Меню

Қашқадарё

22.12.2022 5455

БОБОНГ ИЧГАН ҚУДУҚДАН СУВ ОЛИБ ҚАЙТАЁТИБ, У ДУЧ КЕЛГАН ТОШГА СЕН ҲАМ ҚОҚИНИБ ЎТАВЕРАРКАНСАН

Сараланган сатрлар

Бугун кўпчилигимиз Telegram ижтимоий тармоғидан фойдаланамиз. Кундалик хабарлар, турли кўнгилочар, маънавий-маърифий мавзудаги видеолар, китоблар, мусиқаю фильмлар вақтни унумли ўтказишда, билимимизни бойитишда, тасаввуримиз кенгайишида қўл келади. Аксинча, худди шу тармоқ вақтни энг кўп "ўлдирадиган" майдон, десак ҳам хато бўлмайди.

Ўйлаб кўринг, Telegramдаги ўзаро ёзишмаларни жамласак, қандай кўриниш олади? Маъно-мазмунли бўладими, ё тутуруқсиз, беҳуда сўзлар жамланмасими?

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо Telegram-роман ёзганига нима дейсиз? Бону исмли қизнинг қайғу, дард-аламлари, ҳаётий хулосалари акс этган кечмишлари ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Бугун шу романдан парчалар жамладикки, янги давр ўзбек адабиётига мансуб китобни ўқиб чиқасиз, деган умидимиз йўқ эмас.

*  *  *

Ёшим ўттизни қоралаб, бу дунёда ҳар ким ўз муаммосини фақатгина ўзи ҳал қилиши мумкин деган қатъий хулосага келиб бўлганман. Қолаверса, адолат ва ҳақиқат тушунчаларини турмуш талотўплари қуюни шу қадар биздан йироқлаштириб, осмону фалакка олиб чиқиб кетдики, энди бу мезонлар фақат арши аълода мавжуддек кўринади.

*  *  *

Армон тошдек зил бўлгани учун ҳам дил тубига чўкади дейдилар... Тошлари тоғдек қалашиб кетган юракни нима деб аташ мумкин? Тошюрак деймизми? Инсон шу тариқа бағритошга айланадими? Бу метин кўнгилни нечук тафт, ҳарорат эритади? Қандай куч унга қайта жон бағишлайди? Қайси қудрат бу тошларда гул ундира олади? Билмадим, билмайман...

*  *  *

Саҳро деганда кўпчилик қип-қизил яйдоқ кенгликни, қоракўлдай мавжланган барханларни, олисларга кўз тикиб лоқайд кавш қайтараётган туяларни, шувоқ соясида бир оёғини кўтарганча қотиб қолган эчкиэмарни, саксовул айрисига ўралиб, "ҳазми таом" қилаётган чипор бўғма илонни тасаввурига келтиради. Мана шу қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган чўл бағрида қанчадан-қанча хазина яшириниб ётгани, минг-минглаб турга мансуб жониворлар турғун маскан тутгани, кўпдан-кўп мўъжизавий манзилгоҳлар, мўътабар қадамжолар, не-не азизларнинг муборак дахмалари борлиги аксариятнинг хаёлига ҳам келмайди.

Ҳа, одам боласи кўзлари илғаган нарсанигина мавжуд деб ўйлайди, қўллари тутган жисмнинггина борлигига ишонади.

*  *  *

Биз ўз ҳолимизча воситасиз фалакка кўтарила олмаганимиздек, ўлмай туриб замин бағрига ҳам буткул киролмаймиз. Юзадамиз... юзакимиз...

*  *  *

Мен пахта ҳидини болалигимдан яхши кўрардим. Айниқса, ёз тугаб улгурмай, куз бошланмай туриб очиладиган нишона пахта бўлади-ку, унинг аллақандай момиқ исини туйгандирсиз, балки бу қуёш куйдирган тола ҳидидир, балки шонагул тароватидир, хуллас, юмшоқ-қуруқ бир ҳиди бўлади-да...

Тўғри, ноябрларга бориб терим азобга айланади. Ёғингарчилик, лойгарчилик, кўзбўямачилик мавсуми бошланади. Қиз бечораларнинг боши касалдан чиқмайди. Кимнинг оёғи қақшаган, ким тумов-пучқоқ, кимнинг жигари шишган, ким бошоғриқ...

Лекин сентябрь пахтаси - романтиканинг худди ўзгинаси. Бу вақтда кечалар ҳам сафоли, чўл осмонида юлдузлар ғўзапоя чўғидек бозиллайди, илиқ шабада димоғингга юлғун ва янтоқнинг ачимсиқ ҳавосини кўтариб келади...

*  *  *

Парвардигори олам инсониятга аталган ҳуснни яхлит олиб, унинг бир фоизини ажратибди. Ўша фоизни яна юз бўлакка бўлибди-да, тўқсон тўққизини Ҳазрати Юсуфга, қолган бирини бани одамга ҳадя қилибди... Юсуф алайҳиссалом андоғ гўзал инсон эканларки, Зулайҳо у кишини сабзи тўғраб ўтирган қиз-жувонлар чодирига таклиф этганда, бечора аёллар у кишининг ҳуснларига маҳлиё бўлиб, ўз бармоқларини тўғраётганларини сезмай қолишган экан...

Гўзалликда шундай сеҳр, жоду бор.

*  *  *

Ошиқ кўнгилнинг гумони ишончидан баландроқ келади.

*  *  *

Жамоат уловида юришнинг ҳам ўзига яраша гашти бўлади, а?

Автобус деразасидан қараб кетсанг...

Йироқ қочиб кетар ташвишлар...

*  *  *

Бизда фожианинг ўзидан кўра унинг гап-сўзи, миш-миши ёмонроқ эмасми?

