Меню
Қашқадарё
Биров чиқиндини тўғри келган жойга тўккан, бошқаси ёққан, яна бири чинорга “шакл берган”
Нафас олаётган ҳавомиз тоза-мусаффо, ён-атрофимиз озода бўлса, кўп касалликлар нари бўлади, демакки, умримиз ҳам узаяди. Қолаверса, биздан мерос шароитда келгуси авлодлар ҳам ҳаёт кечириши керак. Шуни англаган одам табиатга нисбатан тўғри муносабатда бўлишга интилади, ҳавони, ерни турли чиқиндилар билан ифлослантирмайди, белгиланган меъёрларга таяниб иш тутади. Аммо вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси тизимидаги ходимлар томонидан ўтказилган экологик назорат рейд тадбирлари давомида бунга тескари ҳолатларга дуч келинган.
Жумладан, Қарши шаҳрилик А.А. Мустақиллик кўчасида белгиланмаган жойга чиқинди улоқтирган.
Шайхалида эса фуқаро Э.О. томонидан маиший ва қурилиш чиқиндилари тўғри келган жойга уюб ташлаган.
Натижада мазкур фуқароларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Яккабоғда эса фуқаро В.Н. Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги чинорнинг шохларини кесиб, ўзича тартибга солган. Маълумки, жорий йил охиригача дарахт кесишга мораторий эълон қилинган, фақатгина қуриб қолгани ҳамда одамлар ва биноларга шикаст етказиши аниқ бўлган ҳолларда тегишли рухсат асосида дарахт кесишга, шох-шаббаларини тартибга келтиришга йўл қўйилади. Бу борадаги ўзбошимчалик эса жавобгарликка сабаб бўлиши тайин. Шунга биноан, В.Н. ҳам базавий ҳисоблашнинг 5 баравари миқдорида жарима тўлаши бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Миришкорлик Н.Х.нинг ҳам экологик билимлари ҳаминқадар экан чоғи, қурилишдан чиққан чиқиндиларни бемалол ёқиб ўтирибди. Воқеага гувоҳ бўлган инспекторлар томонидан ёнғин ўчирилиб, фуқарони жавобгарликка тортиш бўйича ҳужжатлар тайёрланди.
Унутманг, табиат мусаффолиги биринчи навбатда ўзимизга керак. Шундай экан, ақл билан иш тутайлик!