Меню

Қашқадарё

10.08.2021 1879

Бошқарма бошлиғи интизомий жазо олди

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Юсуповга нисбатан вилоят ҳокимининг 2021 йил 7 августдаги тегишли қарори билан "Белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлиги, ходимларига нисбатан қўпол муомалада бўлганлиги ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида ўзини муносиб тутмаганлиги учун" Меҳнат кодексининг 181-моддаси биринчи бандига асосан "Ҳайфсан" интизомий жазоси қўлланилди.

Ёдингизда бўлса, яқинда ижтимоий тармоқларда Файзулла Юсупов ўзи раҳбарлик қилаётган тизим ходимлари иштирокида ўтказган йиғилишда қўл остидагилардан бирига ҳақоратли муносабатда бўлгани ёзилган аудио тарқалганди. Тезда ушбу овозли ёзув жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унинг юзасидан муносабат билдирган Қашқадарё ҳокимининг матбуот котиби: молия бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Юсупов ходимлари билан ўтказган йиғилишда Косон тумани молия бўлими бошлиғи Ш.Сафаровга нисбатан қўпол муомалада бўлганлиги ҳокимлик томонидан ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилгани; мансабдор қатъий огоҳлантирилгани; унинг масъулиятини кўриб чиқиш юзасидан Молия вазирлигига тақдимнома киритилганини айтган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. "Ҳайфсан" - ким учундир шунчаки қонунчиликда белгиланган меҳнатга оид оддий бир интизомий жазо чораси бўлиб кўринар. Ваҳоланки, ушбу жазо чораси қўлланилган масъул ходим унинг амал қилиш даврида муайян ҳуқуқлардан, жумладан, мукофот ва қўшимча рағбат тўловларидан тўлиқ ёки қисман маҳрум этилади.

Қолаверса, бу ўринда "ҳайфсан" сўзининг қамровида англанадиган маънога эътибор қаратиш муҳим. Шунда бу турдаги интизомий жазо олган масъул ходим хулоса қилиб олиши мумкин бўлган жиҳатлар юзага қалқиб чиқади. Яъни ушбу "ҳайф" ва "сан" сўзларидан шаклланган бирикма, ўзбек тилининг изоҳли луғатида таъриф берилишича, адолатсизсан, ноҳақсан, арзимассан, муносиб эмассан каби маънолар ташийди.

Демак, раҳбарият ёки ваколатли орган томонидан қўлланилган "Ҳайфсан" интизомий жазоси аслида "териси юқа" масъул ходим учун жуда таъсирли чора, бундайларга тегишли хулоса чиқариш учун шунинг ўзи етарли бўлади. Аксинча, билмадим...

Ўз мухбиримиз  

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!