Меню

Қашқадарё

21.06.2016 2022

“БИЗ ЧИҚИНДИ ДАВРИДА ЯШАЯПМИЗ!..”

ҚУЛАЙЛИКЛАРСИЗ МЕҲМОНХОНА

Масалан, немис концептуалист рассоми Ханс Шульт Мадриднинг қоқ юрагида нодир арт-иншоотни бунёд этди. 2011 йилнинг январь  ойида ўтказилган “FITUR” кўргазмаси доирасида  шаҳар аҳолиси ва қизиқувчан сайёҳлар бутунлигича чиқиндидан барпо этилган ҳайратомуз меҳмонхонани зиёрат қилишди.

Ишдан чиққан материаллар: йиртиқ пайпоқлар, синган идишлар, пластик ва тунука банкалар, ўрам ва қутилар, эски  маиший анжомлар – буларнинг барини волонтёрлар Италия, Испания, Бельгия ва Франциядаги пляжлардан тўплашди. Шульт бўлса уюм-уюм чиқитни монтаж кўпиги ёрдамида бириктириб, девор, пол ва шифтга айлантирди.

Меҳмонхонадаги бешта бўлма интерьери ҳам ташландиқ лаш-лушлардан қилинган. Полда ранги ўчган, айрим қисмлари аллақачон чириган гилам, деразада парда ўрнида латта-путта, деворларда синган ойна ва гулқоғоз парчалари, уларда чиқинди расмлари акс этган.

Бу “чиқинди олами”да тунаб қолишни истаган ўта қизиқувчан томошабинлар ҳам топилди. Ҳатто бўлажак ижарачиларнинг рўйхатини тузиб чиқишга тўғри келди. Тўғри, бундай “кўнгилочар” томошани “дам олиш” деб атаб бўлмайди. Арт-меҳмонхонада иситиш тизими ҳам, сув таъминоти ҳам йўқ. Меҳмонлар учун маъмурият яратиб берадиган бор-йўқ қулайлик - биоҳожатхона ва ҳамма учун умумий, битта совуткич.

РУҲИЯТИМИЗДАГИ ЧИҚИНДИ

Бу биринчи машҳур ва йирик лойиҳаси бўлмаган (унинг “The Trash Men” – “чиқинди аскарлар армияси” деб номланган композицияси бутун дунё бўйлаб, жумладан, Россияда ҳам намойиш қилинган) рассомнинг фикрича, бу меҳмонхона – “бизни ичдан емираётган” эски-туски, лаш-лушларнинг рамзи. Қурилишга ҳаммаси бўлиб 12 тонна чиқинди сарф бўлди.  Бинонинг ўзи эса “Пляжни қутқарамиз” лойиҳасининг бир қисмига айланди. Гарчи қисқа вақт ишлаб турган бўлса-да, меҳмонхонага келувчилар кўп бўлишини ҳисобга олган Шульт шу йўл билан одамлар дам оладиган масканнинг қанчалик кўп ифлосланишини исботлаб, кўрсатиб берди. Бу ҳайратомуз бинонинг кираверишида “Агар биз ҳозир бирор чора кўрмасак, эртага сенинг таътилинг шундай ерда ўтади”, деган ёзув илинган.

Бу Шульт барпо этган иккинчи “чиқитлар меҳмонхонаси”. Бундан бир йил муқаддам худди шунга ўхшаш иморат Римда қад кўтарган ва яхшигина тўполонга сабаб бўлганди. Бино икки қаватли бўлиб, 10 нафар ижарачига мўлжалланганди. Рассомнинг ўзи мазкур меҳмонхонани “одам ўзининг мулоҳазасиз хатти-ҳаракатлари билан табиатга етказадиган зарарни яққол эслатиш” деб номлаган.

Шультнинг бу ижод маҳсули бизни ўйга толдиради -  ўзимиз ҳам бутунжаҳон чиқиндихонасининг бир бўлагига айланиб қолмаяпмизми? Лойиҳа муаллифи барчамизга “Биз чиқинди даврида яшаяпмиз, биз ўзимиз ҳам чиқиндига айланиш хавфи остидамиз. Шундай оламда яшашни  истармидик?” дея савол беради.

МУҲИМИ - ИШОНЧ

Бироқ Ханс Шульт Испанияда чиқиндидан бино қурган биринчи одам эмас. Чиқинди меъморчилигига асос солган одам ўзининг мазкур буюк ижодини бундан 40 йил муқаддам бошлаган. Тўғри, собиқ роҳиб дон Хусто Галь-его Биби Марям собори қурилишини бошлаганида испан пляжларини тозалаш ғоясини илгари сурмаган. Бунинг тарихи чуқур ва пок эътиқодга бориб тақалади. Мадриддан 15 километрлик масофада жойлашган Мехорада-дель-Кампо шаҳри аҳолиси ўз қаҳрамонларини меҳр билан “девона дон Хусто” деб аташади. Санта-Уэрта монастиридан ҳайдалиб (Хусто Гальего туберкулёз хасталигини орттиргани аниқлангач, роҳиб биродарлари у касалини ҳаммага юқтиради, деб қўрқишган), 1961 йилда у ўзи туғилган шаҳарга қайтади. Мехорада-дель-Кампода унинг оиласидан мерос бўлиб қолган кичкина ферма ҳамда озгина ери бор эди. Шу билан бирга, унда бир орзу ҳам бор эди: Яратганга бўлган соф эътиқодининг намунаси сифатида черков қуриш.

