Меню

Қашқадарё

21.04.2018 3359

БОҒЧА ЁКИ МАКТАБГА БОРАДИГАН БОЛАЛАРНИ ГЕПАТИТ А ГА ҚАРШИ ЭМЛАШ МАЖБУРИЙМИ? ВАКЦИНА НАРХИ НЕГА ҚИММАТ?

Хўш, болани гепатит А га қарши эмлатиш мажбурийми? Вакцина учун 150 минг сўм нархни ким белгилаган ўзи?

- Гепатит А га қарши эмлатиш ихтиёрий, мажбурий эмас, - дейди вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош врачининг эпидемиология масалалари бўйича ўринбосари Собир Муродов. -  Бироқ у пулли, яъни айни пайтда 150 минг сўм. Бунга сабаб, у миллий эмлаш календарига киритилмаган. Ихтиёрийлигини шундай тушуниш керакки, барча гигиена қоидаларига риоя қилинган тақдирда ҳам гепатит А касаллигидан ҳеч ким ҳимояланмаган. Олдини олишнинг бирдан бир йўли - вакцинация.

Маълумотларга кўра, бугун юртимиз болалари 13 хил вакцинани давлат ҳисобидан олади. Бўғма, қоқшол, полиомиелит, менингит, кўкйўтал, қизамиқ, қизилча, гепатит В каби касалликларнинг оқибати болаларда кўп ҳолларда ўлим билан тугагани сабабли уларга қарши вакциналар мажбурий эмлаш тизимига киритилган, яъни бепул. Гепатит А билан оғриганда эса ўлим кўрсаткичи паст бўлгани туфайли вакцина бу рўйхатга қўшилмаган.

Бундан кўриниб турибдики, боласи сариқ касали билан оғримаслигини истаган ота-она пулини тўлаб, эмлатиши керак. Бундай олиб қараса, қайси ота-она фарзандининг бирор дардга йўлиқишини истайди? Ҳеч ким!

Аммо юртимизда гепатит А га қарши эмлаш ишлари 2014 йилдан бери амалга оширилаётган бўлса, ўтган давр ичида вилоятимизда 26 минг 500 нафар бола эмланган, холос. Бу 14 ёшгача бўлган болаларнинг бор-йўғи 2,8 фоизини ташкил қилади.

Хўш, нега? Нима сабабдан гепатит А га қарши эмланганлик даражаси вилоятда жуда паст? Балки бунга вакцина нархининг қимматлиги сабаб бўлаётгандир? Тўғри, кимгадир 150 минг сўм у қадар катта пул бўлмаслиги мумкин, аммо кам таъминланган ёки серфарзанд оилалар учун бу салмоқли сумма.

- Вакцина нархи Тошкент шаҳридаги "Тиббиёт дунёси" МЧЖ томонидан белгиланган, - дейди Собир Муродов. - Чунки вилоятимизга вакцинани улар етказиб беради. Нархни нимага асосан белгилашганидан хабаримиз йўқ. Айни пайтда вилоятда Хитойдан келтирилган эмлаш воситасидан фойдаланилади. Бельгияники ҳам бор, бироқ унинг нархи 200 минг сўмдан юқори. Мутахассис сифатида айтишим мумкин, Хитойдан келтирилган вакцина талабга жавоб беради. Бола сариқ касал билан оғримаслигига 15 йил кафолат бор, самарадорлиги 95 фоиз.

Айни масала юзасидан "Тиббиёт дунёси" МЧЖ мутахассислари билан ҳам боғландик. Улар эмлаш воситасининг хориждан келтирилиши, умуман барча харажатлар қийматидан келиб чиқиб, ушбу нарх белгиланганини, вакцина 150 минг сўм, аммо бола касал юқтириб олса уни даволаш учун 3-4 миллион сўм кетиши, қолаверса, бола 6-7 ой давомида парҳезда юриши кераклиги, шундан келиб чиқсак, вакцина нархи у қадар қиммат эмаслигини маълум қилишди.

Дарҳақиқат, уларнинг айтганида ҳам жон бор. Бола сариқ касалига чалинса, камида 6 ой диспансер назоратида бўлади, лаборатория таҳлилларини топшириб юради. Бир ойгача мактабга бормайди. Таълим муассасаси эса 35 кунга карантин қилинади. Бемор билан алоқада бўлган барча болалар текширувдан ўтказиб чиқилади. Хуллас, турган-битгани ташвиш. Аммо барибир ота-оналар боласини эмлатишга у қадар шошилаётгани йўқ, аниқроғи гепатит А га унчалик ҳам жиддий қарашмаяпти.

