилинган. Ташкилот низоми эса 1945 йил 24 октябрда кучга кирган эди. Шу боисдан мазкур сана БМТ ташкил топган кун сифатида кенг нишонланади.
Бугун мазкур ташкилот мамлакатлар ва халқлар ўртасида тинчликни сақлаш, ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш воситаси сифатида бўй кўрсатмоқда.
Ўзбекистон ушбу нуфузли ташкилотга 1992 йил 2 мартда аъзо бўлиб кирди. БМТ Бош Ассамблеясининг ҳар йили сентябрда ўтказиладиган сессияларида давлат раҳбарлари чиқиш қилиб, жаҳон аҳли эътиборини муҳим масалаларга қаратадилар.
Жумладан, шу йил 23 сентябрь куни пандемия туфайли видеоанжуман шаклида ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида давлатимиз раҳбари илк маротаба ўзбек тилида нутқ сўзлади. Президент ўз маърузасида халқаро ҳамжамият эътиборини минтақавий ва глобал аҳамиятга эга бўлган долзарб масалалар юзасидан Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишини тақдим этди. Президентимиз ўз нутқида қўшни давлатлар билан ҳамжиҳатликда минтақада тинчликни сақлаш, барқарорликни таъминлаш долзарб масала эканига алоҳида урғу берди.
Қолаверса, Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилишимиз, 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини ечиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишда янги босқич бўлгани, минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида "Сурхон - Пули Хумри" электр узатиш тармоғини, Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга киришилгани қайд этилди.
Президентимиз нутқида таъкидланганидек, давримизнинг ўткир муаммоларидан яна бири - глобал иқлим ўзгаришларидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда.
"Эътиборингизни яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратмоқчиман. Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айланди. Биз мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқдамиз", деди Шавкат Мирзиёев.
Мавжуд вазият инобатга олиниб, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилди.
Шу куни Президентимиз дунёда камбағалликни ва қашшоқликни тугатиш бўйича махсус кодекс ишлаб чиқишни ҳам таклиф этдики, бу каби кўплаб таклифлар нафақат юртимиз, балки жаҳон мамлакатлари аҳолиси манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Жаҳондаги энг нуфузли ташкилот тузилганига бу йил 75 йил бўлди. Ўйлаймизки, дунёда тинчлик-осойишталик, фаровонлик таъминланишида ташкилотнинг ўрни янада юксалиб бораверади.
Панжи САЙДУЛЛАЕВ,
Қарши давлат университети доценти, фалсафа фанлари номзоди