Меню

Қашқадарё

29.06.2021 1388

Бирйўла 10 экизак кўргани айтилган аёл руҳий касалликлар шифохонасига жўнатилди

Жанубий Африка республикасида яшовчи аёл бирваракайига 10 нафар эгизакни дунёга келтиргани ҳақида маълум қилгач, руҳий касалликлар шифохонасига тушди. Бинобарин,  мамлакат ҳукумати бу борада тарқалган хабарда номи тилга олинган 37 ёшли Госиама Тамара Ситхол ўзига хос рекорд қайд этган тиббиёт муассасасини топа олмади.

Аёл ҳибсга олингунга қадар бир муддат эрини у ўрнатган рекорд билан тарихга киришни хоҳлаганликда айблаб, болаларини яшириб қўйганини айтган. Шундан сўнг уни полиция қўлга олган ва ижтимоий ривожланиш департаменти қарори бўйича руҳий касалликлар шифохонасига жўнатган.

Ҳукуматнинг ахборот ва коммуникациялар департаменти директори Фумла Уильямс IOL.co.za нашри тарқатган хабар бўйича чиқиш қилиб, мамлакатда бир она бирваракайига ўн нафар фарзандни дунёга келтиргани фактини аниқлаш имкони бўлмагани, давлат тасарруфидаги ёки хусусий ҳеч бир клиникадан болалар топилмаганини баён қилган.

Бунинг ортидан нашр масъуллари ҳам аёл ақлдан озгани ва ўн эгизакни дунёга келтириш воқеаси ўйлаб топилгани версиясига шубҳа билдирди. Уларнинг маҳаллий хусусий агент олиб борган суриштирувга таяниб айтишича, Тамара Ситхол туғруқни давлат шифохонасида соғ-саломат амалга оширган - беш нафар фарзандни табиий йўл билан, яна беш нафарини жарроҳлар аралашуви билан дунёга келтирган. Ҳамшира аёлга болалар интенсив терапияга жўнатилгани тўғрисида хабар қилган ва у эгизакларини бошқа кўрмаган. Орадан икки кун ўтгач, Ситхол болаларини кўрсатишларини талаб қилиши ортидан унга ҳибсга олиш ва руҳий шифохонага юбориш билан таҳдид қилишган.

Айни вақтда Госиама Тамара Ситхол билан боғлиқ кўпгина воқеалар тушунарсиз ва бир-бирига зид келаяпти. Расмий шахслар, жумладан, бир неча шифохоналар раҳбарлари рекордчи аёл қаерда туққани, унинг болалари изини топа олмай ҳалак.

Хуллас, якунда ана шу мавзудаги хабар муаллифи Пит Рампеди маълумотларни етарли даражада текширмай тайёрлаган материали учун нашр раҳбарияти ва жамоадошлари олдида узр сўраган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!