Меню

Қашқадарё

07.02.2020 89

БИРИНЧИ ҲОСИЛДАН 200 ТОННАСИ – ЭКСПОРТГА

Илғор усул

Иссиқхона шароитида маҳсулот етиштириш юртимизда энди ривожланиб келаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Аввалига аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан оддий иссиқхоналарни қуриш ва барча фаслларда бирдек маҳсулот етиштириш ўзлаштирила бошланган бўлса, бугунги кунда гидропоника асосидаги иссиқхоналар ҳам оммалашиб бормоқда.

Замонавий технологиялар ёрдамида ишлайдиган бундай иссиқхонада махсус унумдор ер майдонига зарурат бўлмайди. Экинни парваришлаш билан боғлиқ барча жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган тарзда бошқарилади. Мисол учун, озуқа эритмалари томчилатиб суғориш тизими орқали ўсимлик илдизига тўғридан-тўғри етказиб берилади. Бундай шароитда, табиийки, тупроқдаги касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, тупроқни экишга тайёрлаш, ерни органик ўғитлар билан бойитиш, унга ишлов бериш, суғориш учун эгатлар очиш, минерал ўғитлар   сепиш, бегона ўтлардан тозалаш тадбирлари талаб қилинмайди. Минерал ўғитларнинг самарадорлиги юқори бўлади, сув 60-70 фоиз тежалади. Энг асосийси, бундай иссиқхоналарда етиштирилган экинлар ҳосилдорлиги оддийларига нисбатан анча юқори бўлади. Шундан келиб чиқиб, тадбиркорларимиз ушбу соҳага катта миқдордаги инвестицияларни йўналтиришмоқда.

Шаҳрисабз туманилик Бекмурод Абдувоитов ҳам замонавий иссиқхона комплексини барпо этган ишбилармонлардан бири.

- Ўтган йили туманнинг Чоштепа маҳалласи ҳудудидан 1,3 гектар ер олиб, гидропоника типидаги ушбу иссиқхонани қуриб битказдик, - дейди у. - Бир гектар майдонда тўлиқ маҳсулот етиштириш имконияти яратилган бўлса, яна 30 сотих ерда зарур иншоотлар жойлашган. Лойиҳани амалга ошириш учун тижорат банкидан 530 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олганмиз. Шунингдек, ўз сармоямиздан ҳам 100 минг АҚШ доллари сарфладик.   Келишувга биноан, барча қурилиш ишларини Жанубий кореялик ҳамкорларимиз амалга ошириб, бизга тайёр иссиқхонани топширишди. Эндиликда экиш ва экинни парваришлаш ишларини тўлиқ ўзимиз бажараяпмиз.

Бундан қарийб 3 ой аввал экилган помидор ва бодринг кўчатлари айни вақтга келиб тўлиқ ҳосилга кирган. Тадбиркор уларни пешма-пеш териб олиб, тўлиқ экспорт қилмоқда.

- Икки ҳафта ичида хорижга 26 тонна маҳсулот сотишга эришдик, - дейди Бекмурод Абдувоитов. - Теримни  яқинда бошладик, ҳали ҳосилнинг асосий қисми турибди. Россиялик ҳамкорларимиз билан 200 тонна помидор ва бодринг етказиб бериш бўйича келишувимиз бор. Мавсум давомида иссиқхонадан шунча ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Бу дастлабки йил учун ёмон натижа эмас.

Эътиборли томони, ушбу фаолият ортидан ҳудуддаги 14 нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!