Меню

Қашқадарё

25.07.2017 3278

БИР САЁҲАТ БАЁНИ

Биргина Китоб туманидаги Ҳазрати Башир зиёратгоҳини олайлик. Ушбу зиёратгоҳ ва у жойлашган манзил неча асрлардирки, кишиларда ҳайрат уйғотиб келган. Яқинда бир гуруҳ ҳамкасбларимиз билан Ҳазрати Башир зиёратгоҳига бордик. Тўғриси, бу манзилдаги сиру синоатларнинг кўплигидан ақлим лол қолган бўлса, юртимизнинг шундай мўъжизакор гўшаларга бойлигидан кўксим фахрга тўлди. Уйга қайтиб, у ерда кўрганларимни қоғозга тушириш, таассуротларимни кўпчилик билан баҳам кўришга жазм этдим.

Зиёратгоҳда бизга кўп йиллардан буён шу ерда меҳнат қилиб келаётган Парвозхон Ибрагимов гидлик вазифасини ўтади. У киши Ҳазрати Башир қишлоғи тарихидан тортиб, бу ердаги дарахтларнинг ёши, мажмуа тарихи, улар билан боғлиқ турли ривоятларга қадар эринмасдан сўзлаб берди. Қишлоқ ўртасидаги Ниёзтепа номи билан аталадиган тепаликка чиқиб, аввало, Ҳазрати Башир бобомиз қабрларини зиёрат қилдик. Пастроқда қайнаб чиқаётган булоқнинг зилол сувидан мириқиб симирдик. Атрофдаги улкан чинорлар, ёнғоқ, бодом дарахтлари кишининг баҳри-дилини очади. Парвозхон аканинг айтишича, ушбу булоқ суви ниҳоятда шифобахш бўлиб, кишига куч-қувват бағишлар экан. Чинни косалардаги сувнинг оппоқ сут каби кўпириб туришини кўриб, ҳақиқатан ҳам унда қандайдир тилсимот мужассамлигига ишонмасдан илож йўқ. Қолаверса, Ҳазрати Башир бобомиз ҳам сут ўрнига булоқ сувини ичиб катта бўлган эканлар.

Манбаларда келтирилишича, Ҳазрати Башир  бобомизнинг дунёга келишлари ҳам ўзига хос синоат билан юз берган. Яъни, буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг пири Саид Бараканинг укалари Саид Неъматуллоҳ саройдан чиқиб, Китоб томон йўл олади ва тоғ этагидаги Қоплотун қишлоғида пиёз ўтоқ қилаётган деҳқон - Ҳожи Ҳасан отанинг уйида бир неча кун меҳмон бўлади. Саид Неъматуллоҳ мезбоннинг фарзанди йўқлигидан куюнишини кўриб, унинг аёли Биби Малокотни дуо қилади. Орадан 9 ой ўтгач, тахминан 1379 йилда оилада ўғил фарзанд туғилади ва унга Султон Сайид Аҳмад дея исм қўядилар. Бу вақтда Ҳазрати Башир бобомизнинг оталари Хўжа Ҳасан 90 ёшда, оналари Биби Малокат эса 80 ёшда эдилар. Ота-онаси кекса бўлганлиги сабабли чақалоқ кўкрак сутидан маҳрум эди. Шу сабабли уни кичиклигиданоқ Бешир, яъни сутсиз деб атайдилар ва у булоқ сувини ичиб катта бўлади, табиат унинг иккинчи онаси бўлиб, Ҳазрати Башир бир умр табиат қўйнида истиқомат қилади.

Ҳазрати Башир шахси, салоҳияти ҳақида жуда кам маълумотлар сақланиб қолган. У кишининг ибратли ҳаёт йўли битилган форс тилидаги "Мири ҳақиқат" қўлёзмасида (Сайфуддин Қамариддин ўғли томонидан ўзбек тилига ўгирилган) қайд этилишича, Ҳазрати Башир бобомиз 4-5 ёшларигача ота-онаси билан яшагач, сўнг мустақил равишда Ғори Ҳакимда умргузаронлик қилади. Шу боис айримлар у зотни девона деб айтадилар. Аммо у жуда ҳам ақли расо, эътиқодда ниҳоятда мустаҳкам бўлиб, инсонлар ҳақидан парҳез қилганлар. Агар бир дона дон топса, шуни ҳам етим-есирларга берган. 25 ёшларида Ҳазрати Башир қишлоқдан 10 чақирим юқорига, Қизилқояга кўчиб ўтади. 35 ёшида унинг илми, кароматининг довруғи Самарқандга етиб боради. Хожа Аҳмад Яссавийни ғойибдан ўзининг пири деб ҳисоблагани боис, дунёқарашида тасаввуф ғоялари кучлидир. Юртининг турли гўшаларига сафар қилар экан, Ҳазрати Башир маълум муддат Андижонда истиқомат қилади, у ердан қайтгач, Мирзо Улуғбек билан ёзишмада бўлади, улар турли илмлар борасида фикр алмашишади. Қайд қилинишича, Мирзо Улуғбек Самарқанд хирожининг бир қисмини Ҳазрати Баширга бериб турган, у бўлса ушбу маблағни ҳозирги Панжикентда катта масжид қуриш учун сарфлаган.

