Меню
Қашқадарё
БОЛА ҲАМ БАМИСОЛИ МАШИНАДАЙ ГАП
Сараланган сатрлар
Бола дунёси қизиқ, у дунёни борича кўради, борича ифода этади. Шу боис бола тилида акс этган ҳар бир сўз, ҳар бир фикр беғубор - кишини эзгу ҳисларга ошно этади. Француз адиби Экзюпери ёзганидек, барчамиз ҳам бола бўлганмиз, бироқ ҳамма ҳам буни эсда сақлаб қолган эмас. Ўйлаб кўринг, ҳар бир киши болалигидаги каби масъумлигини умрининг охиригача йўқотмаганида нима бўларди? Ёлғон, алдов, қинғирликлар, турли қабиҳликлар, фирибгарлик, порахўрлик каби жиноятлар содир бўлмас, инсонлар орасида фақат ва фақат яхшилик ҳукм сурарди. Аслида болалик беғуборлигини тарк этганимиз, унутганимиз сайин ҳам қалбимизни моғор қоплаб олмайдими?..
Болаликни мудом ёдда тутишнинг муҳим омилларидан бири ушбу мавзудаги китобларни мутолаа қилишдир, десак хато бўлмайди. Ҳолбуки ўзбек болалар адабиёти ҳақида сўз бораркан, Худойберди Тўхтабоев асарларини эсга олмасликнинг имкони йўқ. Кўпчилигимиз "Сариқ девни миниб", "Ширин қовунлар мамлакати" каби асарларни ўқиб катта бўлганмиз, тасаввур сарҳадларимиз ушбу китоблар таъсирида кенгайган, билимимиз ортган, дунёқарашимиз ўсган.
Қуйида бугун ҳам кўпчилик болаларнинг севимли китобларидан бири бўлмиш "Сариқ девни миниб"дан эътиборга молик, қизиқ, дилга яқин манзараларни сараладик. Лавҳаларки, болаликнинг беғуборлик дамларини эсга солади, бир вақтлар шоир, қурувчи, агроном, прокурор, судья, борингки, космонавт бўлишни орзулаган чоғларни завқ ила ёдга олишга ундайди, шунинг баробарида катталар оламининг қинғир қирраларига ҳазил-юмор воситасида назар солинади. Яна бир жиҳати, ушбу битиклар ортида катта одам, яна денг, аввал газетада нақ каттаконларни фош этадиган фельетонлари билан тилга тушган ва сўнгра паққос болалар адабиёти сари юз бурган шахс турганини инобатга олсак, асарнинг аҳамияти янада ошади.
* * *
Ойим уйимиздан уч юз метр наридаги фермада сигир соғади. Бир ўзига 24 говмиш қарайди. Ўтган йили сутни кўп соққани учун медаль ҳам олган. Ўша медални ойимдан яшириб мен ҳам икки марта тақдим. Бир марта тақиб бозорга бориб сабзи-пиёз олиб келдим, иккинчи марта тақиб мактабга борувдим, директоримиз чақириб олиб роса уришди.
* * *
Кичик синглимнинг оти Донохон. Ҳозир биринчи синфда ўқияпти. Ойимнинг айтишига қараганда у катта бўлса, албатта доктор бўлармиш. Менимча, ундан доктор чиқмаса керак. Нега десангиз, кўча-кўйда ҳамшираларга кўзи тушиб қолса укол қилади деб, тоғдан-тоққа қочади. Тунов куни мактаб ҳовлисида оқ халат кийган буфетчини кўриб, доктор келди деб деразадан ташлаб қочибди.
* * *
Ориф билан бирга ўқиймиз, бир партада ўтирамиз. Ўзи паканагина болаю, лекин боши тўла ақл. Ҳар қандай масалани ҳам кўз юмиб очгунча ишлаб ташлайди, мен ҳам кўз юмиб очгунча кўчириб оламан. Гоҳо бирор жойини жўрттага хато қилиб кўчираман, шундай қилмасам бўлмайди-да, муаллимимиз кўчирганимни билиб қолади.
