Меню
Қашқадарё
БИЗ УЧУН БАРЧАНГИЗ БИРДЕК ҚАДРЛИСИЗ!
8 март - Халқаро хотин-қизлар куни
Баҳор гўзал ва жозибадор фасл. Унинг байрамлар билан бошланиши эса янада шукуҳли. Мана, ҳадемай 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни келади. Байрам тараддуди эса аллақачон бошланган. Бинобарин, ҳаммамиз оналаримиз, бувиларимиз, қизларимизу келинларимиз, опа-сингилларимизни, умуман, барча-барча хотин-қизларни байрам билан табриклашдан мамнунлик туямиз.
Бироқ, кўпчилик ёшлар билан бўлган суҳбатлар асосида шуни англадимки, улар 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни эканини яхши билгани ҳолда ушбу байрамнинг келиб чиқиш тарихига унчалик қизиқиш билдирмайди.
Шундай экан, хўш, унинг келиб чиқиш сабаблари, тарихи қандай?
Гап шундаки, 1857 йил 8 март куни АҚШнинг Нью-Йоркдаги тикувчилик фабрикаси ишчи хотин-қизлари намойиш ўтказадилар. Улар ўзларига сайлов ҳуқуқлари берилишини, касаба уюшмаларига аъзо бўлишни, 16 соатлик иш кунини 10 соатга қисқартиришни, аёлларга ҳам эркаклар билан тенг миқдорда маош тўланиши ва меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилиб чиқишган. Намойишни шаҳарда яшовчи бошқа хотин-қизлар ҳам қўллаб-қувватлаганлар. Натижада уларнинг талаблари қаноатлантирилган.
Орадан 53 йил ўтиб, аниқроғи 1910 йил 27 августда Дания пойтахти Копенгагенда бўлиб ўтган Бутун Европа Аёллар форумида 8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонлаш таклифи ўртага ташланади. Форумда таниқли немис инқилобчиси Клара Цеткин оташин нутқ сўзлаб, шундай деган эди: "Нью-Йорк аёллари ҳақ эди, европалик аёллар ҳам бундай талабларни қўйишлари керак. Мен 8 мартни "Аёлларнинг ижтимоий ҳуқуқлари учун кураш куни" деб номлашни таклиф қиламан".
Шундай қилиб, Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш 1911 йил 8 мартдан анча кенг тус олган. 1957 йилда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу санани "Халқаро хотин-қизлар ижтимоий ҳуқуқлари учун кураш куни" деб эълон қилган. 1965 йил собиқ иттифоқда 8 март - байрам, дам олиш куни деб эълон қилинган.
Бироқ, хотин-қизлар байрами илк марта 1891 йил 19 март куни Германия, Швейцария, Австрия ва Дания каби мамлакатларда нишонланганини ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Ўшанда бу давлатлар аёллари ҳам ўзларининг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари таъминланиши учун намойишлар ўтказишган. Кейинчалик ана шу анъана тусини олган чиқишлар ҳар йили 8 мартда такрорланиб, аста-секинлик билан аёлларни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш куни сифатида шакллана борган.
Бугун Халқаро хотин-қизлар кунини байрам қилиш жоиз ёки ножоиз эканлиги борасида кимдир дунёвий, яна кимдир диний нуқтаи назари билан турли фикрлар айтишдан тортинаётгани йўқ. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам нозик жинс вакилларига яхши муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини кўтариш, зарур бўлганда ҳимоя қилиш ва моддий жиҳатдан ҳеч кимга муҳтож қилиб қўймаслик эркакнинг бурчи эканлигини эсдан чиқармаслик керак.
Аёлнинг ҳақиқий бахти - бу унинг оиласи. Яқинлари, турмуш ўртоғи ардоғида, фарзандлари эъзозида юрган онадан бахтлироқ аёл йўқ. Оила ва рўзғорнинг оғир ташвишларини, моддий таъминотини аёлга ташлаб қўйган эркак эса ҳеч қачон ҳақиқий меҳр-муҳаббатга сазовор бўлолмайди.
Ана шу ҳақиқат атрофида мулоҳаза қила туриб, жамиятда уй-жойсиз, ишсиз, моддий таъминот ва меҳр-эътиборга муҳтож хотин-қизлар учраётганини эркакларнинг фожиасига ўхшатаман. Бугун аёлнинг мардикорлик, тиланчилик ва ҳатто фоҳишалик қилиб юргани муҳокамасини авж олдиргандан кўра, уларни бу ташвишу изтироблардан қутқарадиган мард, ор-номусли йигитларни тарбиялашга эҳтиёж кўпроқдек кўринади.
Ҳа, жамиятимизда оила, рўзғор юмушлари билан бирга ўзининг салоҳиятини сиёсат, давлат хизмати, таълиму соғлиқни сақлаш соҳалари, илм, маънавият-маърифат ривожи, тадбиркорлик кабиларга йўналтириб, муваффақият қозонаётган хотин-қизларимиз кўп ва улар билан фахрланамиз. Шунинг баробарида уй-жой муаммоси, ўзи ва фарзанди соғлиғини тиклаш ташвиши билан сарсон юрган, тирикчилик илинжида ўзга юртларда ҳаёт қийинчиликларини бошидан ўтказаётган опа-сингилларимиз олдида айбдормиз. Зеро, биз учун барчангиз бирдек қадрлисиз!
Абдишукур ОМОНОВ