Меню
Қашқадарё
Бир сутка ухламай рулга ўтириш машинани маст ҳолатда бошқариш билан баробар экан
Австралиядаги Монаш ва Буюк Британиядаги Бирмингем университетлари олимларидан иборат халқаро илмий гуруҳ одам қонидан ўткир уйқу етишмаслигини кўрсатувчи биомаркерни топди. Тадқиқот натижалари Science Advances журналида эълон қилинган.
Биомаркер одам 24 соат давомида бедор бўлганлигини 99,2 фоиз аниқликда кўрсатади. Уйқусизликнинг бундай даражаси жиддий шикастланиш ёки, ҳатто ўлим хавфини оширади.
Дунё бўйича қарийб 20 фоиз йўл-транспорт ҳодисалари етарлича ухламаслик туфайли келиб чиқар экан, тадқиқотчилар янги кашфиётнинг уйқудан тўймаган ҳайдовчиларни тез ва оддий аниқлаш имконини берадиган келажакдаги тестларга ёрдами тегиши мумкинлигидан умид қилишмоқда.
Биомаркердан, шунингдек, уйқусизлик фалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар, масалан, хавфсизликка жиддий таҳдид билан боғлиқ иш жойларида фойдаланиш мумкин.
"Суткада беш соатдан кам ухлаш транспорт воситасини хавфли бошқариш билан боғлиқлигига оид ишончли далиллар бор. Бир кеча-кундуз бедорликдан сўнг рулга ўтириш эса маст ҳолатда машина бошқарувини қўлга олиш билан баробардир", деган тадқиқот раҳбари, профессор Клэр Андерсон.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги тест тиббий кўрик ва суд-тиббий экспертизаси учун ҳам қўлланиши мумкин, бироқ усулни такомиллаштириш талаб этилади.