Меню
Қашқадарё
БИР ШИДДАТ, БИР ЮКСАКЛИК ИЧИНДА...
Одамлар орасида
Биз томонларга йўлингиз тушса, сизни бағри ҳудуд кенгликлариданда кенг, юзлари офтобдан ранг олган, қўллари меҳнатда қотган, чайир, чапани инсонлар қарши олишади. Даласининг бир четига замонавий автоуловини "қантариб" қўйиб, ҳали пахтазорга, ҳали узумзору полиз экинлари майдонига боқиб мамнун бўлаётган, келгуси йил ғалла ҳосили учун ерни тоблаётган ҳазрати инсон чиқиб келади...
Бободеҳқон. Унга ҳалол ризқ топишдан буюрган. Ҳосилни чамалаб димоғи чоғ бўлди чамамда, дўпписини кафтига бир уриб, бошига қўндирди. Юқорилаб кетди. Совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай, эртаю кеч қилинган меҳнат натижасида яратилган яшилликни кузатиб юрагидаги ҳовурини босмоқ бўлади. Дўнглик устига чордана қуриб ўтирганча Қуёш билан сўзлашади, кейинги йил режасини тузади. Бармоқлари қайта-қайта букилиб, нималарнингдир ҳисобини олади.
- Деҳқончилик - бу маданият, экин майдонларини шудгор қилишдан бошлаб, уруғ қадаш, сувни қачон тараб, қачон ўғит бериш, ерни ўзига яқин олиб гапиртириш, ҳосил чўғини йилдан-йил ошириш учун нафақат тажриба, балки меҳнат, билим ва энг муҳими деҳқончиликни севиш, янгилик қилишдан чўчимаслик талаб этилади, - дейди Қарши тумани "Холёр ҳожи" фермер хўжалиги раиси Ҳотам Жумаев. - Сувни тежаган, ундан унумли фойдаланиб, томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйган фермерларга қўшимча имтиёзлар берилган. Сувни тежовчи ускуналаримиз ишлаб турибди. 27 йилдан буён далада бўлсам, охирги етти мавсумда ҳақиқий фермер сифатида шаклландик, мулкдорга айландик, ташаббускор бўлаяпмиз. Ҳозир барча қишлоқ хўжалиги техникалари ўзимизда бор. Бугун ишлайдиган, ишлаб роҳат оладиган давримиз келди.
Қашқадарёда "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"да рўйхатда турган 20 минг нафар ишсиз фуқарога ҳам деҳқончилик учун 10 минг 530 гектар ер майдони ажратиб берилган. Энди улар ишсиз эмас. Ишлайман, меҳнат қиламан, даромад топиб оиламни, рўзғоримни бут қиламан, деган инсон учун имкониятлар кенгайди, имтиёзлар жорий этилаяпти.
Тоғлар, боғлар, чаманзору адирликлар сизни қўлингиздан етаклаб маҳалла, қишлоқлар сари олиб келади. Ана биз томонга қўл силкиб, яна ишига андармон бўлаётган, тандирдан нон узаётган муниса аёл Маъмура Тўраева. Унинг шиддати юқумли, дарҳол кўнгилни ёшлик ғайрати эгаллаб олади.
- Тўғриси, Нишон туманининг чекка ҳудудида яшовчи мендек ёш ўқитувчи аёлнинг ижоди, қилаётган меҳнати юртбошимизнинг эътиборига тушади, эътироф этилади деса биров ишонмас эди, - дейди у. - Барчамизга маълумки, маънавиятнинг асоси китобхонликка бориб тақалади. Китоб ўқиган инсонга автомобиль совға қилиниши, китобхонлар эъзозланиши бошқа мамлакатда бормикан?! Ўтган йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва "Ижод" жамоат фонди томонидан "Биринчи китобим" лойиҳаси доираси "Битирув кечаси" номли ҳикоялар тўпламим 10 минг нусхада нашр этилди. Энг қувонарлиси, ижоддаги кичкина ютуқларим юксак баҳоланиб, барча ўзбек қизлари орзу қиладиган Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланишим мен учун жуда катта қувонч бўлди. Президентимизнинг қўлларидан мукофотни қабул қилиб олар эканман, қандай қилсам бу ишончни оқлайман, деб ўзимга қайта-қайта савол қўйганман. "Ўзбегим қизлари" онлайн курсини ташкил этдим. У орқали адабиётга, ижодга қизиқувчи ёшларга қўлимдан келганча йўл-йўриқ кўрсатиб келмоқдаман.
Маъмуранинг юрагидаги олов ўзи каби қанчадан-қанча қизлар қалбига умид, келажакка бўлган ишонч берди. У меҳнат инсонга эъзоз, обрў олиб келишини исботлади.
Йўлимиз маҳалла кўчалари бўйлаб давом этади. Бир-бирига елка бериб турган уйлар, бу ердаги турмуш - юзимизга тутилган ойна. Маҳаллада миллий қадриятлар, ота-онадан ўғил-қизларга мерос бўлиб ўтиб келаётган урф-одат ва анъаналар, яшаш маданияти яққол ифода топган. Ана шундай муҳитда ўсаётган, яшаётган юртдошларимиздан қай бири тадбиркорлик қилмоқчиман деса, унга фуқаролар йиғинида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси, касаначилик қилиб оиламни даромадига ҳисса қўшаман деган қиз-жувонларга хотин-қизлар фаоли, ўқишга кирдим, шартнома тўловида озгина кўмак керак деган умидвор ёшга ёшлар етакчиси кўмакка шай. Ҳар бир тоифа, ҳар бир ёшни сўровчиси бор. Маҳалладаги бешлик бугун ҳар бир йўналиш бўйича тизимли ишлаб, у ердаги ҳаёт, муҳитни тубдан ўзгартирмоқда.
