Меню

Қашқадарё

04.09.2018 2118

БИРИ ҚУВВАТ ВА ШИЖОАТ БАХШ ЭТАДИ, БОШҚАСИ - ШОДЛИК ВА ФАРАҲ...

 Бу борада санъат усталарининг вазифалари қанчалик масъулиятли бўлса, ижтимоий соҳа олимларининг зиммаларидаги бажарилиши лозим тадқиқот ишлари ҳам шу қадар кўпдир. Зеро, мақомларнинг тарихи, илмий-фалсафий хусусиятларини ўрганиш борасида ҳали талай муаммолар мавжуд.

 Қарши давлат университети адабиётшунослик кафедраси мудири, филология фанлари доктори Нафас Шодмонов Шарқ мусиқаси, шунингдек, мақом санъати тарихи бўйича ҳам илмий фаолият олиб борган. Шунингдек, олим бир неча йиллар бурун Шарқнинг буюк алломаларидан бири Абдураҳмон  Жомийнинг мусиқий илмий мероси билан шуғулланган.

 Домла билан мусоҳабамиз мана шу бой мероснинг аҳамияти хусусида бўлди.

 – Асрлар давомида мусиқа санъатининг ҳамда уни талқин қилувчи илмнинг мақоми юксалиб, жамиятнинг олий даражадаги доиралари томонидан эътироф этилди. Бироқ шунга қарамай, кейинги асрларда, аввал мутаассиблик, кейин шўровий мафкура таъсирида унинг ўрганилиши ва ривожида анчагина оқсашлар кўзга ташланади...

 – Лекин бу уларнинг ўрганилиши мутлақо тўхтаб қолганини англатмайди. 1925 йилда Москвада босилган Мулла Бекжон Раҳмон ўғли ва Муҳаммад Юсуф Девонзодалар томонидан ёзилган “Хоразм мусиқий тарихчаси”, 1927 йилда Самарқандда чоп этилган Фитратнинг “Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи” ана шундай рисолаларга диққат қаратилган дастлабки уринишлар эди. Умуман, ўтган аср давомида Ўзбекистонда Шарқ мусиқасига бағишланган қўлёзмалар, уларнинг талқини ва таҳлили билан шуғулланган А.Фитрат, С.Айний, С.Умаров, И.Ражабов, Ф.Кароматов, О.Матёқубов, А.Жумаев ва Д.Рашидова каби олимларнигина биламиз. Бу олимлар тадқиқот ишларида қўлёзмаларга нисбатан ўз қарашларини, уларга муносабатларини анча чуқур ифода этган бўлсалар-да, бирор бир мусиқашуносликка оид бирламчи нусха улар томонидан ўзбек ўқувчиларига тақдим этилмаган.

 Лекин мусиқашунослигимиз тарихидан маълум ва машҳур бўлган Юсуф ибн Исҳоқ Киндийнинг “Рисолату-л-кубро фи таълиф” (“Мусиқий таълиф тўғрисида катта рисола”), “Рисолату-л-мадхали ила синаъати-л-мусиқий” (“Мусиқа санъатига муқаддима рисола”), “Рисолатун фи хабари синоати-т-таълиф” (“Мусиқий таълиф санъати ҳақида рисола”), “Рисолатун фи ийқоъ” (“Ритм ҳақида рисола”), Абу Наср Форобийнинг “Китобу-л-мусиқа-л-кабир” (“Катта мусиқа китоби”), “Киламун фи-л-мусиқий” (“Мусиқа ҳақида мулоҳазалар”), “Китабун фи исхаъи-л-ийқоъ” (“Мусиқий ийқоълар ҳақида китоб”), Абу Али ибн Синонинг “Китоб уш-шифо”, “Донишнома”, “Китобу-н-нажот” асарларидаги махсус боблар, “Рисолатун фи илми-л-мусиқий”, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ал-Котиб ал-Хоразмийнинг “Мафотиҳу-л-улум”, Сафиуддин Абдулмўъмин ал-Урмавийнинг “Китобу-л-адвор”, Абдулқодир Мароғийнинг “Жомеъу-л-алҳон”, “Мақосиду-л-илҳон”, Муҳаммад Нишопурийнинг “Дар илми мусиқий”, Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолайи мусиқий”, Зайнулобиддин Ҳусайнийнинг “Қонуни илмий ва амалийи мусиқий”, Нажмиддин Кавкабий Бухорийнинг  “Рисола дар баёни дувоздаҳмақом”, “Рисолайи мусиқий”, Дарвеш Али  Чангийнинг “Туҳфату-с-сурур”, Қутбиддин  Шерозийнинг “Нафису-л-фунун ли-р-роиси-л-уйун”, “Дуррату-т-тож ли-ғуррати-д-диббож” китоблари ва бошқа кўплаб олимларнинг бир қатор асарлари дунёнинг турли мамлакатларидаги шарқшунослар томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда.

