Меню
Қашқадарё
БОШҚАЧАРОҚ ЧИҚДИ ҲОЗИРГИ ЁШЛАР...
Энди буларга ҳам ҳар қалай оғир,
Замон шитоби тез, парвози тикка.
Кеча тили чиққан Наргиза ўқир
Биринчи синфда математика.
Бизлар ҳафтиякдан бошлаган эдик,
Булар икс билан игрикдан бошлар.
Дуруст, зеҳни ўткир, қадами тетик,
Ўзимизга тортди ҳозирги ёшлар...
Дарҳақиқат, ёшлар маънавияти, тарбияси масаласи ҳамма замонда бирдек муҳим, бирдек долзарб бўлиб келган. Ва бу масала фақат биздагина эмас, бутун дунёда энг эътиборда турадиган мавзу.
Қуйида бугун кунда кўзга кўринган рус ёзувчиси, журналист ва педагог Дмитрий Быковнинг бугуннинг болалари ва таълим-тарбия борасидаги фикрларини сараладик.
Биринчидан, ҳозирги болалар тезфаҳм. Ўйлайманки, уларни бу борада 39-40-йиллар одамлари билан тенглаштириш мумкин. Ўша давр ёшларининг учдан икки қисмини уруш маҳв этди, аммо қолган бир қисми ҳам урушдан кейинги тикланиш йилларида собиқ шўрони қутқариш учун етарли бўлган. Иккинчидан, ҳозиргиларда фавқулодда хусусиятлар ривожланган ва оломончилик сифатлари йўқ. Улар иш билан машғул, уларни йирик-йирик техник ва гуманитар муаммолар қизиқтиради.
***
Бизга исталган вақтда олис ҳудуддаги мактабга қўнғироқ ёки хат орқали кўмакка чақирилиши мумкин бўлган ўқитувчилар институти керак. Улар айтилган жойга етиб боришади ва юзага келган муаммони ўрганиб, ечимини топишади. Бу нега керак? Ҳаммамиз яқиндагина бўлиб ўтган ўсмирлар суицид клублари билан боғлиқ вазиятларни яхши эслаймиз. Лекин ҳалигача ҳеч ким билмайди: "Кўк кит" аслида нима - интеллектуал ўйинми ёки ўсмирларни манипуляция қилиш клубими?
Қолаверса, бутун бир синф биттагина ноодатий, ўта ақлли ва қолипга сиғмаган боланинг таъсиридан "заҳарланиш"и ҳолатлари кўп учрайди. Синфга шундай "обрўли" йўлбошчи-сардор келса, бутун синф тез орада безориларга хос "оломон маданияти"нинг қурбони бўлиши ҳеч гап эмас. Бизга янги типдаги ўқитувчилар керак. Бу - десант-ўқитувчи бўлиши керак, шарт бўлиб қолса, шунга ўхшаш муаммо чиққан мактабга вақтинчалик ишга бориши ва у ерда қисқа фурсатда тартиб ўрнатиши лозим.
***
Педагогика - айғоқчиликдан кўра қизиқарли. Бизда айғоқчилар ҳақида детектив асарлар бор, аммо педагогик детектив йўқ. Агар биз худди "Душанбагача кўрамиз" фильмидаги тажрибали ўқитувчи каби синфдаги негативликка тўсиқ қўя олсак эди, барча муаммоларимизнинг ярмидан халос бўлган бўлардик.
***
Бугун дарсларни илгариги жадвал асосида - 45 дақиқа ичида уй вазифасини сўраш ва маъруза шаклида ўтиб бўлмайди. Чунки бугун ўқитувчи у қадар ҳам керак эмас, зеро, бирор маълумотни топиш учун биргина тугмани босишнинг ўзи кифоя. Биз дарсликдаги бир саҳифани ўқувчиларга айтиб бериб, эртага айнан шу нарсани қайта сўраш учун керак эмасмиз. Ўйлайманки, энди дарсларни бошқача тизимда йўлга қўйиш керак. Худди олий ўқув юртларидаги каби. Бир соат - маъруза, кейинги бир соат - семинар ва болалар доклади. Ўқувчилар бу ишни мароқ ва иштиёқ билан бажарадилар. Ва агар уларга берилган вазифа қанчалик глобал бўлса, қанчалик қисқа вақтда бажаришлари лозим бўлса, улар шунчалик тез ва шижоат билан бу ишга киришадилар.
***
Бугуннинг болалари буюк ишларни бажаришга қодир, бунинг учун бор-йўғи уларга ишонишимизнинг ўзи кифоя. Бунинг исботи сифатида дунёдаги энг зўр фотоаппаратни 12 ёшли болалар яратганини эслатишим етарли бўлса керак. Агар замонавий болага давлат топшириғи берилса, Қора денгизни ошиғич тозалаш ёки бюджет муаммосими, мен мутлақо ишонаман, у буни уддалай олади.
***
Биз ёрқин профессионаллар авлодини шакллантиришимиз керак. Қолган барча ишни дунё учун уларнинг ўзлари қилишади.
ХУРШИДА тайёрлади.