*  *  *

Биз одамлар шунақамиз, бировларни худбин деймиз-у, ўз манфаатимиз учун бошқаларни қурбон қилаётганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

*  *  *

Дадамнинг тобути ердан узилган куни мен учун ҳам ҳаёт тугагандай, қиёмат қойим бўлгандай туйилган, ҳовлида ивирсиб юрган одамлар ўта аҳамиятсиз, майда кўриниб қолган, ўтин ёриб, сув ташиётганларга қараб нега буларнинг кўнглига бу қадар икир-чикирлар сиғяпти, нега булар осмонни ёриб фарёд кўтаришмаяпти, деб ҳайрон бўлардим. Билсам, бу қайғу меники, бу андуҳ фақатгина менга қарашли экан.

Хонадон дадамнинг йўқлигига кўникиб бўлган, бир-бирини етаклаб келадиган маърака, расм-русум ўз маромида ўтиб борарди. Ўлдинг-ўчдинг экан.

Кунлар захкашнинг сувидай ортига қайрилмай сокин кетаверди...

*  *  *

Азадор одам бировга кўрингиси келмайди.

Балки, кимлардир ачиниб қарашидан безиб, эҳтимол, аза кийимидан ноқулай тортиб... билмайман... Бундай пайт одам марҳумни асраб қололмагани учун ўзини бошқалар олдида гуноҳкордек ҳис қиладими...

*  *  *

Йўқолган нарса қайта топилса, қадр-қиймати аниқ билинади. Сен ҳам ўзингни йўқот, ўзингни йўқ деб ишон, тасаввур қил, ана шунда вақти соати етиб кимлигингни англайсану қадрингни ҳам, қимматингни ҳам билиб оласан.

*  *  *

Атрофга қарасанг, живир-живир ҳовур кўтарилади. Осмонга туташ қумлоқнинг ниҳоясига син солсанг, олис-олисларда туман оралаб аллақандай ложувард кўлми, денгизми кўрингандек бўлади.

Саробми бу?

Ё тасаввур жилвасими?

Нега баъзан саробий манзаралар кўпчиликка бир хил кўринади? Ҳамма бирдек чанқагани, сув - обиҳаётга айлангани, бужмайган ёнғоқ мағзидек мия талвасага тушиб, ўзини аврашга киришгани учунми?

Аммо ана шу алдоқчи саробга интилиб саҳронинг ўлим исканжасидан қутулиб қолган курашчан одамлар ҳам бор дейишади.

*  *  *

Умид ҳам қуёшга ўхшайди, ботар чоғи ҳаммаёқ зулматга чўмади, энди ҳаёт тугади деган ўй кўршапалакдай айланиб қолади. Аммо вақтики етиб умид яна уйғонади, саҳро осмонида беғам сузган увада булутлар қорнига заррин нурлар қадалиб, яна ҳаёт бошланади, қушлар тилга киради, қумга қулоқ боссанг, еростидаги илдизлар шивирини илғай бошлайсан.

*  *  *

Мусофирлик бу - ўз ихтиёринг билан келиб, ўзгалар ихтиёри билан яшайсан дегани...

*  *  *

Ҳаётингни кунма-кун ёзиб, хулосаларингни битиб бораверсанг, бундан ортиқ сабоқ бўлмайди. Ҳар қандай одамда ҳар куни, албатта, эсда қоларли бирор воқеа ёки гап бўлади. Сен ёзаётиб ўз умрингни таҳлил қилиб борасан, энг муҳими, фикрлашга ўрганасан. Буюк одамларнинг кўпи кундалик тутиб, шунинг орқасидан шараф топган.

*  *  *

Қанийди инсониятга қилган хатоларини тузатиш учун бир дақиқа бўлса ҳам имкон берилганида...

*  *  *

Ўлаксахўрга ўхшаб йиқилишингни пойлаб турадиганлар бор.

*  *  *

Омадинг бир чўчиса, бахтинг ҳуркиб қочар экан...

*  *  *

Ҳурмат ҳам ғалабага ўхшайди. Худди жангда ғалаба қозонилганидек, иш жойингда ҳурмат қозонасан. Бу осон эмас. Урушнинг муддати аниқ бўлиши мумкин, лекин ишда ҳурмат топиш учун соатга қарамасдан ишлаш керак.

*  *  *

Навосиз улуснинг навобахши бўл,

Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл!

Қаранг, бундай аччиқ танбеҳ айтиш учун шоир қанча азият чеккан экан-а! Биз-ку, оддийгина қора халқ вакилимиз, шунда ҳам кўнгилчамиз гунафшадан нозик. Ана энди Навоийдай даҳонинг зариф дилини тасаввур қилаверинг...

*  *  *

Ишсиз киши кўчада ётган гувалага ўхшайди - ўтган одам ё қоқилади, ё бир тепиб ўтади.

*  *  *

Агар файласуфларнинг панду насиҳатлари инсонга қўл келганида ҳеч кимнинг бошига мусибат тушмас, турмуш юз карра фаровон бўлмасмиди?

Чиндан одам ўз бошидан кечирмагунча, деворга боши урилмагунча аждодлар хатоларини такрорлаб боравераркан...

Бобонг ичган қудуқдан сув олиб қайтаётиб, у дуч келган тошга сен ҳам қоқиниб ўтавераркансан.

Ҳаётнинг умумга бахшида табиий офатларидан ташқари айнан сенга аталган кўргиликлари ҳам бор, ҳеч кутмаган вақтингда шошвор гурзиси билан бошингга чунонам туширадики, осмонларда юрган бўлсанг, тупроққа қайтишга мажбур бўласан.

Хато қилмаслик учун инсонда амалий тажриба бўлиши керак экан... Тажрибанг қиёмига етганида эса сенда хато қилиш имкони қолмайди...

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!