Меню

Қашқадарё

23.11.2017 2206

БИЗГА КЕЛГАН МАКТУБЛАР

Касби туманилик Ҳатамхон Луқмонов бизга йўллаган мактуб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган. "Жонкуяр раҳбар, моҳир иқтисодчи, етук сиёсатчи ва Мустақиллик меъмори" сарлавҳали ушбу мақолада Буюк Йўлбошчининг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида сўз юритилиб, шундай фикрлар келтирилган:

"Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг яловбардори сифатида тан олинди. БМТнинг сессияларида халқаро терроризм, наркобизнес, одам савдоси каби жирканч иллатларни бартараф этиш ҳақидаги таклиф-ташаббуслар билан чиқди. Унинг таклифлари чет эллик сиёсатчилар томонидан қўллаб-қувватланди. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, марҳум Буюк Йўлбошчи сиёсат майдонида етакчилик қобилиятини намоён қила олди..."

Дарҳақиқат, Ислом Каримов дунё тан олган етук сиёсатчи, доно йўлбошчи эди. Унинг хотираси халқимиз қалбида абадий сақланади. Зеро, ҳеч бир халқ, ҳеч бир миллат бу каби фарзандлари номини унутмайди, уларнинг амалга оширган эзгу ишларини ҳамиша ёд этади, хотираси олдида таъзим қилади.

Ўзбек халқи хотирасида абадий сақланадиган яна бир сиймо бор. Бу - таниқли давлат арбоби, ижодкор Шароф Рашидов бўлиб, шу кунларда турли ташкилот-муассасаларда унинг хотирасига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси директори ўринбосари А.Темиров томонидан бизга йўлланган хатда мазкур муассасада ўтказилган шундай тадбир ҳақида сўз юритилган. "Синовларда сайқал топган сиймо" деб номланган тадбирда кутубхона фойдаланувчилари иштирок этган. "Фаол китобхонлар Т.Эргашев, С.Тўраева адиб асарларидан олган таассуротлари ҳақида сўзлаб беришди, - дейилади мақолада. - Шунингдек, кутубхонамиз фондида сақланаётган адиб асарлари ва ҳаётига оид адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди, асарларга библиографик шарҳ берилди..."

Албатта, бу каби тадбирлар айниқса, ёшларни ўтганлар руҳига ҳурмат, аждодлар меросига эҳтиром руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бугунги глобаллашув даврида ёшлар маънавиятини ёт ғоялардан асраш - энг муҳим вазифа.

Қарши давлат университети талабаси Даврон Қўзибоев муаллифлигидаги мақола бугунги дунёни ташвишга солаётган иллатлардан бири - диний экстремизм ва терроризм ҳақида. "Мен диний экстремизм ва терроризмнинг таҳдидини қандай  тушунаман?" сарлавҳали мақолада муаллиф бу борадаги фикрларини қуйидагича ифодалаган:

"Бугунги кунда терроризм, диний экстремизм ва фундаменталистик ғояларнинг муайян бир мамлакат ёки дунёнинг бошқа бир давлатида пайдо бўлишининг сабабларини бутунжаҳон миқёсида содир бўлаётган воқеалардан айро ҳолда таҳлил қилолмаймиз. Чунки бугунги техника тараққиёти ва ахборот технологиялари асрида давлатлар орасидаги ҳудудий чегараланиш фақатгина расмий аҳамият касб этмоқда. Айнан интернет тармоғи бу чегараларни тан олмайди. Шундай экан,  инсониятга қарши қаратилган бундай жирканч ва чиркин ҳаракатларга қарши дунё ҳамжамияти  биргаликда курашмоғи лозим..."

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоли Нуржаҳон Фармонов томонидан юборилган "Қўрқув фитнаси" сарлавҳали хатда ҳам юқоридагига уйғун фикрларни ўқиш мумкин. "Бугун "терроризм" термини билан боғлиқ ҳодисалар бутун дунёни ўзига қаратиб қўйди. Аслида террор маълум бир мафкуравий, диний ва миллий мақсадларга эришиш учун бир восита бўлиб, зўравонлик орқали жамиятда қўрқув уйғотиш усулидир", деб ёзади муаллиф. Кейин терроризмга қарши курашиш учун нималарга аҳамият қаратиш лозимлиги борасида фикр-мулоҳаза юритилиб, шундай дейилган:

"Диний ақидапарастлик - маданий хилма-хилликни тан олмайдиган мафкурадир. Шу сабабли ўрта ва олий таълимда дунёни мустақил англашга ёрдам берадиган фалсафа, мантиқ, психология каби гуманитар фанларни ва шу билан бирга, диний билимлар берилишини чуқурлаштириш лозим. Илм-фан ва маданий хилма-хиллик юксалган жамиятда диний экстремизм, радикал мафкураларга жой қолмайди".

