Меню
Қашқадарё
БИЗНЕСДА ҲАМ ТАШАББУСКОР
Бугунги кунда аёллар иқтисодиётнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тармоқлари, миллий ҳунармандчиликда ўз ишбилармонлигини тўла намоён этишмоқда. Айниқса, текстиль саноатида иш олиб бораётган тадбиркор хотин-қизлар бу соҳада юқори натижаларга эришаяпти. Қарши туманидаги “Хадичабону Гўзалахон” хусусий корхонаси раҳбари Гўзал Примова ана шундай ишбилармон аёллардан биридир.
- Фаолиятимизни бошлаганимизга 3 йил бўлди, - дейди у. – Шу қисқа вақт мобайнида анча ўсишга эришдик. Тикув цехи ташкил қилганмиз. Бу ерда 15 та замонавий дастгоҳ ўрнатилган. 12 нафар ёш хотин-қиз иш билан банд. Қолаверса, касаначилик асосида ҳам иш юритаяпмиз. Қишлоғимиздаги хотин-қизларнинг 35 нафарини меҳнатга жалб қилганмиз. Цехимизда тайёрланаётган маҳсулотлар тури 30 дан ошган. Эътиборлиси, 2015 йилда воситачилар билан ҳамкорликда Россия давлатига биз ишлаб чиқарган кўрпа-тўшак, ёстиқ экспорт қилинди. Келгусида бевосита ўзимиз чет эллик харидорлар билан алоқа ўрнатмоқчимиз.
Аҳамиятлиси, Гўзал Примова корхонада устоз-шогирд анъанасини ҳам давом эттираяпти. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бу ерда 20 нафарга яқин коллеж битирувчиси амалиёт ўтамоқда. Тадбиркор аёл маҳорат орттираётган бу қизларнинг келажакда ўз бизнесига асос солишига ишонади.
Дарҳақиқат, бугун аёллар тадбиркорлиги жадал ривожланаяпти. Косон туманидаги “Косон ривож текстиль” оилавий корхонаси раҳбари Лобар Қурбонованинг фаолияти ҳам бунга мисол бўлади. Ёш ишбилармон ўтган йили 6 хил янги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйгач, уларнинг тури 70 тага етди. Ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан эркаклар ва аёллар кийимлари, хусусан, костюм, жинси шим, қишки устки кийимлар, болалар кийим-кечаклари тайёрланмоқда.
- Сўнгги вақтда юртимизда аёллар жамиятнинг барча жабҳаларида фаоллик кўрсатаяпти, - дейди Муборак туманилик ҳунарманд Дилором Мейлиева. – Ҳаттоки, бизнесда ҳам хотин-қизлар ташаббускор бўлаяпти. Ўзим ҳам кўп йиллардан бери каштачилик, гиламдўзлик, тўқувчилик билан шуғулланаман. Яқинда элита пардалар тикишни йўлга қўйдим, пазандалик ўқув курсини ташкил қилдим. Маҳсулотимизга талабгорлар кўп. Даромадим ҳам ошиб бораяпти. Шогирдлар етиштираяпман. Ҳам оила юмушлари, ҳам тадбиркорлик билан шуғулланишга бирдек вақт топаяпман.
Маълумки, иқтисодиёт, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасининг айрим тармоқлари ривожи кўп жиҳатдан аёллар билан боғлиқ. Мисол учун, тикувчилик, ширинлик пишириш хотин-қизларга хос тадбиркорлик йўналишларидандир. Деҳқонободлик якка тартибдаги тадбиркор Лобар Тошпўлатова ҳам 2012 йилда туман марказида хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этганди. У ўтган даврда фаолиятини анча кенгайтирди.
- Ҳозирги кунда гўзаллик ва келинлар либослари салонимиз ишлаб турибди, - дейди ишбилармон. – Бир қанча қизга иш ўргатиб, ёнимга олдим. Мақсадимиз - туманимиз аёллари чиройига янада чирой қўшиш, уларга сифатли хизмат кўрсатиш. Бу борада маҳоратимизни ошириб бораяпмиз. Келинлар либосларини ўзимиз тикамиз. Бундан ташқари, тантаналар учун тортлар пиширамиз. Хизматимиздан фойдаланувчилар кўп. Мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлиги қўллаб-қувватланаётгани биз учун айни муддао бўлаяпти. Келгусида бир қанча режаларимизни амалга оширмоқчимиз.
Аёл тадбиркор бўлса, рўзғорга ҳам, жамиятга ҳам бирдек фойда. У кўпчиликни ишли қилади, оила бюджетига наф келтиради. Шунингдек, бозорга ҳам сифатли маҳсулот чиқариб, талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлашга кўмаклашади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.