Меню

Қашқадарё

10.11.2020 1391

БОҒЧАДА ДАРАХТЛАРГА ҚИРОН КЕЛТИРИШДИ

Биласиз, Президент фармони билан 2019 йил 1 ноябридан 2020 йил 31 декабрига қадар дарахт кесиш тақиқланганди. Бордию, бирор объект қурилаётган ёки лойиҳалаштирилаётган бўлса, ер майдонларини танлаш ва ажратиш жараёнида, электр, газ, сув таъминоти, канализация ўтказишда дарахтлар сақлаб қолиниши зарур.

Шундай бўлса-да, бунга зид ҳаракат қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Эҳтимол мавжуд тартибни билмаган кишиларни тушуниш мумкиндир, аммо қоқ марказда, боз устига давлат муассасасида бундай ишга қўл уришса, буни ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди.

Экологияга масъул инспекторлар томонидан Қарши шаҳридаги 28-давлат мактабгача таълим ташкилотида назорат тадбири ўтказилганда, боғча ҳудудидан ҳар хил диаметрдаги терак, оқ акация, қайрағоч каби дарахтлар ноқонуний равишда, ҳеч қандай рухсатсиз кесилгани ҳамда кесилган дарахтлар ташиб кетиш учун "ЗИЛ" русумли автотранспортга жойлаштирилганлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!