Албатта, кишининг маънавияти юксак, мафкуравий иммунитети мустаҳкам бўлса, бу каби ёт ғоялар шахсни ўз таъсирига ололмайди.

Халқимизда бир гап бор: соғ танда - соғлом ақл. Руҳ саломатлиги жисм соғлиғига ҳам боғлиқ. Бизга йўлланган мактублар орасида саломатлик мавзусида фикр юритилганлари ҳам бор. Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Одилжон Очилов юборган мақола ботулизм хасталиги ва унинг олдини олиш ҳақида. Ушбу касалликнинг келиб чиқиш сабаблари батафсил ёритилган мақолада унга чалинмаслик учун қуйидаги тавсиялар келтирилади:

"Уй шароитида консерва маҳсулотларини тайёрлашда аввало мева-сабзавотларнинг бузилмаганларини танлаб-саралаб олиш, уларни кўпроқ ичимлик сувда ёки қайнатиб совутилган сувда яхшилаб ювиш лозим. Айниқса, кўкатларни алоҳида сувга бўктириб қўйиб, кейин яхшилаб ювиш керак. Ботулизм қўзғатувчисининг споралари тупроқда бўлиши мумкин, шунинг учун мева-сабзавотлардаги тупроқ зарраларини қолдирмаслик, уларни яхшилаб ювиб олиш зарур. Консерва тайёрланаётган маҳсулотни имкон қадар кўпроқ қайнатиш, шиша банкалар, металл қопқоқлар ва консерва тайёрлаш жараёнида ишлатиладиган барча жисмларга етарлича термик ишлов бериш шарт..."

Бу каби тавсияларга амал қилинса, ушбу хавфли касалликка чалиниш хатари камаяди.

Кейинги йилларда энг хавфли хасталиклардан бирига айланаётган ОИТС ҳам дунё аҳлини ташвишга солаётган муаммолар қаторида туради. Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази шифокорлари Ҳ.Ражабов ва Ш.Мақсадқулова муаллифлигидаги мақолада ОИВ инфекцияси ва унга ёндош касалликлар ҳақида сўз юритилган:

"Сир эмаски, кейинги йилларда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият жаҳоннинг деярли барча мамлакатларида мураккаблашиб бормоқда. ОИВ инфекцияси - одам иммунитет танқислиги вируси қўзғатадиган хавфли юқумли касалликлардан биридир. Инсоннинг иммун тизими кўп жиҳатдан қон таркибидаги оққон таначалари - лимфоцитлар фаолияти билан боғлиқдир. ОИВ вируси эса айнан лимфоцитларни емириб, аста-секин иммун тизимини ишдан чиқаради. Унинг яширин даври, яъни касаллик юққан вақтдан бошлаб, касаллик белгилари пайдо бўлгунича бўлган давр ўртача 5-8 йил ҳисобланади. Касалликнинг яширин даврида беморда ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмайди..."

Мақоланинг давомида ОИВ инфекцияси туфайли келиб чиқадиган ёндош хасталиклар ҳақида тўхталиб ўтилган ва бу хасталикнинг олдини олишдаги энг тўғри чора соғлом турмуш тарзига риоя этиш, покиза ва ҳалол оилавий турмуш кечириш эканлиги таъкидланади.

Иссиқ жоннинг иситмаси бор, дейдилар. Одам ўзини хаста сезганида атрофдагилардан кўмак кутади. Яхши муомалага, эътиборга эҳтиёж сезади. Айниқса, шифокорларнинг эътибори, меҳри беморнинг тузалиши учун энг муҳим малҳам саналади. Ғузор туманилик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Эрназар Ҳасанов ва меҳнат фахрийси Норбой Тойиров томонидан юборилган мактубда шифокорлардан миннатдорлик, юртимизда кексаларни эъзозлашдек хайрли ишнинг бардавомлигидан шукроналик ҳисси мужассам. Мактубда шундай дейилган:

"Шу йилнинг сентябрь-октябрь ойларида биз "Қашқадарё соҳили" сиҳатгоҳида даволандик. Бу ердаги шароитлар, ходимларнинг бизга қилган  муомаласидан хурсанд бўлдик. Уларнинг ишларига омад тилаймиз..."

Бу каби дил сўзлари, самимий миннатдорлик изҳори сиҳатгоҳ ходимларининг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиши шубҳасиз. Шу билан бирга, бу юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эъзозу эҳтиромнинг бир кўриниши ҳамдир.

Хуллас, мактубларни ўқир эканмиз, юқоридаги каби фикр-мулоҳазалар, муносабат, таклиф-тавсиялар билан танишамиз. Бу мактубларнинг ҳар бири эса бизнинг эътиборимизда.

ТАҲРИРИЯТ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!