Меню
Қашқадарё
"БИЗГА НАСАФИЙНИНГ "ҲАССА"СИ ЗАРУР..."
Биз мана шундай жоҳилларга қарши маърифат билан кураша олишимиз, исломнинг яратувчанлик кучи моҳиятини тушуниб етишимиз учун ҳам Имом Бухорий, Марғиноний, Мотуридий, Абу-л-Муин Насафий сингари алломаларимиз илмий меросини англашимиз керак.
Вилоят ҳокимлигида буюк мутакаллим, Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия ақидавий мазҳабининг алломаси Абу-л-Муин Насафийнинг ибратли ҳаёти ва илмий меросига бағишланган "Илму зиёси кўзларга тўтиё бўлган аллома" номли илмий-амалий конференцияда бу хусусда батафсил сўз юритилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, вилоят ҳокимлиги, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, Тошкент шаҳри бўлимлари раҳбарлари, олимлар, тадқиқотчилар, ОАВ ва ёшлар вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда маъруза қилган республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Олий Мажлис депутати Алишер Қодиров, мазкур марказ раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов, марказ бўлим бошлиғи Иргаш Даминов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, филология фанлари доктори Нафас Шодмонов ва бошқалар буюк ватандошимиз Абу-л-Муин Насафий илмий меросининг беназир аҳамиятини илмий маълумотлар асосида таҳлил қилишди.
Анжуманда қайд этилганидек, ислом оламида "Сайфу-л-ҳақ" ("Ҳақиқат қиличи") деган ном олган улуғ аллома ёзган 15 асарнинг фақат учтаси бизгача етиб келган. Мазкур асарлар - "Табсирату-л-адилла", "Баҳру-л-калом" ва "Ат-тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид" мутахассис олимларимиз томонидан таржима қилиниб, нашр этилди. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатлари, хусусан, Мисрнинг машҳур Ал-Азҳар университетида бу асарлардан дарслик сифатида фойдаланилади.
Аллома асарлари экстремистик ғояларга раддия ҳисобланади. Ҳа, Насафий бобомиз бундан минг йил аввал жаҳолатга қарши маърифат билан курашган.
- Насафий кимники? Энг аввало уни англаганники, - дейди профессор Муҳаммаджон Қуронов. - Моҳиятан, биз уни англай олсаккина ўзимизники, деб айта оламиз. Бугун шундай долғали замонда бизга рамзий маънода Насафий бобомизнинг "ҳасса"си жуда зарур бўлаяпти. Биринчидан - маърифат истаганларга ва йўлдан адашганларга тўғри йўлни кўрсатиш, иккинчидан - динимиз душманлари "бошига уриш" учун... Бугун расмий гапларнинг даври ўтди. Ўзини зиёлиман, деб санаган ҳар бир киши Насафийдан камида уч ҳикматни ёддан билиши зарур. Ва уни одамлар ўртасида тарғиб қилиши, мавриди келмаса, мавридини ясаб, автобусдами, йўлдами, даврадами - айтиши зарур. Ўқувчилар, талабалар орасида насафийхонлик тадбирлари, ТВ, радио ва матбуотда "Насафийдан ўқиб, билдим" сингари рукнларда маърифий кўрсатув, эшиттириш ва мақолалар берилиши мақсадга мувофиқдир.
- Иймоннинг белгисини уч хил дейдилар: тил билан, дил билан ва амал билан, - дейди Иргаш Даминов. - Мотуридий ва Насафий боболаримиз қалб билан тасдиқ иймоннинг ўзи, деб айтадилар. Аммо айрим йўналиш вакиллари амал ҳам шарт, дейдилар. Ва бу қараш кўпгина давлатларда қонли низоларга сабаб бўлаяпти. Тўғри гапни кескирлик билан айтишни Насафий бобомиздан ўрганишимиз керак. Масалан, "Камбағаллик куфрга яқин туради", деган ҳадис бор. Насафий буни шундай изоҳлайди: "Илмдаги қашшоқлик куфрга яқиндир". Дарҳақиқат, жоҳил одам илмдан узоқ, куфрга яқин бўлишига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Анжуманда аллома ҳаёти ва илмий меросига бағишланган "Ҳақиқат қиличи" ҳужжатли фильми илк бор намойиш этилди. Анжуман иштирокчилари Абу-л-Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилишди.
Конференция материаллари пойтахтимиздаги "Муҳаррир" нашриётида чоп этилган. Ундан швециялик ва қозоғистонлик олимларнинг мавзуга доир илмий мақолалари ҳам ўрин олган.
Нуриддин ЭГАМОВ