Меню
Қашқадарё
БОШҚАЛАР НИМА ДЕРКИН, ДЕБ ЎТИРИШ ОЖИЗЛИКНИНГ БИРИНЧИ БЕЛГИСИДИР
Мутолаа учун тавсия
Буюк рус ёзувчиси Фёдор Михайлович Достоевский (1821-1881) "Жиноят ва жазо", "Телба" каби асарларида ўз халқининг маънавий муаммолари, жамият ва шахс ўртасидаги зиддиятларни акс эттирган. Адиб давлат тузумини куч билан ағдариш тарафдори бўлгани учун ўлим жазосига ҳукм этилиб, кейинчалик афв этилгач, узоқ муддатли сургунни бошидан ўтказган. У жамият бой қатламининг маънавий-ахлоқий тубанлиги, ишчи-деҳқонларнинг оғир ҳаётини фош этиш билан бирга буюк давлатчилик ғояларини ҳам илгари сурган.
Фёдор Достоевскийнинг "Жиноят ва жазо" романи воқеалари қашшоқ оиласига моддий ёрдам беришни истаган собиқ талаба Родион Романович Раскольниковнинг судхўр кампир Алёна Ивановна ва унинг синглиси Лизаветани болта билан чопиб ўлдиришидан бошланади.
Адиб қуйидаги саволга жавоб излайди: жамиятга зарар келтирувчи жирканч одамни ўлдирган киши ахлоқан қораланиши мумкинми?
Родион қўлга киритган моддий қимматликларни яшириб қўйгач, ўзида бошқаларга нисбатан бегоналашувни ҳис этади. Судхўр кампирни ўлдиришда гумонланиб рассом Миколка ҳибсга олинганини эшитиб қайғуради. Родион синглиси Дуняга уйланмоқчи бўлган Лужин билан келишмай қолади. Онаси тарафидан пул топиш учун ишратхонага юборилган Соня исмли қиз билан танишиб, ахлоқ, зино, Инжил ва ўлим ҳақида суҳбат қуради.
Асарда шундай бетакрор фикрлар учрайди: "У ақлли одам, лекин ақлли ҳаракат қилиш учун фақатгина ақлнинг ўзи етарли эмас", "Бошқалар нима деркин, деб ўтириш ожизликнинг биринчи белгисидир", "Омад келмагандан кейин ҳамма нарса бемаъни бўлиб кўринади", "Ёлғон - бутун организмлар ичида ягона инсонгагига хос имтиёздир", "Азоб ва кўз ёш - ахир бу ҳам ҳаёт", "Камбағаллик айб эмас, бироқ йўқчилик - иллат. Биринчисида инсон туғма олижаноб фазилатларни сақлаб қола олади, аммо йўқчиликда уларни ҳеч қачон ва ҳеч ким сақлаб қола олмайди".
Родион Раскольников судхўр кампирни ўлдиришда гумон қилмасликлари учун гаровда қолдирган нарсаларини кўриш баҳонасида терговчи Порфирий Петрович билан бир неча марта суҳбатлашади. Порфирий ва Соня Родионни қилмишини бўйнига олиши кераклигига ишонтиришади. Раскольников қамалиб кетгач, онаси қайғудан вафот этади. Соня Раскольников яқин бўлган жойга кўчиб бориб, ундан хабар олиб туради. Родион Соняни чин дилдан севиб қолади. Қамоқда Родион Инжилни кўп бора ўқийди ва қиёматни эслатувчи туш кўриб, ақлнинг мағрурлиги низо ва ўлимга, қалбнинг камтарлиги эса севги ва ҳаётнинг тўлиқлигига олиб боради, деган хулосага келади.
