Меню
Қашқадарё
БИРИНЧИ МАҚСАД — ЖИНОЯТНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
Хусусан, 30 июлдан вилоятимизда бошланган "Тозалаш-антитеррор" махсус профилактик тадбири ҳам мустақиллигимизнинг 26 йиллигини осуда ва бехавотир нишонлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ички ишлар ходимлари томонидан тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур тадбир давомида барча ҳудудларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга имкон берувчи ҳолатларни аниқлаш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Буни биргина Қарши шаҳри мисолида оладиган бўлсак, "Тозалаш-антитеррор" профилактик тадбирига 853 нафар ички ишлар идоралари ходимлари, 293 нафар жамоатчилик вакиллари жалб этилди.
- 30 июлдан 20 августгача бўлган ҳолатда шаҳардаги 50 минг 473 объект текширувдан ўтказилди, - дейди Қарши шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори, катта лейтенант Отабек Дўстов. - Текширув давомида корхона ва муассасалар бинолари, хонадонлар, кўп қаватли уйларнинг ертўлалари, таълим муассасалари ва бошқа мавзелар кўздан кечирилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқишига имкон берувчи ҳолатлар ўз вақтида бартараф этилди. Фуқаролар билан олиб борилган суҳбатлар, профилактик тушунтириш-тарғибот ишлари давомида турли ҳуқуқбузарликлар содир этган, паспорт-виза тартибига амал қилмаётган шахслар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилди.
Таъкидлаш жоизки, тадбирни ўтказишдан асосий мақсад ҳам ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига, содир этилаётган жиноятларнинг иссиғида фош этилишига қаратилган бўлиб, аниқланган ҳолатлар унинг самарасини кўрсатади.
Масалан, тадбирнинг дастлабки 20 кунида Қарши шаҳар ИИБ томонидан 988 нафар фуқаронинг турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги аниқланиб, улар маъмурий жавобгарликка тортилган. 12 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Шунингдек, жиноятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган 4 дона ўқ-дори аниқланиб, уларни ноқонуний равишда сақлаб келаётган фуқаролардан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Жами 173,5 грамм гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётган бир қатор шахсларга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилган.
Албатта, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ёки жиноятнинг келиб чиқиши аввало кичик сабаблардан бошланади. Юқоридаги каби тадбирларнинг ўтказилишидан мақсад ҳам ана шу сабабларни, жиноятга имкон берувчи, шароит яратувчи ҳолатларни аниқлаш ва олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Зеро, тинч ва осуда юртга байрамлар ярашади, кўнгилларга шодлик ва қувонч татийди.
Ж.БОЙМУРОДОВ