Меню

Қашқадарё

17.11.2020 1935

Битирувчиси олий ўқув юртига ўқишга кира олмаган мактаб директорлари ишдан олинди

Президентнинг вилоятимизга ташрифи чоғида Қашқадарё вилояти олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича республикада 13-ўринда экани, бу йил вилоятдаги 191 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртларига ўқишга кира олмагани таъкидланиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Шунга мувофиқ, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича йиғилиш ўтказилди. Вилоят халқ таълими бошқармасидан хабар беришларича, тизим мутасаддилари, умумтаълим мактаблари директорлари ва ўқитувчилар қатнашган тадбирда паст ва юқори натижа қайд этган умумтаълим мактаблари қиёсий таҳлил қилинди.

Олий таълим муассасаларига бирорта ҳам битирувчиси кирмаган 191 та мактаб директорлари фаолиятига баҳо берилиб, мажлисда ҳозир бўлган, узоқ йилдан бери фаолият кўрсатса-да, натижа кўрсатмаган 20 нафар мактаб директори лавозимидан озод этилди, қолган раҳбарларни ҳам ишдан бўшатиш айтилди.

Битирувчиси олий таълимга кириш бўйича юқори натижа қайд этган Косон туманидаги 88-мактаб янги компьютер синфига эга бўлди. Ғузор туманидаги 68-ихтисослаштирилган мактаб ва Шаҳрисабз туманидаги 7-мактаб-интернат директорлари ва 4 нафар фан ўқитувчиси “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Таълим сифатини ошириш юзасидан раҳбар ва педагогларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Рейтинг кўрсаткичлари баланд мактаб директорлари натижаси паст мактаблар билан ҳамкорликда ишлаши бўйича таклифлар берилди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!