Дон Хусто Антонио Гауди қура бошлаган, аммо ниҳоясига етмаган Саграда Фамилиа (Муқаддас оила) соборига қараб, бундай ўйлайди:

Даҳо каталониялик (Гауди) учун бу муҳташам бинонинг қурилиши бутун ҳаётини бағишлаган иш эди. Бироқ уни тугаллашга меъморнинг ногаҳоний ўлими халал беради: 74 ёшли Гаудини Барселонада илк маротаба юргизилган трамвай  босиб кетади. Биби Марям черковини қурган Хусто Гальего эса уни ич-ичидан аста-секин емираётган туберкулёз туфайли ўлади, шекилли...

ДАРДДАН ФОРИҒ ЭТГАН ҚУРИЛИШ

Гальего ўзига тегишли барча мулкни сотади. 1961 йилнинг октябрида ҳозирги кунга қадар чўзилган улкан қурилиш бошланади. Муҳтарам испанимизнинг бино қуриш қонун-қоидаси ҳам тамойиллари ҳақидаги тасаввурлари ниҳоятда содда – итальян меъморчилигига оид ўқилган иккита китоб доирасидан келиб чиққанди. Қолаверса, черков қуриш учун кўп миқдорда қурилиш ашёлари зарур. Уларни қаердан олади? Ва дон Хусто...чиқиндихонага йўл олди. Бу ерда бино пойдевори, устун, девор ва қуббаларни қуриш учун ярайдиган нимаики бўлса, барини тўплади. Гальего қурилиш чиқитларидан ташқари яна кимёвий моддалардан бўшаган бочкалар, эски болалар аравачалари, банкалар, автомобиль шиналари, хуллас, қўлига илинган нарсадан фойдаланди. Лекин черковни кўрган киши, ҳатто унинг нимадан бино қилинганини била туриб ҳам, бунга ишонмайди.

Ҳозирда черковнинг баландлиги - 50 метр, узунлиги эса 80 метрни ташкил қилади. Диаметри 12 метрга етадиган қуббалар, баланд устунлар ва черковнинг ён томонидаги 30 метрлик миноралар бинога янада салобат бағишлаган. Ва буларнинг ҳаммаси ташландиқ нарсалардан бунёд этилган. Бу – ҳақиқий мўъжиза!

Қурилиш бошланганидан сўнг орадан бир йил ўтгач, дон Хусто ўз танасида туберкулёзнинг барча аломатлари йўқолганини сезиб қолди. Шифокорлар хасталик чекинганини тасдиқлашди. Бирор марта бўлсин, керакли муолажани олмаган одам қандай қилиб, буткул соғайиши мумкин? Бунинг устига, у черков қурилишида ҳар куни – эртадан қора кечга қадар тиним билмай ишлаган.

Ғайриоддий воқеалар шу билан якунланмайди. 1983 йилнинг ноябрь ойида Колумбия авиакомпанияларидан бирига тегишли бўлган “Боинг-747” самолёти ҳалокатга учради. Самолёт бортидаги 100 нафардан ошиқ одамдан фақат 11 киши тирик қолган. Ва уларнинг бари Хусто Гальего қураётган черковни томоша қилиш мақсадида келаётган эди. Нима бу – шунчаки тасодифми ёки яна бир мўъжиза?

ШАРАФ ВА ЭЪТИРОФ

Ва мана яна... Аввал бошида Гальего чиқиндихоналарда ўралашиб юриши ва ўз ташқи кўриниши – титилиб кетган, цементга беланган ифлос шим, чурик каноп кўйлак ва бошидаги испан қуёши жазирамасидан оқарган қизил боғич билан ҳаммани чўчитган бўлса, собор деворлари кўтарила бошланган сари Хустога ишона бошлашди. Унга хайрихоҳлар кўпая борди ва қурилишга бўлган доимий қизиқиш кўлами кенгайиб кетди.

Энди Мехорада-дель-Кампога ҳар куни сайёҳлар билан тўла автобуслар келади. Улар ўзлари билан қурилиш учун маблағ ҳам келтиради. Дон Хусто бўлса уларни миннатдорлик билан қабул қилади ва бу маблағ минг евро миқдоридами ёки арзимаган икки чақами, у учун муҳим эмас. Бинога кираверишда садақа учун эски консерва банкаси осиб қўйилган. Бош меъмор эса инсон иродаси буюклигига амин бўлаётган одамларнинг кайфиятини осойишталик билан кузатади ва ўзини “тўқ қорин ва енгил-елпи ўйловчи бошдангина иборат жамият”га айланиб бораётган бутун инсоният учун эзгулик намунаси, деб ҳисоблайди.

...Бизнинг сайёрамиз – бу бизнинг бойлигимиз ва ҳаётимиз. Агар у ҳақида бугун ўйламасак, эртага жуда кеч бўлиши мумкин. Эҳтиёжларни қондиришнинг оддий, камсуқум ва қулай замонавий усуллари “хомо сапиенс”ни “сержағ ва очкўз” жўнгина махлуққа айлантириб қўяди. Бундан чиқдики, биз эҳтиёжлар оламида эмас, балки инсоний онгнинг чинакам баҳоси, буюклиги ва қадр-қиммати унутилган эҳтиёжлар инқирози даврида яшаётган эканмиз.  Наҳотки, биз шундай оламда яшашни истасак?

Муаллиф: Анастасия ЗАЙЦЕВА.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!