Достоевскийнинг "Телба" романи бош қаҳрамони Лев Николаевич Мишкин оқкўнгил, самимий ва олижаноб инсон, гўзал ва муҳаббатга мубтало бўлган қалб соҳиби. У ҳаммага яхшиликни раво кўради. Ҳасад, ғийбат ва зулмдан йироқ бўлса-да, унинг ҳаракатлари атрофдагиларга телбалик бўлиб кўринади. Айримлар Мишкиннинг очиқчасига иззат-нафсига тегса-да, эътиборсиз қарайди. Миллионер Рогожин, генерал Епанчин каби шуҳратпараст, пулпараст ва маънавий бузуқ кишиларнинг яшаш тарзидан жирканади. Адиб Мишкин образи орқали энг гўзал инсоний фазилатларни, ҳалолу пок ва эзгу-олижаноб мақсадлар билан яшаш зарурлигини тараннум этган.
Машҳур рус ёзувчиси Василий Ян (1875-1954) қаламига мансуб "Чингизхон", "Боту", "Сўнгги денгизгача", "Қўрғон узра гулханлар", "Осиёнинг мовий сарҳадлари" каби асарлар эътиборга тушган. У Петербург университетининг тарих ва филология факультетида таҳсил олган. Адиб Ашхобод, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида яшаб, Шарқ халқлари тарихини яхши ўрганган. Тарихий манбаларга таянган ҳолда ўз асарларини яратган.
Василий Яннинг "Чингизхон" асари машҳур мўғул саркардаси ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бўлиб, воқеалар ривожи ишончли тасвирланган. Чингизхоннинг Хоразм давлатига қарши юриши сабаблари, Хоразмдаги ички келишмовчиликлар, чингизийлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши ёритилган. Адибнинг "Боту" ва "Сўнгги денгизгача" асарларида Чингизхон авлодларининг Россия ҳамда Европа тарафларга қилган юришлари, Олтин Ўрда ҳукмронлиги ўрнатилиши билан боғлиқ воқеалар тасвирланган. Адиб Чингизхонни тушида кўриб суҳбатлашгани сабабли, у ҳақда асар ёзганини қайд этган.
Адибнинг "Қўрғон узра гулханлар" асарида македониялик Александр Македонский (Искандар Зулқарнайн)нинг Ўрта Осиёга қилган босқинчилик юриши, ҳурлик ва озодлик учун бўлган курашлар, Спитаменнинг ўлими билан боғлиқ ҳодисалар тасвирланган. Асарда шу вақтдаги элу халқларнинг урф-одатлари, ватанпарварлик ва хоинлик, мардлик ва қўрқоқлик масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Мазкур асар орқали кўҳна ўтмишимиз ҳақида тасаввур ҳосил қиламиз.
Василий Яннинг "Осиёнинг мовий сарҳадлари" ("Чавандоз номалари") номли сафарномасида Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари билан боғлиқ воқеалар ўз ифодасини топган. Адиб асарда ўзи бевосита кўрган, эшитган ва ўқиганлари асосида чиқарган хулосаларини ёзган. Мазкур асар саёҳату саргузаштлар тариқасида ёзилган бўлса-да, ўтган аср бошлари ҳам бугунги кундагидек Россия, Европа давлатлари ва АҚШнинг Ўрта Осиёга кўз тиккан вақтлар бўлганини таъкидлаш керак. Уларнинг сафига бугунги кунда Хитой давлати ҳам қўшилди. Россия империясининг Туркистонга бостириб кириши арафасида руслар орасида шундай ғоя тарқалган экан: "Биз Европага бостириб борсак, улар бизни варварлар сифатида қарши олади, Осиёда эса бизни маданиятли миллат каби кутиб олишади".
Василий Ян 1903 йилда америкалик Рафаэль Помпелли бошқарган экспедицияда қатнашиб, Қарши, Термиз, Копетдоғ ва бошқа ҳудудларда нефть, газ, олтин ҳамда бошқа табиий бойликларни излашда иштирок этган. Бу экспедицияда В.Бартольд ва Европа олимлари ҳам иштирок этган. Адиб кейинчалик бу ишларни русларнинг ўзи мустақил амалга ошириши кераклигини таъкидлаган. Адиб бир гуруҳ ҳамроҳлари билан Россия ҳукуматининг розилиги ва қатор топшириқлари асосида Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон тарафларга саёҳат қилади. Кўрганлари асосида ушбу асарини ёзади. Бу вақтлар Россия ва Англия Афғонистонга ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қилаётган вақтлар бўлган. Василий Ян асарларини ўқиш тарихимизни яхшироқ билишга хизмат қилади.
