Меню
Қашқадарё
БОЛАЛАР БОҒИ ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК ЙЎНАЛИШИГА МОСЛАШТИРИЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28-29 январь кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида берган топшириқлари ижросини таъминлаш, вилоятда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактаб ўқувчиларида ҳарбий касбга ҳавас уйғотиш мақсадида вилоят ҳокими томонидан қабул қилинган фармойишда шу ҳақда сўз боради.
Фармойиш билан болалар боғини "Ватанпарвар боғи"га мослаштириб реконструкция қилиш, боғ ҳудудидаги объектларни замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талабларига мос тарзда таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз вақтида ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштириб бориш бўйича чора-тадбирлар режаси ва вилоят штаби таркиби тасдиқланди.
Шунингдек, мазкур ҳужжатга кўра, тегишли мутасаддилар, хусусан, вилоят ҳокимининг ўринбосари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят кенгаши алоқадор ташкилотлар билан биргаликда бир ҳафта муддат ичида "Ватанпарвар боғи" концепциясини ишлаб чиқади.
Қарши шаҳар ҳокимлиги реконструкция қилиниши режалаштирилган боғ атрофида жойлашган бино ва иншоотларни хатловдан ўтказиб, боғ чегараси ва майдонига аниқлик киритиши, боғ ҳудудида ватанпарварлик ва ҳарбий мавзуни ёритувчи, ҳарбий-техника намуналарининг тактик-техникавий хусусиятлари акс этган панноларни ўрнатиши белгиланган.
Вилоят ва Қарши шаҳрида ташкил этилган 4 та сектор раҳбарлари "Ватанпарвар боғи" барпо этилишида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишади.
Келгусида ушбу боғ ҳудудида ёшларда ҳарбий касбга ҳавас уйғотишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, ҳарбий-тактик ўйинлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Н.ХЎЖАЕВ