 – Манбаларда қайд этилишича, Шарқ мусиқаси тизими алоҳида илм ва у, кўплаб олимлар эътирофига кўра, интеллектуал фаолият шаклларидан биридир. Бу жиҳат нималар орқали намоён бўлади?

 – Ҳозирги замон фалсафа фани мусиқа санъатини олам манзарасининг мусиқий тилда ифодаланиши талқинида ўрганмоқда.

 Европа мусиқашунос ва файласуфлари Шарқ мусиқасидаги фикрни тушуниш унинг мусиқий тилини ўрганиш даражасига боғлиқлигини таъкидлайдилар. Шунингдек, “мақом” атамасини улар мусиқий тил грамматикасидаги яширин маъно сифатида талқин қиладилар. Бунинг асосини тасаввуф фалсафасидаги “зоҳир – ботин” ва “асл – фаръ” муносабатлари билан қиёсий тавсифлайдилар.

 Умуман, олимларнинг фикрича, мусиқий тил грамматикасида ботиний маъно сифатида мақом тизими ислом маданиятининг мантиқий маъно грамматикаси майдони ҳисобланиб, жаҳон мусиқа санъати “харитаси”да мусулмон Шарқи мусиқаси мантиқининг бошқа шундай мантиқлардан ажралиб туришини, “хусусий” аҳамият касб этишини белгилаб беради.

 Шарқ мусиқасини фалсафий, назарий жиҳатдан таҳлил қилиш унинг мутлақо илмий ҳодисанинг санъат кўринишида намоён бўлиши сифатида баҳолаш хулосасини келтириб чиқаради. Зотан, унда фалсафа, илоҳиёт, математика, физика, тил, психология, этика, эстетика ва бошқа бир қатор фанларнинг аралашуви ҳамда улар билан боғлиқ масалаларнинг ечимларини аниқлаш мумкин.

 – Президентимизнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб Абдураҳмон Жомийнинг Шарқ мумтоз мусиқашунослигининг нодир дурдонаси бўлмиш “Рисолаи мусиқий” деб номланган асари асосида “Жомийнинг мусиқий рисоласи” китобини нашрга тайёрладингиз. Айтинг-чи, Жомийнинг мусиқа илми борасидаги мероси бугунги илм-фан тараққиётида қандай аҳамият касб этади?

 – Нақшбандия таълимоти Жомийнинг бутун борлиғу қонига кириб борган. У ҳаёти давомида таркидунёчиликнинг ҳар қандай шаклига кескин қаршилик билдириб яшади.

 Маълумки, ўз даъволарига кўра, ислом дини софлиги учун курашувчи айрим гуруҳ ва оқимлар мусиқани шаръан ҳаром ҳисобласалар-да, Жомийдек улуғ алломанинг унга нисбатан ўз қарашлари, ижобий муносабати бўлгани бундай қарашларни мутлақлаштиришни истисно қилади. Қисқа қилиб айтганда, мусиқанинг инсон онги, тафаккури ва руҳига жуда катта таъсир кучи борлигини Жомий яхши англаган ҳамда ўз рисоласи билан унинг анъанавий ривожланиш йўлини кўрсатиб берган.