Шу ўринда бир маълумот: бутун мамлакатимиз бўйлаб гепатит А га қарши вакцина фақат "Тиббиёт дунёси" МЧЖ томонидан етказиб берилар экан. Тўғри, кичикроқ яна бир-икки етказиб берувчилар ҳам бор, бироқ асосий         етказувчи юқорида номи келтирилган жамият экан. Балки  бу борада ҳам рақобат таъминланса, вакцина нархида пасайиш бўлар?!

Бу энди бир мулоҳаза, ният. Аммо яқин-яқингача дори-дармон нархи тушишидан умид қила олмасдик. Ўтган йилдан эътиборан тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самарасида дори-дармон йўналишида монополия бекор бўлди, уларнинг нархлари бирхиллаштирилди. Айрим дорилар нархи 3-4 баравар арзонлашди. Балки гепатит А га қарши вакцина етказиб беришда ҳам шу каби рақобат муҳити яратилиши керакдир? Ўшанда вакцина нархи оз бўлса-да пасаяр, ўшанда одамларда эмлатишга рағбат уйғонар, ҳаракат кўпаяр, сариқ касали билан оғриган болалар сони камаяр?

Аслида қанча кўп бола эмланса, ҳаммамизга шунча фойда. Аммо вакцина етказиб берувчилар учун аҳоли саломатлигидан кўра даромадни кўпайтириш муҳимроқдай туюлади. Балки бу табиийдир?! Аммо бордию вакцина нархи сал арзонлаштирилган тақдирда ҳам етказиб берувчилар ютқазиши мумкин, деб бўлмайди. Дейлик, маҳсулот Хитойдан 70 минг сўмга олинди. Харажатларни қўшиб, юртимизда 150 минг сўмга баҳоланди. Яъни устига бир баравар нарх "минди". Аммо талаб таклиф билан мувофиқ келмаяпти. Етказиб берувчи муайян муддатда битта маҳсулотни қимматроқ пуллагандан кўра, шу даврда арзонроқ қилиб 10 та маҳсулот сотса ютқазадими? Аксинча, ютади. Шу йўсинда бундан қолганлар - жамият ҳам, одамлар ҳам манфаатдор бўлади.

Ваҳоланки баъзи тасдиқлаб олиш имкони бўлмаган маълумотларга кўра, биргина вилоятда ҳар йили 3 минг нафар бола гепатит А касаллигига чалинмоқда. Демак, бу борадаги амалиётни, нархларни қайта кўриб чиқиш керак. Ҳарҳолда юқоридаги рақам анча ташвишли ҳолатни тасдиқлаб турибди.

Бундан ташқари, бугун вилоятда гепатит А га қарши эмлаш ишлари асосан Қарши шаҳридаги 4-оилавий поликлиникада бажарилади, холос. Эмлаш бригадаси эса 3 киши: врач, ҳамшира ва кассирдан иборат. Яна улар фақат шанба куни хизмат кўрсатади.

- Айнан шу муассаса танланишида шаҳар ўртасида жойлашгани, келиб-кетиш қулайлиги ҳисобга олинган, - дейди 4-оилавий поликлиника мудири муовини Муаззам Хидирова. - Алоҳида эмлаш хонамиз бор. СЭСдан келиб, болаларни эмлаб кетишади, биз фақат жой берамиз.

Кўриниб турибдики, эмлаш ишларини вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширса бўлади. Битта хона қаерда топилмайди, дейсиз. Бунинг учун эмлаш бригадаси фаол бўлиши, ўз ишини тарғиб қилиши, гепатит А нинг бола саломатлигига таъсирини тўғри тушунтириши керак. Бу борадаги ишлар рисоладагидек эмаслиги сабаб ҳам сариқ касалига қарши эмланганлик даражаси вилоятда жуда пастлигича қолаяпти. Мактаб ва боғчаларда эса вакцинация мажбурий эканлиги бўйича шартлар ўйлаб топилмоқда. Улар ҳам нима десин: шу билан ўзларини "страховка" қилгиси келади...

Б.ЎКТАМ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!