Ҳазрати Башир ота қарий бошлагач, Сандиқтош деган жойга кўчиб келади ва ривоят қилишларича, яшаб турган жойидан қўлидаги арчадан қилинган ҳассани отади. У Ниёзтепага қадалиб қолади. Вақт ўтиши билан ҳасса кўкаради ва у ҳозир ҳам Ҳазрати Башир мақбараси ёнида яшнаб турибди.

Тахминан саксон ёшларида унинг олдига Самарқанддан  Али Қушчи келиб, бу ерда 7 йилча яшайди. Аммо Улуғбек сафдошларининг қувғинга олиниши натижасида Ҳазрати Баширнинг маслаҳатига биноан у она юртини тарк этади.

Ҳазрати Башир умри давомида одамларни меҳрли, оқибатли, диёнатли  бўлишга, ҳалол ризқ топишга, ўз қўл кучи билан яратилган маҳсулотни истеъмол қилишга чақирган ва ўзи ҳам бунга ўрнак бўлиб келган. "Мири ҳақиқат"да ёзилишича, "Ҳазрати Шайх пуранвор бекорликни ёмон кўрарди. Дарвешлар бирлан даштга чиқиб, ҳар йили беш минг ман ун, минг ман ҳалво тайёрлар ва беҳ узар, уларни бозорларга юбориб, соттирар эрди. Пулининг бир қисмини рўзғорга харж қилур, қолганини бева-бечораларга тақсимлаб берурди".

Ҳазрати Башир 96 ёшида оламдан ўтган. Унинг қабри арча кўкарган тепаликка қўйилади. Бу ерга ҳозирда юртимиздан ва бошқа мамлакатлардан минглаб зиёратчилар ташриф буюрмоқда экан. Зиёратгоҳдаги ободлик, озодалик ҳам дилингизни яйратади.

- Зиёратгоҳга бундан бир неча йил аввал ҳам келгандим, - дейди ҳамроҳларимдан бири. - Тўғриси, ўша вақтда бу ерга кўпчилик зиёратдан кўра салқин ҳавода дам олиш, ҳордиқ чиқариш учун саёҳат уюштирарди. Ҳамма томонда дам олувчилар қолдириб кетган турли идишлар, озиқ-овқат қолдиқларини кўриб, кўнглим ранжиб  қайтгандим. Бугун эса бутунлай бошқача манзаранинг гувоҳи бўлаяпман.

Бу гапни эшитиб зиёратгоҳ раҳбари Мустафо  Абдусоатов ҳам суҳбатга қўшилади.

- Сўнгги йилларда бу ерда кенг қамровли таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, - дейди у. - Бу ишларда Ҳазрати Башир қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари, маҳалла аҳлининг хизмати катта. Зиёратгоҳ атрофига ҳашар йўли билан турли гуллар, манзарали дарахтлар экилди. Атроф тозаланди, зиёратга келувчилар учун маълум тартиблар ўрнатилди.

Таъкидлаш жоизки, вилоятимиз ана шундай масканларга, тарихий қадамжоларга жуда бой. Уларнинг барчасини обод қилиш, келажак авлодларга бекаму-кўст етказиб бериш ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчдир. Шу ўринда яна бир жиҳатни ҳам айтиб ўтишни истардимки, Ҳазрати Башир бобомизнинг шундай улуғ инсон бўлишига қарамай, у киши ҳақида маълумотлар жуда кам экан. Ҳатто, Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ("Ўзбекистон Миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти", 2005 йил) ҳам Ҳазрати Баширнинг шахси, илмий салоҳияти ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Фақатгина у кишининг номи билан боғлиқ масжидга қисқагина таъриф келтирилган, холос. Энг қизиғи, ушбу таърифда ҳам "Ҳазрати Башир ота масжиди - Шаҳрисабздаги меъморий ёдгорлик" деб кўрсатилган. Аслида эса, ушбу ёдгорликнинг Китоб туманида, хушманзара тоғ бағридаги Ҳазрати Башир қишлоғида жойлашганлиги маълум. Демакки, Ҳазрати Башир тарихини, у зотнинг камолотига сабаб бўлган жиҳатлар, амалга оширган ишлари, илмий салоҳиятини тўлиқ ва аниқ ўрганиш ҳамда келажак авлодларга ҳам етказиш олимларимиз, тадқиқотчиларимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Мурод ХЎЖАНАФАСОВ,

Қарши шаҳри

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!