Меню

Қашқадарё

16.06.2020 1428

БОҒ ЎРНИДА ДОРИХОНА ҚУРИЛАЯПТИМИ?

Муносабат

Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган, Қарши шаҳри Янги турмуш маҳалласидаги боғ бузилиб, ўрнига дорихона қурилаётгани ҳақидаги хабарга Қарши шаҳар ҳокимлиги қуйидагича муносабат билдирди:

“Ушбу масала Қарши шаҳар табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида Қарши шаҳар ҳокимининг 2018 йил 12 декабрдаги қарорига асосан фуқаро Қосимжон Адиловга Хонобод кўчасидан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун 117 квадрат метр ер майдони ажратилгани, бироқ ҳали бу ерда қурилиш ишлари бошланмагани аниқланди.

Аввалроқ Қарши шаҳар Хонобод кўчасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, дарахтларни буталаш ишлари бажарилган. Ободонлаштириш ишлари вақтида мевали ва манзарали дарахтларга ҳеч қандай зарар етказилмаган. Дарахтларни таг қисми билан кесиш ҳолатлари юз бермаган.

Ҳозирда ҳокимлик томонидан шаҳар ҳудудини яшил масканга айлантириш мақсадида кенг кўламдаги кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳар ҳокимлиги томонидан дарахтларни кесиб, яшил ҳудудга зарар етказиш каби ҳолатларга эса асло йўл қўйилмайди”.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!