Меню
Қашқадарё
БИЗ - ҲАР БИР ИНСОН ФАРОВОНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ТАРАФДОРИМИЗ!
Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлар, кенг қамровли ислоҳотлар бутунлай янги, юксалиш босқичига қадам қўйди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳуқуқ ва ваколатлари янада кенгайди.
Жорий йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов сиёсий партиялар ва парламент фаолияти билан боғлиқ ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда янги даражага кўтаришда долзарб аҳамиятга эгадир. Бир сўз билан айтганда, халқимиз бу сайловга катта умид ва ишонч билан қараб турибди.
Бу йилги сайлов кампанияси "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" шиори остида ўтказилмоқда. Дарҳақиқат, бу муҳим жараён халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортган бугунги янги даврда кечаяпти. Халқимиз, сайловчилар сиёсий партиялардан амалий натижа, қатъий таклиф ва ташаббуслар кутаяпти.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, мамлакат тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлиб сайлов кампаниясига киришди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XI Қурултойида партия дастури ҳамда Сайловолди дастури қабул қилинди.Партиямиз янги дастурига ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғоялари асос этиб олинди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси мазкур ғоялар учун курашишни ўзининг бош мақсади этиб белгилаган. Партиямизнинг ғоялари давлат ва жамиятда тинчлик ҳамда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ижтимоий адолат ва тенглик деганда, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятлардан бирдек эркин фойдаланишидаги тенглик ва адолатни назарда тутамиз. Зеро, инсонларнинг ҳуқуқ ва бурчлари қонун билан кафолатланган жамиятда адолат ва инсонпарварлик устувор бўлади.
Маълумки, халқимиз ҳамиша ўз иқболини бирдамликда, ҳамкору ҳамдўстликда яратиб келган. Бунда аҳолининг миллати, диний эътиқоди ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар бир-бирига меҳр-оқибати, бағрикенглиги юксак қадрланади. Бинобарин, ижтимоий бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш бўлмаган жамиятда ҳеч қачон барқарор ривожланиш бўлмайди.
Ижтимоий демократия ғояси эса жамиятда аҳолининг ижтимоий ҳимояси сўзсиз таъминланиши демакдир. Аҳолининг бандлик даражасини ошириш, муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларини ташкил этиш ҳамда ҳаётий зарур эҳтиёжларини етарли даражада таъминлаш устувор мақсад қилиб қўйилган. Бунда аҳолининг ижтимоий ва пенсия таъминотини кафолатлашга ҳам муҳим аҳамият қаратилди. Ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, кўп болали оналар, умуман, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифадир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш Концепциясида юртимизни дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторига киритиш бош мақсад этиб белгиланган. Партиямиз мазкур мақсадга эришиш тамойилларида, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини ҳисобга олишни зарур, деб билади.
Булар:
- пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори турмуш кечириш учун етарли бўлмаган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, кўп болали оналар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари;
- банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли қатлами, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар, жумладан, таълим муассасаларини тугатганидан сўнг меҳнат бозорига илк маротаба кириб келган ёшлар;
- доимий иш жойи ва барқарор даромадга эга бўлмаган кишилар, жумладан, ички ва ташқи меҳнат мигрантлари.
Бугун мамлакатимиз иқтисодий жиҳатдан ҳам етарли салоҳият ва қудратга эга бўлди. Партиямиз бу кучни кам таъминланган қатламлар турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш учун йўналтириш керак, деб ҳисоблайди.
Яна бир долзарб масала аҳолининг ижтимоий заиф қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлашдан иборат. Бу, албатта, ижтимоий ҳимоянинг муҳим йўналиши бўлиб, у бўйича Сайловолди дастуримизда аниқ ташаббус илгари сурилмоқда. Яъни, ҳашаматли ипотека турар жойларини қураётган қурилиш компаниялари ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмаларни махсус фондга жамлаш, ушбу маблағлардан эса ижтимоий турар жойлар - муниципал уйлар қуришда фойдаланиш зарур. Бу уйлар турар жойга юқори даражада муҳтож кишиларга берилиши лозим.
Юртимизда аҳолини энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири коммунал хизматлар ва уларнинг тарифлари билан боғлиқ экани сир эмас. Нарх-наво ва тарифларни, шунингдек, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рентабеллигини белгилаш, бу борада ҳуқуқий асосларни қонун даражасида мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Партиямиз Сайловолди дастурида шу масала бўйича таклифлар назарда тутилаяпти.
Жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлашда тиббий хизмат сифатини яхшилаш ҳам асосий омиллардан бири ҳисобланади. Бу партиямиз учун принципиал масаладир. Шунинг учун дастуримизга мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган мажбурий тиббий хизматлар ҳажмини қонуний жиҳатдан белгилаш ҳақида ҳам таклиф киритилаяпти.
Таълимда ижтимоий тенгликни таъминлаш мамлакатимизда демократик жамиятни шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълим соҳасида бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва келгусида 3-6 ёшдаги болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олишни, мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этишни, тегишли педагогик маълумотга эга, лекин мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёлларни мактабгача таълим ҳудудий органлари тизимида оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатида уй меҳнатини ташкил этишни устувор вазифа сифатида билади.
Иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги тармоқлари ҳамда соғлиқни сақлаш, педагогика соҳалари учун олий маълумотли кадрларга юқори эҳтиёж мавжуд. Шунинг учун ҳам партиямиз ёшларни қишлоқ жойларда ишлаш шарти билан олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бўйича имтиёзлар жорий этиш ташаббуси билан чиқмоқда.
Шунингдек, тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёзли таълим кредитларини тақдим этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таҳсил олиш имкониятини кенгайтириш бўйича янги таклифлар илгари сурилмоқда.
Маданий-гуманитар соҳада ижтимоий тенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадида партия қуйидаги масалаларни устувор вазифа сифатида белгилади. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оила институтини мустаҳкамлаш, шунингдек, Меҳрибонлик уйларини босқичма-босқич Болалар шаҳарчалари ҳамда оилавий тарбия муҳитига яқин бошқа муқобил шаклларга ўтказиш ташаббуси дастуримиздан ўрин олган.
Сайловолди дастуримизда ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари, тарифлари тегишли меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун уларнинг рўйхати белгиланишини давлат томонидан тартибга солиш, буни қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.
Охирги пайтларда тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган масала "кам таъминланганлик даражаси"ни белгилаш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Мамлакатимизда бу борада аниқ мезонларнинг йўқлиги, тўғрироғи, шу вақтгача белгиланмагани ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларга ҳақиқатан ҳам муҳтож оилаларни аниқлаб олишга имкон бермай келаяпти. Партиямиз сайловолди дастурида бу борадаги халқаро амалиётни ўрганиш, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси каби меъёрларни мамлакатимиз қонунчилигида мустаҳкамлаш назарда тутилаяпти.
Партиямиз Сайловолди дастурида ҳар бир фуқаронинг Конституция билан кафолатланган меҳнат ҳуқуқини таъминлаш ижтимоий ҳимоянинг асосий йўналиши экани қайд этилган.
Мамлакатимизнинг барча вилоятларида замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш орқали аҳолининг барча қатламларини муносиб иш ўрни ва муносиб иш ҳақи билан таъминлаш фаровонликни оширишнинг асосий кафолатидир.
Ички ва ташқи меҳнат мигрантлари, таълим муассасаларини тугатганидан сўнг меҳнат бозорига илк маротаба кириб келган ёшлар ўз иш жойига эга бўлиши партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга.
Олис қишлоқ аҳоли яшаш жойларида мактаб ўқитувчилари, шифокорлар ва бошқа ижтимоий соҳа мутахассислари тақчиллиги ижтимоий ривожланиш имкониятларини чеклаб қўймоқда. Бунинг асосий сабаби мутахассислар учун ижтимоий шароит яратилмаганидадир. Бу партиямиз дастурий мақсадларига узвий алоқадор масала.
Мутахассисларнинг олис қишлоқ жойларига бориб ишлашини рағбатлантириш, бу борада самарали механизм яратиш ва уни қонун даражасида мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга.
Партиямиз Сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ муҳим йўналишларда 20 дан ортиқ қонун қабул қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилаяпти. Хусусан:
- аҳолининг кам таъминланган ва бошқа заиф қатламларига бепул ижтимоий хизматлар тақдим этилишини таъминлайдиган "Минимал давлат ижтимоий стандартлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
- меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилаш учун "Яшаш минимуми тўғрисида"ги ва "Истеъмол саватчаси тўғрисида"ги қонунлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш;
- "Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида" қонун қабул қилиш ташаббуслари шулар жумласидан.
Партиямиз Сайловолди дастуридаги вазифалар ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш, шу орқали жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Сайловда сайловчиларни Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзодларига овоз беришга чақираман!
Олим РАВШАНОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши раиси