Меню
Қашқадарё
БИЗНЕС ҒОЯЛАР РЎЁБГА ЧИҚМОҚДА
- Ўтган йили тижорат банки томонидан ажратилган 80 миллион сўм миқдоридаги кредит фаолиятимизни янада ривожлантиришга имкон берди, - дейди тадбиркор. – Ҳозирги пайтда яхши тухум берадиган “Синди” зотли товуқларни боқаяпмиз. Улар сонини тез орада яна кўпайтирмоқчимиз. Ҳозир, оила аъзоларимиз тўлиқ фойдали меҳнат билан банд. Қолаверса, яна беш кишини ишга олганмиз.
Дарҳақиқат, юртимизда тадбиркорларга яратиб берилган кенг имкониятлар уларнинг муваффақиятли фаолиятини таъминлаб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал равнақ топишида бош омил бўлаяпти. Бу тумандаги “Жонибек” хусусий корхонаси фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланди.
- Асосан мебель буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланаяпмиз, - дейди корхона раҳбари Аслиддин Эргашев. – Бугун маҳсулотларимизга аҳолидан, умумий овқатланиш шохобчалари, меҳмонхона, мактабгача таълим муассасаларидан талаб кўпроқ бўлаяпти. Ўтган йили замонавий технологиялар асосида ёғочга турли нақшлар босишни ташкил қилганимиз маҳсулотимиз хилма-хиллиги ва харидоргирлигини оширди. 10 нафар кишини иш билан банд қилганмиз.
Эътиборлиси, туманда юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланилаётгани кўзга ташланади. Буни янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, ўтган йили Руниза Галаева якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, асаларичилик билан шуғуллана бошлади. Бугунги кунда ушбу субъектда 250 та асалари оиласи парваришланаяпти. Бултурнинг ўзида етиштирилган асал 7 тоннага етди.
- Ҳозир томорқачилик ортидан ҳам яхши даромад қилиш мумкин, - дейди Синнон қишлоғида яшовчи Лутфилло Қўшшаев. – Кўчат етиштириш асосий касбимизга айланган. Ҳар йили помидор, булғор қалампири ниҳолларини парваришлаб, бозорга чиқарамиз. Рўзғордан пул орттириб, ўтган йили 2,5 сотих майдонда иссиқхона қурдик. Иссиқхонанинг бир қисмида кўчат ўстираяпмиз. Ярмида эса жўяк очиб, помидор экдик.
Бир сўз билан айтганда, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар туфайли бозорлар тўкин бўлаяпти, турмуш фаровонлашмоқда. Улар фойда кўриш билан бир қаторда яна кимнидир ишли қилаяпти, шу тариқа, юрт ободлиги, иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшишмоқда.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ.
* * *
Суратларда: Яккабоғ туманилик ишбилармонлар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.