Меню

Қашқадарё

05.11.2021 1200

БИРЙЎЛА БЕШТА ДЕПУТАТЛИК ЎРНИ НЕГА БЎШАБ ҚОЛДИ?

Маҳаллий Кенгашларда

Халқ депутатлари Қарши тумани Кенгаши ҳудуддаги бешта сайлов округи бўйича бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жорий йил 1 ноябрда e-qaror.gov.uz  порталида жойлаштирилган бу ҳужжатга мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгашининг 1-Бунёдкор, 11-Поштон, 17-Мустақиллик, 23-Мевазор ва 25-Боғобод сайлов округлари бўйича маҳаллий Кенгаш депутатлиги учун бўшаб қолган ўринларга сайлов 2021 йил 5 декабрь куни ўтказилиши белгиланди.

Тасаввур қилинг: туман Кенгаши депутатлари умумий сони 30 нафар ва улардан бирваракайига 5 нафари (қарийб 17 фоизи)нинг ўрни бўшаб қолган. Демак, ҳудудда халқ сайлаган вакилларнинг ҳар олтитасидан биттаси бугунги кунда ўз вазифасини бажараётгани йўқ. Нега?

Халқ депутатлари Қарши тумани Кенгаши томонидан айнан шу йил 1 ноябрда қабул қилинган бошқа бир қатор қарорларга асосан 1-Бунёдкор, 11-Поштон, 17-Мустақиллик, 23-Мевазор ва 25-Боғобод сайлов округларидан сайланган депутатлар Дилором Тилакова, Фарҳод Очилов, Тўйчи Арабов, Севара Раҳмонова ва Отабек Алимовнинг депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган.

- Бу депутатлар "Миллий тикланиш", ЎзЛиДеП, Экологик партия ва икки нафари "Адолат" партиясининг аъзолари бўлиб, ҳар бири ўз ваколатини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берган, - дейди Халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг котибияти мудири Дилшод Турсунов. - Қонун бўйича депутатларга бундай ҳуқуқ берилган ва улар бу ҳуқуқидан фойдаланишган. Нима сабабдан бундай йўл тутишганини эса ўзларидан сўраганингиз маъқул...

Ваколатини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берган Қарши туманилик айрим собиқ депутатлар билан суҳбатлашганимизда, аксарияти депутатликдан ихтиёрий равишда воз кечишига соғлиғи ва оилавий шароити сабаб бўлганини таъкидлашди.

Бу кишиларга ишонмай иложимиз йўқдир, бироқ улардан бирининг партиядоши билдирган фикрга кўра, айрим кишилар ҳалиям депутатликни "фахрий лавозим"дек тасаввур қилиб, депутат бўлишга интилади, аммо аҳоли билан мулоқот қилиш, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш, одамлар манфаатини ҳимоя қилишга келганда, талаб даражасида ишлай олмай ёки умуман ишлашни истамай, зиммасидаги ваколатдан воз кечишни афзал билади.

- Ваколати муддатидан олдин тугатилган     бошқа депутатларнинг сабабларини билмайману, - деди у, - лекин менинг партиядошим туман ташкилотининг  масъули бўла туриб, шунчаки номига депутат бўлиб юраман, деб ўйлаган, шекилли, сайланганидан буён бирор марта депутат сифатида иш режасини бермаган, депутатлик сўрови юбормаган, тадбирларга чақирса ҳам "вақтим йўқ" деб келмаган. Табиийки, бундай кишилар депутат бўлишга ҳақли эмас...

Бу гапларнинг айнан кимга тааллуқли эканини очиқламай, бўш ўринларга янги сайлов ўтказилиши арафасида уларни бўлажак номзодлар ҳам, партия ташкилотларининг вакиллари ҳам ўқиб, тўғри хулоса чиқаришини хоҳлардик. Депутатлик ўрни яна бўшаб қолмасин деймиз-да...

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!