Меню

Қашқадарё

25.05.2023 4413

БОЛАЛИККА ҚАЙТГИНГ КЕЛАДИ...

Мактаб хотиралари

Мактабларда сўнгги қўнғироқ чалинмоқда. Бир энтикиб кетаман. Ўқувчилик пайтимизда сўнгги қўнғироқ чалинганида худди шундай ҳолат рўй берарди. Уч ой  ёзги  таътилга чиқиб, мазза қилиб яйраб юришимизни ўйлаб бир қувонсак, синфдош дўстларимизни, қадрдон муаллимларимизни  шу уч ой давомида ҳадеганда кўравермаслигимизни ҳис этаверганимиз сари кайфиятимиз икки ҳисса тушиб кетарди.

Бугун бизни ўқитган, таълим берган муаллимларимизнинг  аксарияти  бу дунёдан ўтиб кетишди. Биринчи ўқитувчим Равшан Мирзаевни бўлакча хўрсиниш билан эслайман. Қаран Мусиров, Ойнабой Жўраев, Қобил Алимов, Назар Қурбонназаров, Норқул Тошмуродов, Абраҳмат Ботиров, Тоғай Абраев, Турдихол Обидова, Омон Қувватов, Олтибой Абдимуродов, Абраҳмат Бегимқулов, Шариф Оқназаров, Эшмат Тоғаев,  Пўлат Каримов, Чоритош Ҳамроев, Шерали Ҳамроев, Нурман Шердонов, Омон Мирзаев, Тангри Бойназаров, Нурхон Остонов, Чори Саманов, Расул Хонимқулов...  Бу устозларнинг ҳаммасини Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

Муаллимларга меҳру муҳаббат бизга ота-онамиздан ўтган  бўлса, не ажаб?! Отамнинг асли касби - иқтисодчи.  Ўқитувчиларни шунақанги ҳурмат қилардики, бунинг чеки-чегараси йўқ эди. Машинада кетаётган бўлса ҳам ўзига таълим берган устозини йўлда учратиб қолгудай бўлса, дарҳол тўхтарди-да, қўшқўллаб кўришганича астойдил сўрашиб ўтиб кетарди. Мактаб директоримиз Қаран Мусировни эса "Катта домла", "Домлаларнинг домласи"  дея алқарди.

Олтинчи, еттинчи синфдалигимизда узоқ Беларус ўлкасидан Мария Криксина, Мария Галацеевич деган ёшгина ўқитувчилар келишди. Улар қишлоқ аҳлига шу қадар киришиб кетдиларки, алал-оқибат одамлар уларни бегонасирамай қўйишди. Ўзбек урф-одатларига ҳам мослашиб қолишди. Атлас кўйлак кийсалар, ял-ял очилиб кетарди. Болаларни эса жону диллари билан севишарди. Икки йил давомида ўзбек тилини деярли ўзлаштириб олгандилар.

Устозларимиз - физика-математика фанлари доктори Ҳамид Исаев, Жаббор Амирқулов, Бухор Мирзаев, Нурсоат Сафаров, Қурбон Хўжамуродов, Хурсанд Исмоилова, Қурбоной Аҳмедова, Дўстмамат Эшатовни ҳар гал учратганимда суҳбатлашсам, гўё ўша "мактаб даврим"га бориб қолгандек бўламан.

Бир сўз билан айтганда, устозларимнинг бари ўз касбига садоқатли инсонлар эди. Уларнинг ҳар қайсига бериладиган тасниф "Фидойи ўқитувчи" деган сўз билан синоним эди. Қўнғироқ сабаб, узоқ ўтмишни озгина эслаб, руҳимда анчайин енгиллик туйдим. Бугун замон ўзгарди. Ўқитувчиларнинг мавқеи ошмоқда, обрўси кўтарилмоқда. Президентимизнинг 2023 йилга "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб ном беришни таклиф қилгани халқимиз томонидан илиқ қаршиланди. Назаримда, "инсонга эътибор" ва "сифатли таълим" тушунчалари бир-бирига ўзаро боғлиқ ва маънодошдек туйилади менга. Негаки, инсонга эътиборни кучайтирмай туриб, сифатли таълимни таъминлаб бўлмаганидек, сифатли таълимни йўлга қўймасдан инсонга эътиборни кучайтириш мушкул.

Бугунги кунда  Деҳқонобод туманидаги  69-сонли умумий ўрта таълим мактабига раҳбарлик қилаётган Жовли Ўтаевнинг умри ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан ўтмоқда. Яқинда у киши билан суҳбатлашиб қолдим.

- Давлатимиз раҳбарининг жорий йилга "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" дея ном бериши педагогик жамоамизнинг ҳам кайфиятини кўтариб юборди, - дейди у. - Таълимга қаратилаётган бундай юксак эътибор бизга қанот бағишлади. Ҳозирги пайтда билим масканимизда фаолият кўрсатаётган  40 нафар, шундан 5 нафар олий ва 7 нафар биринчи тоифали ўқитувчи салкам 600 нафар ўқувчига сифатли таълим-тарбия бериб келмоқда. Аҳил ва иноқ жамоамиз  юртбошимизнинг ғамхўрликларидан руҳланган ҳолда таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга астойдил бел боғлаганлар. Чекка бир тумандаги мактабнинг ўн биринчи синф ўқувчиси Зебо Мусаева инглиз тили фани бўйича топширган имтиҳонида 7 балл тўплаб, IELTS сертификатини қўлга киритгани ҳам саъй-ҳаракатларимиз меваси бўлди. Мактабимиздан 8 нафар ўқувчи вилоятда ўтказилган фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган бўлса, 2 нафар ўқувчимиз математика фани бўйича Ал Хоразмий номидаги Республика олимпиадасининг туман босқичида ғолиб деб топилди.

Қарасам, суҳбатдошимнинг юзларида мамнунлик, кўзларидан нур ёғилиб турибди. Қилаётган меҳнатларинг самарасини кўриш яхшида барибир. Албатта, ўқувчиларнинг бундай муваффақиятлари нафақат устозларини, балки барчамизни қувонтиради.

Сўнгги қўнғироқ чалинмоқда. Қўнғироқ эртанги кунга умид бағишламоқда. Майли-да, биринчи қўнғироқ чалинсин, охирги қўнғироқ чалинсин. Болаларнинг қувноқ кулгилари, қийқириқлари бутун оламни тутиб кетсин!

Абдуқаюм  БЕККАМОВ,

Деҳқонобод тумани

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!