Меню

Қашқадарё

29.05.2020 1538

БОЛА ШОДЛИГИДАН МУНАВВАР ОЛАМ

1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Карантиннинг фойдаси шу бўлдики, кўп ота-оналар фарзандларига яқинлашди, асосий вақтини уларга бағишлади, қизиқишларини ўрганди. Шунгача кўп ота-оналар иш, ташвиш билан бўлиб, болаларидан узоқлашиб кетганди. Лекин бола кулгисидан, уларнинг орзу-мақсадларини тинглашдан мароқли машғулот бор эканми?

Тўғри, карантин пайти мактаб, боғчалар  фаолият кўрсатмади. Бу борада ТВ орқали узатилган "Онлайн болалар боғчаси" дастури,  "Болажон" телеканалидаги "Ақлвой" ва "Илк қадам" таълимий дастурларини таъкидлаш ўринли. Шу баҳона анчадан бери рўёбга чиқмаётган масофавий таълим қисқа вақтда кундалик ҳаётимизга сингиб кетди.

- Онлайн дарслар болалар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам ҳали  янгилик бўлса-да, тезда кўникиб, ўрганиб кетдик, ҳатто бу айрим ўринларда анча қулай эканига ҳам амин бўлдик, - дейди Қарши шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, "Шуҳрат" медали ва "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси Кумуш Эргашева. - Шунга мувофиқ, ўқувчиларнинг бажарган вазифаларини ўз вақтида баҳолаб бордик, уларнинг кўпроқ бадиий асарлар ўқишига эътибор қаратдик. Бўш вақтини мазмунли ўтказишини ота-оналар орқали назорат қилдик. Тўғрисини айтсам, мактабда ҳар куни бир синфдан 6-7 ўқувчини баҳоласак, онлайн дарслар орқали 15-16 ўқувчини баҳолашга имкон бўлди. Баъзан кечаси ҳам вазифаларни баҳолашимизни сўрашди. Дарсдан ташқари машғулотларга ҳам эътиборни  кучайтирдик.

Хуллас, яхши ташаббуслар қанот ёймоқда. Келган ташвиш сабаб ваҳимага берилмасдан, карантин қоидаларига амал қилиб ўз эътиқоди ва якдиллигига садоқатли халқимизнинг юқоридаги ишлари бугун ўзининг нишоналарини бераяпти.

- Бу ўз самарасини кўрсатди, - дейди Кумуш Эргашева. - Вилоят ҳокимлиги ва халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган "Она тилим - ғурурим" мавзусидаги  иншолар танловида мактабимизнинг 9-синф ўқувчиси Малика Одилова шаҳар босқичида 1-, вилоят босқичида 3-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун "Нима деб ўйлайсиз?.." мавзусида ўтказган иншолар танловида эса 8-синф ўқувчиси Жасмина Тоҳированинг иншоси юқори баҳоланди.

Мамлакатда болаларнинг шодон кулгилари янграб турар экан, улар илм-фан сирларини пухта эгаллар экан, бу юртнинг бугуни ҳам, эртаси ҳам албатта, нурафшон бўлаверади. Дунё бўйлаб коронавирус инфекциясининг тарқалиши хавфи туфайли юзага келган бугунги вазият албатта тез кунларда ортда қолади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!