Меню

Қашқадарё

26.11.2019 1600

БОСҚИНЧИНИНГ РЕЖАСИ

Жиноятга жазо муқаррар

Қарши шаҳар 7-миттитумандаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадон қўнғироғи изма-из жиринглади. Уй соҳибасининг қизи Юлдуз Арзиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) келиб, ичкаридан бир неча маротаба "Ким?" дея сўради.

- Мен, янга, очинг, турмуш ўртоғингизнинг ёрдамчиси бўламан, - деди ташқаридаги овоз. - Эрингиз қайнотангиз билан жанжаллашиб, жаҳл устида уни ўлдириб қўйибди. Мени қайнонангиз юборди, эшикни очинг, илтимос.

Юлдуз 2015 йилда Қарши шаҳрида яшовчи бир йигит билан турмуш қурган, аммо орадан бир неча ой ўтиб, оилавий низолар сабаб эри билан ажрашиб, ота уйига келиб яшаётганди. Ўғли ҳам шу ерда туғилди. Шундан сўнг собиқ турмуш ўртоғи ўғлини кўриш баҳонасида тез-тез бу ерга келар,   доимий равишда учрашиб туришарди. Бозорда савдо қиладиган турмуш ўртоғига кўмаклашиб юрадиган бу йигитни ҳам яхши танирди. Шу боис  дарҳол эшикни очиб, уни ичкарига киритди.

Дамир хўжайини Ўктам билан бир неча маротаба бу ерга келган, кундуз кунлари уйда Юлдузнинг ёлғиз ўзи бўлиши, онаси эса ишдан кеч қайтишини яхши биларди. Шу боис унинг уйига бостириб кириб, қўрқитиб пул ундириш режасини тузиб чиққанди.

- Янга, сув беринг, илтимос, - деди ўзини қаттиқ чанқаган кўринишга солиб. Аёл ошхонадан сув олиб чиқиб, сўнг воқеага ойдинлик киритиш мақсадида телефонга югурди. Пайтдан фойдаланган Дамир эса дарҳол чўнтагидаги пичоқни олиб, унинг бўйнига тиради.

- Агар ғинг этсанг ўлдираман, менга пул керак.

Шу пайт ичкари уйдан Дамир кутмаган яна бир аёл - Юлдузнинг онаси чиқиб қолди. Шу куни у ишдан эртароқ қайтганди. Қўрқиб кетган аёл югуриб келиб, Дамирнинг қўлидаги пичоққа ёпишди. Буни кутмаган йигит шошиб қолди, пичоқни аввал Юлдузга қараб силтади, сўнг унинг онасига ҳамла қилди. Уларни жароҳатлаб, воқеа жойидан қочиб кетди.

Нафс кўйига тушиб, босқинчилик жиноятига қўл урган йигит ўз мақсадига ета олмади. Энди эса бу қилмиши учун қонун олдида жавоб беришга мажбур.

Муҳаммадрасул КАРИМОВ,

Қарши шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!