* * *
Ишқилиб, ойимнинг гапини ҳеч ерда қолдирмайман. Айтганини ўзим бажармасам, биров орқали бажараман. Аслини олганда ўзинг бажаришинг шарт эмас. Фермамизнинг мудири Сирожиддин ака нуқул шунақа қилади. Раисдан бирон топшириқ олиб келса аъзоларига топширади. Сиз қанақалигингизни билмайман-ку, лекин мен ҳам мудирликка ўхшаш ишларни яхши кўраман. Шу ўйнайверсанг-ўйнайверсанг, сенга тегишли ишларни бировлар бажараверса-бажараверса...
* * *
Кеча ойим негадир баҳони сўрамадию, қани кундалигингни бир кўрсат-чи, деб қолди. Ранги-қутим ўчиб кетди, нега десангиз, ишнинг бу ёғи сал ишкалроқ эди-да...
- Кундалигим ўқитувчимизда қолган, - деб қутулмоқчи бўлдим.
- Папкангни оч, деяпман!
Бошқа иложим бўлмаганидан папкани очиб, секин кундаликни чиқариб бердим.
- Бу нима? - сўради ойим.
- Икки.
- Буниси-чи?
- Уч.
- Нега ёлғон гапирдинг?
- Ким ёлғон гапирибди, - дедим бўш келмай, - икковини қўшса беш бўлади, ойижон!
* * *
- Агар малол келмаса мана бу Раҳимжонга, унинг аъзоларига компост тўғрисида бир гапириб берсангиз. Булар ҳалигача ҳеч нарса тушунишмас экан.
- Марҳамат, - дедим-да, у ёқ-бу ёққа қараб олгач, лекция ўқишга тушиб кетдим, - ўртоқлар, компост жуда фойдали ичимлик, уни асосан мевадан тайёрлашади. Меваларнинг хили қанча кўп бўлса, у шунча ширин бўлади. Бизнинг Фарғона томонларда компостни ўрик, шафтоли қоқи ва оличанинг қуруғидан тайёрлашади. Хуллас, компост ичмабсиз, дунёга келмабсиз...
Гапимни тугатмасимдан ўтирган одамлар шарақлаб кулиб юборишди. Қизиқроқ гап айтган бўлсам керак деб, менинг ўзим ҳам кулавердим, роса кулишдик. Кейин билсам, ўша куни обдан шарманда бўлган эканман. Гўнгни ачитиб тайёрланадиган компост билан мевалардан тайёрланадиган компотнинг фарқига бормасдан, роса алжибман, ўша кундан бошлаб тўртинчи бригада далаларига қадам босмайдиган бўлиб кетдим.
* * *
Умидсизлик менга бегона. Ойим сен тирмизак тегирмонга тушсанг ҳам тирик чиқасан, дер эди. Ҳақиқатан ҳам тўғри айтган экан. Нега десангиз, мен ҳар қандай қийинчиликдан ғам-ташвишсиз, бир хил, ўзим тенги болаларга ўхшаб йиғлаб-сиқтаб ўтирмасдан осонликча чиқиб кетавераман.
* * *
Раҳбар бўлсангу, ҳеч кимга ҳеч қанақа буйруқ бера олмасанг, бундан ҳам хунуги бўлмас экан. Демак, дейман ўзимга-ўзим, қишлоғимиздаги саводсиз агроном Анорбой тоға шунинг учун ҳам бўлар-бўлмасга бақиравераркан-да. Кўп бақирсанг, ёмон ишлаётганинг ҳам сезилмас экан. Бақироқларнинг ҳаммаси ҳам менга ўхшаб илмсиз, сеҳргарлик билан раҳбар бўлган экан-да, деб ўйлайману, ишлаб турган кишиларнинг ёнига бориб бўлар-бўлмасга бақираман, шовқин соламан.
* * *
Бирор касбни чин юракдан севиб қолсанг, унинг машаққатлари жонга ҳузур бағишларкан. Машқларга шундай берилиб кетдимки, гоҳида кечалари ҳам уйқум келмайди денг. Шундай қилиб десангиз, бир ҳафта ўтар-ўтмас ҳақиқий итнинг ўзи бўлдим-қўйдим. Энди кўчаларда ҳам жим юрмайман. Ўқувчи болаларга қараб жўрттага ириллаб қўяман. Бечоралар гоҳо папкаларини улоқтириб қочиб қолишади...
