Меню
Қашқадарё
Бир маҳаллада иккита янги боғча очилди
Қарши туманидаги Батош маҳалла фуқаролар йиғинида 2 та янги мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Улардан бири 100 ўринга мўлжалланган “DREAM OF KIDS” давлат-хусусий шериклик асосидаги муассаса бўлиб, лойиҳа қиймати 3 миллиард 900 миллион сўмни ташкил этади. Бунинг учун тадбиркор М.Халилова тижорат банкидан 2 миллиард 150 миллион сўм миқдорида кредит олди. Замонавий типда қурилган муассаса ишга тушиши билан 20 нафар хотин-қизнинг доимий бандлиги таъминланди.
Шунингдек, “Турсунова Хуршида Асадовна” номли давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти ҳам тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Тадбирда вилоят мактабгача таълим бошқармаси, туман раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Боғчадаги шароитлар кўздан кечирилди.
25 ўринли боғчада рус, инглиз тиллари бўйича, ментал арифметика ҳамда гимнастикадан машғулот тўгараклари ташкил этилган. Бу ҳудуд аҳолисига ҳам анча маъқул.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, айни пайтда Қарши туманида 3-7 ёшли болалар сони 19 минг нафар бўлиб, уларнинг 8300 дан зиёди мактабгача таълимга қамраб олинган. Тумандаги 100 та мактабгача таълим ташкилотининг 18 таси шаҳарда, 82 таси қишлоқ ҳудудларида жойлашган.
2020 йил охирига қадар эса вилоятдаги 1819 та мактабгача таълим ташкилотига 127 минг 951 нафар бола қамраб олиниши кутилмоқда. Бу боғча ёшидаги болаларнинг 45 фоизини ташкил қилади.