Меню

Қашқадарё

22.10.2019 1017

БИР ПАРЧА ЕРНИ ХАЗИНАГА АЙЛАНТИРИШ САНЪАТИ

Ёшлик маҳалласида яшовчи бу оқсоқол фаолияти билан танишар экансиз, ишлаган, меҳнат қилган киши учун бир парча ер ҳам катта хазина эканига амин бўласиз.

Тўрақул бобо фарзандлари билан биргаликда 16 сотих томорқада деҳқончилик қилади. Бу ерда бир неча турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирадиган миришкор сўнгги йилларда, айниқса, саримсоқпиёздан юқори ҳосил олишга эришмоқда.

- Саримсоқпиёзни асосан тўқсонбости усулида экамиз, - дейди у. - Бу биз учун айни муддао. Чунки одатий экинлар мавсумига қадар ер бўш турмайди. Мисол учун, айни пайтда томорқанинг ярмига саримсоқпиёз экдик. У ҳозир ниш уриб, кўкариб олгач, қиш бўйи ер тагида илдиз отиб, куч тўплайди. Баҳор келиб, кунлар исиши билан гуркираб ривожланади. Май ойининг ўрталарига бориб ҳосилни йиғиб оламиз. Ана шу ернинг ўзидан 1,5 тонна ҳосилни мўлжаллаб турибмиз. Ҳосил йиғиб олингач, дарҳол иккинчи экин сифатида картошка ёки сабзи экилади. Ер асло бўш турмайди.

Томорқанинг 2 сотих майдонида ташкил этилган иссиқхона ҳам оилага яхшигина даромад келтирмоқда. Ўтган йили унда парваришланаётган 65 туп лимондан 1 тоннадан ошиқ ҳосил олинибди. Шунингдек, алоҳида ерда турли сабзавот экинлари, кўкатлар етиштирилмоқда. Томорқа атрофида  эса кўплаб мевали дарахтлар экилган.

- Томорқадан ташқари чорвачилик, паррандачилик билан ҳам шуғулланамиз, - дейди Тўрақул бобо. - 85 бош қорамол, 65 бош бузоғимиз бор. Шунингдек, ҳовлимизда 200 бошдан ортиқ маҳаллий товуқ ҳам боқмоқдамиз. Ҳар куни ички бозорга шунга яраша сут, тухум, гўшт, сариёғ олиб чиқамиз. Фақат ана шуларнинг ўзидан рўзғорга кунига камида бир миллион сўмдан ортиқ даромад кириб келади. Хуллас, қилаётган меҳнатимиз ортидан рўзғоримиз бут, ҳаётимиз фаровон. Қолаверса, фарзандларим, келинларим, невараларим ҳам шу ернинг ўзида иш билан банд.

Яна бир жиҳати, мазкур оила вакиллари эришаётган ютуқлар кўпчилик учун ибрат бўлмоқда. Маслаҳат сўрайдиганлар, деҳқончилик сир-асрорларини ўрганиб кетадиганлар кўп. Тўрақул бобо эса маҳалладошларига билганларини эринмай ўргатишдан, керак бўлса, ўзи уларнинг уйига бориб, меҳнат қилишга, томорқасидан самарали фойдаланишга ундашдан асло қочмайди. Ўз кўчасида бирор кишининг бир қарич ери бўш қолганини кўрса, албатта, ёнига чорлаб, дакки беради. Маҳаллада ҳеч ким унинг гапини икки қилмайди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

С.НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!