 Жомий мусиқадан тўғри истифода қилинса, у инсон руҳига фойдали эканини эътироф қилган. “Рисолаи мусиқий”да улуғ мутафаккирнинг бундай қарашлари алоҳида ифодаланган: “Билгилки, (тингловчига) ўн икки давоир (мақомлар), овозлар ва шўъбаларнинг ҳаммасидан лаззат олинишидан ташқари, ўзига хос таъсирлари ҳам бор. Чунончи, Ушшоқ, Наво ва Бусалик (мақомлари) қувват ва шижоат бахш этади, овозлар бундай таъсир туридан холидирлар. Аммо шўъбалардан Моҳур ва Ниҳовандлар руҳга бундай таъсир қила олади. Рост, Ироқ ва Исфахон (мақомлари) шодлик ва фараҳ бахш этишда фойдалидир. Овозлардан Наврўз ва Гардониё, шўъбалардан Панжгоҳ ва Зовулийларнинг ҳам таъсири шундай. Бузург, Зарафканд, Роҳавий ва Зангула (мақомлари) ҳазинлик ва андуҳлик (кайфиятларини) келтиради. Овозлардан Гувошт ва Шаҳноз, шўъбалардан Ҳисор, Ҳумоюн, Мубарқаъ, Бастанигор, Сабо, Наврўзи араб, Ракаб, Исфаҳонак ва Рўйи Ироқлар ҳам худди шундай таъсир этади. Ҳижоз ва Ҳусайний (мақомлари) завқ ва шавқни ҳузн ва андуҳга уйғун ҳолда бағишлайди. Овозлардан Моя ва Салмак, шўъбалардан Нуҳуфт, Наврўзи баётий, Дугоҳ, Уззол, Авж, Жавзий ва Найризларда ҳам шундай таъсир тури мавжуд. Соҳиби амал билмоғи керакки, бу мажмуълардан қайси бирига шеър боғланишида ўзига муносиб асар танлай олинса, киши руҳига унинг таъсири кўп ва хўб бўлади”.

 – Домла, маълумки, Абдураҳмон Жомий темурийлар даврининг улуғ даҳоларидан. Ўз-ўзидан маълумки, “Шарқ Ренессанси” ҳисобланмиш бу даврда мусиқа илмида ҳам катта муваффақиятларга эришилди...

 – Сирасини айтганда, Соҳибқирон Амир Темурнинг муборак номи фақат мусиқа санъати ва унинг илми ривожидаги хизматлари боис ҳам юксак қадрланишга ҳақли. Унинг бу санъатга, унинг илмига кўрсатган таъсири беқиёсдир.

 Манбаларда Бойсунқур мирзонинг мусиқий истеъдоди, унинг мусиқа илми аҳли билан бўлган самимий муносабатлари ҳақида қайд этилади. Таъкидланишича, Хожа Юсуф исмли бир ҳофиз мирзо саройида хизмат қилар эди. Иброҳим мирзо бир неча марта ўз акасидан мазкур ҳофизни хизматига юборишни илтимос қилади. Ака билан ука бу борада келиша олмагач, Иброҳим мирзо уни сотиб олиш учун акасига минг динор юборади. Мусиқачисидан ажралишни истамаган Бойсунқур Мирзо укасининг пулига қўшиб бир шеър ёзиб юборади. Маъноси: “Биз ўз Юсуфимизни сотмаймиз, сен ҳам ўз қора пулингни унинг учун тикма”. (Бу шеърда сўз ўйини бор. Маълумки, Юсуф пайғамбар акаларининг қасд қилиши туфайли қул бозорида сотилади. Бойсунқур мирзо ҳофиз Юсуфнинг тақдири пайғамбар Юсуф тақдирига ўхшамаслигига, бунга ўзининг асло йўл қўймаслигига ишора қилади). Қаранг, темурийлар мусиқачиларни нечоғлик эъзозлашган.

 Умуман, Бойсунқур мирзо, Иброҳим мирзо, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро даврида ҳам мусиқа санъати гуркираб ривожланди. Манбаларда, ҳатто, Улуғбекнинг ўзи бир неча усулларга асос солгани, бастакорлик билан шуғуллангани ҳақида маълумотлар бор.