Дарвоқе, маҳалла ишида қилинган ўзгаришлар ўзини оқлади. Тизимда иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари рейтингида Қашқадарё вилояти 87,89 балл билан республика бўйича 1-ўринни эгаллади. Жойларда яратилган иш ўринлари, бандлиги таъминланганлар ҳақида ўрганиш олиб борилиб, бу борада қилинган ишларнинг 62 фоизи ҳоким ёрдамчилари ҳиссасига тўғри келиши аниқланди. Улар берган тавсияномалар асосида жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 20 минг 960 нафар фуқарога 473 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ва 3 минг 305 нафар ишсизларга 15 миллиард сўм субсидиялар ажратилган. Фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари ташаббускорлигида 5 минг 57 та юридик ва 4 минг 29 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган.
- Ғузор туманидаги Гулшан МФЙ раиси Раҳмат Абдуллаевман, - дейди маҳалла кўчасида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари бошида турган фаол. - Бугун маҳалла - халқ билан мулоқот қилиш, ҳамнафас ишлаш масканига айланди. Илгари бизга мурожаат бўлса, унинг ечими ҳақида аниқ хулосага кела олмас эдик. Чунки қўлимизда ваколат, имконият бўлмаган. Айтилган гап айтилганича қолиб кетарди. Бугун эса маҳалла раисларининг қаноти бор, қўли бор, ваколати, имконияти бор. Хонадонма-хонадон, уйма-уй юриб, маҳалла ҳаётини беш қўлдек билиб бораяпмиз. Масалан, ота-онасидан эрта ажралган Шаҳзод Олимов деган фуқаромиз қийинчиликдан сал эсанкираб қолганди, нима қилишни билмай юрди, маҳалла, қўни-қўшни ёнидан кирдик. Унга қилган мурожаати асосида амалий ёрдам берилди, бугун имтиёзли кредит олиб, 10 га яқин иш ўрни яратган тадбиркорга айланди.
Маълумотларга кўра, ўтган йили Гулшан маҳалласининг ўзида 152 та янги иш ўрни яратилган. Жумладан, 25 та чорвачилик, 20 та паррандачилик ва балиқчилик, 65 та иссиқхона хўжалиги, 2 та тикувчилик цехи ва 4 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ишга туширилган.
Ҳа, маҳаллалар Янги Ўзбекистонга мос янги ҳаёт, янгича қараш ва ташаббуслар масканига айланиб бормоқда. Худди шу гапни вилоятнинг ҳар бир ҳудудида, чекка қишлоқларида тизимли асосда ўтказилаётган "Уч авлод учрашуви"да ҳам эшитаяпмиз.
Яккабоғликлар ишбилармон аёл Наргиза Саломовани жуда яхши билишади. У тадбиркорлик аввало юксак жасорат, юракдаги ҳадикларни енгиб ишлаш эканини ўз фаолиятида исботлаб келаётганлардан.
- Тикувчилик цехи, гўзаллик салони, касб-ҳунар ўргатиш маркази, фанлар бўйича ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйганмиз, - дейди илк бор 2010 йилда тадбиркорликка қўл уришга жазм этган воҳадошимиз. - Айниқса сўнгги олти-етти йилда нодавлат таълим муассасамиз 10-15 баробарга кенгайди. Бугунгача 25 минг нафарга яқин ишсиз фуқароларни 20 дан ортиқ замонавий касб-ҳунарларга ўргатдик. Мен чекка бир қишлоқда яшаб, шу ерлик одамларга нафим тегаётганидан, оиласига даромад олиб киришига ҳиссам қўшилаётганидан жуда хурсандман.
Наргиза Саломова каби кунда бир янги лойиҳа устида бош қотираётган, ёниб меҳнат қилаётган иқтисодий фаол аёллар сони бугун вилоятда 510 нафардан ортди. Уларнинг қай бири билан мулоқот қилсангиз, фаолияти билан танишсангиз хотин-қизлар тадбиркорлигининг равнақ топаётгани, имтиёзлардан самарали фойдаланиш эвазига кунда бир янгилик қилинаётганига гувоҳ бўласиз.
Воҳа бўйлаб кезганда маънавий-маърифий тадбирлар, ободонлаштириш ишлари, қурилиш яратувчанлик амалларига ҳар қадам дуч келасиз. Бир юксаклик, бир жўшқинлик ичида одамларимиз эртанги кун учун, орзуларнинг ижобати учун изланаётгани, меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлиб, англаганингиз шу бўлади: бу каби тўкислик ва фаровонликнинг бош омили аввало эзгу ниятда, шукронада.
Юз бора эшитгандан, бир бора кўрган афзал. Воҳа бўйлаб бир саёҳатга чиқинг, бисёр кўрасиз, бой тасаввур топасиз. Юртга ошиқлик, одамларга меҳр ҳисси чандон ортади.
Зиёда АМИНОВА,
журналист