Меню

Қашқадарё

30.10.2020 1400

Бонусли акцияда қатнашаман, деб 220 миллион сўмга чув тушди

Зап содда одамлар бор-да. Йиллар давомида йиққан-терганини аллақандай учарлар, фирибгарлар қўлига тутқазиб юбораверади. Яна бир жиҳати ҳам борки, юз миллионлаб пул топган одамни содда деб бўлармикан? Қўлида мўмайгина пул бўла туриб, уни осонгина, меҳнат қилмасдан кўпайтиришга бўлган илинжни нафс истаги дея баҳолаш тўғридир эҳтимол?!

Хуллас, Қарши шаҳридаги Кунчиқар маҳалласида яшовчи аёл А.Г. 2019 йилнинг май ойи бошида Қарши тумани Қозоқ қишлоғида яшовчи суғурта компанияси ходими Н.Ш.нинг алдовларига учади. У ходимнинг суғурта компанияси бонусли акциясида қатнаштириш ҳақидаги ваъдасига ишониб, оз эмас, кўп эмас, нақ 220 миллион сўм пулини фирибгарнинг қўлига тутқазади. Табиийки, ваъда унутилади, пул эса суғурта компанияси ходимининг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборилади.

Н.Ш. ўз “фаолият”ини давом эттирган ҳолда, жорий йилнинг январь ойида Қарши шаҳри 7-миттитуман 37-уйда яшовчи яна бир аёлни чув туширади. Бу аёлга ҳам компаниянинг бонусли акциясида қатнашиш ваъда қилиниб, 31 миллион 400 минг сўм қўлга киритилгач, акциядан ҳам, ходимдан ҳам дарак бўлмайди.

Ички ишлар вазирлигининг “Постда” нашри ёзишича, айни пайтда ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!