 Ҳиротда зиёлилар ҳомийси бўлган Навоий мусиқашунослар орасида ҳам ўзига хос мавқега эга эди. “Мажолису-н-нафоисда”да Хожа Юсуф  Бурҳон ҳақида сўзларкан: “Фақир мусиқа фанида анинг шогирдимен”, дея ўзининг бу илмдан хабардор эканлигини таъкидлайди. “Бобурнома”да ҳам Навоийнинг бу соҳадаги истеъдоди зикр этилган: “Яна мусиқада яхши нималар боғлабтур. Яхши нақшлари ва яхши пешравлари бордур”. “Қари Наво” Навоийнинг мусиқий ижодидан бизгача етиб келган намунадир. Жомийнинг “Рисолаи мусиқий”си ҳам Навоий даъвати билан яратилган. Темурийларнинг яна бир улуғ вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам мусиқадан яхши маълумотли бўлган.

 Хуллас, Темур ва унинг авлодлари даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда мукаммал назарияга, шунингдек, юксак ижрочилик мактабига эга бўлган мусиқа илми ва санъати вужудга келди. Бу мусиқа илми ва санъати марказида ҳозирда эга бўлганимиз “Шашмақом”нинг вужудга келишида муҳим босқич ролини ўтаган “Дуваздаҳмақом” номи билан машҳур 12 мақом тизими турарди.

 ХII-ХVII асрларда ўн икки мақом ўзининг энг олий даражадаги мавқеига эга бўлган.

 Маълумотларда таъкидланишича, уларнинг яратилиши жуда қадим замонларга бориб тақалади. Баъзи манбаларда улар асли 7 мақом бўлган ва 7 пайғамбардан қолган деб кўрсатилса, баъзиларида 8 аслдан вужудга келганлиги баён этилади. Бу асарларнинг биринчиси Рост мақоми Одам, иккинчиси Ушшоқ мақоми Нуҳ, учинчиси Наво мақоми Довуд, тўртинчиси Ҳижоз мақоми Сулаймон, бешинчиси Ироқ мақоми Айюб, олтинчиси Ҳусайн мақоми Яъқуб, еттинчиси Бусалик мақоми Бобои Умар (халифа), саккизинчиси Роҳавий мақоми Муҳаммад пайғамбарларга нисбат берилади.

 Айтишларича, қолган тўрт мақомни Темур томонидан тор-мор этилган Султон Увайс Жалойир мазкур мақомларнинг иккитасидан янги бир мақом ҳосил қилиш йўли билан тартибга келтирган. Бинобарин, Рост мақомининг энг юқори ва Ушшоқ мақомининг энг паст нағмалари асосида Исфахон, Наво ва Ҳижоз мақомларининг энг юқори ҳамда Ҳижоз мақомининг энг паст нағмалари асосида Бузург, Бусалик мақомининг энг юқори ва Ҳусайн мақомининг энг паст нағмалари асосида Зерафканд, Роҳовий мақомининг энг юқори ва Ироқ мақомининг энг паст нағмалари асосида Зангула мақомлари яратилган.

 Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, мақомларнинг тарихи, илмий-фалсафий хусусиятларини ўрганиш борасида ҳали талай муаммолар мавжуд. Шунинг учун ҳам Президентимиз қарорида вилоятлардаги педагогик олий таълим муассасаларининг мусиқий таълим йўналишида мақом санъатини махсус фан сифатида ўқитишни жорий этиш, шунингдек, улар учун тегишли дарслик, ўқув қўлланма ва илмий-услубий адабиётлар ёзилишини таъминлаш вазифалари қўйилган. Шарқнинг буюк алломаларидан бири Абдураҳмон Жомийнинг мусиқий   фаолиятига бағишланган “Жомийнинг мусиқий рисоласи” китоби бу борада муҳим қўлланма ва Шаҳрисабзда ўтказиладиган нуфузли санъат анжуманига муносиб туҳфалардан бири бўлади, деб умид қиламиз.

 Нуриддин ЭГАМОВ суҳбатлашди.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!