Америка ёзувчиси Теодор Драйзер (1871-1945)нинг "Америка фожиаси" романи жаҳон адабиётининг сара асарларидан саналади. Асар 1925 йилда нашр этилган бўлиб, унинг ёзилишига 1906 йилда Грейс Браун севгилиси Честер Гиллет томонидан ўлдирилиши воқеаси асос қилиб олинган.
Роман бош қаҳрамони Клайд Гриффитс камбағал оилада улғаяди. Унинг отаси Эйс Гриффитс содда, лоқайд ва бахт келишини кутиб яшайдиган одам.
Клайд Гриффитс оилавий камбағалликдан қутулиш учун дастлаб дорихона сотувчисининг ёрдамчиси, сўнгра меҳмонхона хабарчиси бўлиб ишлайди. Клайд моддий имкониятлари яхшилангандан кейин Гортензия Бригс исмли чиройли сотувчи аёл билан танишади. Аёл ёш Клайднинг бошини айлантириб, моддий манфаатдор бўлиб юради. Клайд ўртоқлари билан Спарсер исмли дўстининг отасига тегишли машинада саёҳатга чиқиб, қайтишда автоҳалокат туфайли ёш қизчанинг ўлимига сабабчи бўлишади. Клайд уч йил бошқа шаҳарда яшириниб юриб, амакиси Самюэль Гриффитсни учратади ва унинг заводига ишга киради. Амакисининг уйида Сондра Финчли исмли бадавлат оиладан бўлган қизни учратади.
Асарда шундай фикрлар учрайди: "Бахт уни кутадиган кишиларга келади, лекин умрингни кутиш хонасида ўтказиб юборма", "У дунёга келиб, яшаб, ҳаётда ҳеч нарсани тушунмасдан ўлаётган одамлардан бири эди", "Агар биз одамлар қонунни ҳурмат қилишларини истасак, бунинг учун қонун асосида қабул қилинган қарорларни, қонуний асосларсиз ўзгартирмаслигимиз лозим".
Бу орада заводга камбағал оиладан чиққан Роберта исмли қиз ишга келиб, келишган Клайд билан ишқий муносабатларини бошлаб юборади. Клайд Сондра билан киборлар даврасига боришни ҳам канда қилмайди. Ўзини Клайдга бутунлай бахшида этиб ҳомиладор бўлиб қолган Роберта изтиробга тушиб, Клайддан тўй қилишни талаб қилади. Клайд анча вақт турли ваъдалар билан Робертани алдаб юради. Сондрани ундан афзал кўриб, Робертадан қутулиш чораларини излайди. Сондрага уйланиб яхши яшаш ва бойлар даврасида юришни орзу қилади.
У газетада эркак ва аёл қайиқдан ағдарилиб чўкиб кетганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб, Робертани қайиқда сайрга олиб чиқади. Клайд қайиқни қасддан ағдариб юбориб, Робертани фотоаппарат билан уриб ва қайиққа чиқишига ёрдам бермай ўлимига сабабчи бўлади. Роберта ўзининг соддалиги ва ишонувчанлиги туфайли ҳалок бўлади. Терговчи ва прокурор Клайд Робертани қасддан ўлдирганини исботлаб беришади. Суд унга ўлим жазоси тайинлайди. Етарли илм ва ҳунарга эга бўлмаган, ўткинчи хаёллар ва эҳтиросларга берилувчан, иродасиз ва номард Клайд Гриффитс нафрат ҳамда қотиллик исканжасида қолади.
Теодор Драйзернинг "Америка фожиаси" романи ёшларни илм-ҳунар ўрганишга, ўткинчи орзу-ҳаваслардан йироқ бўлишга ва хатти-ҳаракатининг оқибатини ўйлаб иш тутишга даъват этади. Инсон оқилона ва самарали меҳнати туфайлигина чинакам бахтли бўлиши мумкинлиги уқтирилади.
Шундай экан, юқорида таърифи келтирилган асарларни ўқиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.
Абдишукур ОМОНОВ