* * *
Хато қилган бўлсам бордир, буни шу пайтда ўзим ҳам тушуниб турибман. Аммо ўз хатосини бўйнига олишдан оғир нарса бўлмас экан. Майли, йигирма градусли совуқ сувга яланғоч тушай, майли, жазирама иссиқда бир ҳафта сувсиз юрай, истасангиз Москвагача пиёда югуриб бораман, истасангиз, бундан ҳам оғирроқ ишларни буюринг, ҳаммасини бажону дил бажараман. Аммо ўзим йўл қўйган хатони бўйнимга олгим келмай турибди. Тўғри, киши ўқимаса, ёшлигида илм ўрганмаса агроном ҳам, шоир ҳам, инженер ҳам, артист ҳам бўла олмас экан, ҳа, бўла олмас экан. Ишонмасангиз, мана, қалпоқчам бугундан эътиборан бўшади, уни кийиб чарчаганингизча дунёни айланишингиз мумкин...
* * *
Болани ҳадеб ундоқ қил, бундоқ қил деявериш ҳам ярамайди. Тўғри келаётган машинанинг рулини у ёқ-бу ёққа бураверсангиз авария бўлади. Бола ҳам бамисоли машинадай гап. Уни қил, буни қил деяверсангиз, анқов бўлиб қолади...
* * *
Зиёратгоҳ бугун зиёратгоҳ эмас, бамисоли катта сайилнинг ўзгинаси бўлибди - одам дегани ҳеч жойга сиғмайди: ориқ-семиз хотинлар, узун-қисқа кампирлар, мен тенги болалардан тортиб Донохон тенги қизларгача, дадамга ўхшаш эркаклардан тортиб Ёнғоқ қори поччамдек салла ўраган, икки бети қип-қизил чолларгача - ҳамма-ҳаммаси шу ерда. Булоқларнинг бўйида, катта толларнинг тагида, бўйи осмонга тенг чинорларнинг салқинида одамлар тўп-тўп бўлиб қозон қайнатишяпти. Ароқни чойнакка қуйиб яшириб ичаётганлар ҳам бор, пиво ичаётганлар ундан кўп. Ҳатто, биттаси бутилкадаги пивони шундоқлигича кўтариб оғзига қулт-қулт қуйди-да, лабини кафти билан артиб:
- Савобини Узунқулоқ отамга бағишладим, - деб бўшаган шишани тўппа-тўғри сойга ирғитиб юборди.
* * *
Синфимизда "Аълочи" деган деворий газета чиқарди. Ана ўшанга Акром иккимизни боплаб уриб чиқишибди. Танқид қилишгани озлик қилиб, ёнига расмимизни ҳам чизиб қўйишибди: Акром бўрининг боласини миниб турибди, мен паканагина лайчани миниб олганман. Иккимизнинг ҳам калламиз йўқ, калланинг ўрнида доираю, доиранинг ичига фамилияларимиз ёзилган. Остига:
- Ие, нега буларнинг калласи йўқ?
- Калласи бўлса ўқишдан қолармиди? - деб бир чиройли қилиб ёзиб ҳам қўйишибди. Аввалига, яширмай қўяқолай, роса маза қилиб кулдим. Нега десангиз расм ўзимга ҳам жуда маъқул бўлган эди-да. Кейин бошқалар ҳам бизнинг устимиздан мана шунақанги қилиб кулишган бўлса керак, ҳатто уйларига ҳам бориб кулишгандир, деб ўйладиму, алам қилганидан тишларим ғижирлаб кетганини ўзим ҳам билмай қолдим.
* * *
- Менга қара, бу китобларни тўплаб-тўплаб кейин нима қиласизлар?
- Ўқиймиз-да. Ориф, ухлагандан китоб ўқиган яхши, дейди. Шерик, сени ҳам рўйхатга қўшиб қўйдик. Китоб ўқигинг келса, кириб аввал қўл қўясан-да, истаган китобингни олаверасан... Биз иккинчи синф болаларига китоб бермайдиган бўлдик. Биласан-ку, уларнинг қўлига китоб тушса, расмини қирқиб олиб қўғирчоқ ясашади.
НАСРИДДИН тайёрлади.