Меню
Қашқадарё
Бир маҳалла: КИМДИР УЙИДА ТИКУВЧИЛИК ЦЕХИ ОЧГАН, БОШҚАСИ ПИШИРИҚ ИШЛАБ ЧИҚАРМОҚДА
- Маҳалламизда 520 та хонадон мавжуд бўлиб, жами 615 оилада 2560 нафар киши истиқомат қилади, - дейди маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Моҳира Жалилова. - Деярли барча хонадонлар томорқадан даромад қилади. Полиз ва сабзавот маҳсулотлари учун бозорга боришга ҳожат йўқ. Ҳаммаси ўзларидан чиқади. Маҳаллада ишбилармонлар кўпаяётгани сайин фаровонлик ортмоқда.
Ибн синоликларнинг кўп вақти томорқада ўтиши рост. Иссиқхона шароитида ёки очиқ майдонда экин-тикин парваришлашади. Қишин-ёзин помидор, бодринг ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини маҳалланинг ўзидан, арзон нархда топишингиз мумкин. Аҳоли фақат бу иш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Улар халқ эҳтиёжидан келиб чиқиб, турли соҳаларда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Одамлар корига яраб, мушкулини осон қилмоқда.
Кичик цех билан бир оила обод
Бахтли, тинч-тотув оилаларни кўриб ҳавасимиз ортади. Уларнинг хотиржам ҳаёт кечириш сири нимада эканини билгимиз келади. Аслида бунда ҳеч бир синоат йўқ. Ҳаммаси оддий. Хонадоннинг каттаю кичиги ўз бажарадиган юмуши, вазифаларига эга бўлса, бахтли турмушнинг калити шунда.
Мана шундай оила соҳибларидан бири Дилмурод Муҳаммадиев қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, бугун йигирмадан ортиқ турдаги қандолат маҳсулотларини бозорга чиқармоқда. Маҳалланинг 4 нафар ёшларини қўл остига олган.
- Турмуш ўртоғим билан биргаликда мана шу меҳнатимизнинг орқасидан янгидан уй-жой қурдик, - дейди Дилмурод Муҳаммадиев. - Маҳсулотларимиз турини кўпайтираяпмиз. Бир нечта савдо шохобчаларига шартнома асосида етказиб бермоқдамиз. Қўшни маҳаллалардаги хонадонларнинг тўй дастурхонларини ҳам бизнинг пишириқлар безаб турибди. Энди ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратиш ниятидамиз.
Абзал Ибрагимов ҳам маҳалланинг ёш тадбиркорларидан. Унинг цехида 15 хилдан зиёд қандолат маҳсулотлари пиширилиб, шу ернинг ўзида қадоқланади ва савдога чиқарилади. Айни кунларда мазкур кичик цехда маҳалла ёшларидан 8 нафари иш билан таъминланган.
Аёл ишли бўлса, рўзғорда ҳам барака, ҳам тинчлик ҳукмрон
Кузатувларга кўра, эр-хотин, қайнона-келин, овсинлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири бекорчиликдир. Жамият ҳаётига катта хавф соладиган жиноятчиликнинг туб илдизлари ҳам шу иллат ортидан.
- Фойдали меҳнат билан банд бўлган кишидан бизнинг ҳам кўнглимиз тўқ, - дейди Моҳира Жалилова. - Улар қилаётган иши билан оиласи хотиржамлигига, моддий таъминотини яхшилашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Қолаверса, бу маҳалланинг тинч ва фаровонлиги ҳамдир. Маҳалламиз аёлларининг кўпчилиги тикиш-бичиш, қандолат маҳсулотларини пишириш, помидор, бодринг ва лимон етиштириш бўйича яхши натижаларга эришиб келмоқда. Айниқса, уддарубон аёлларимиз ён-атрофидаги қўшни қизларнинг ҳам бандлигини таъминлашга катта ҳисса қўшаётгани эътирофга лойиқ.
Шу маҳаллага келин бўлиб тушган Мария Шокирова тикувчилик касбини давом эттириб, ўз хонадонида шинамгина цех ташкил этган ва тўрт қизнинг бандлигини таъминлаган.
Асосан аёллар кийими, элита парда, болалар кийимлари тикилаётган цехда маҳсулотлар турини кўпайтириш орқали яна 4 хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.
Маҳаллада тикувчилик касбини йўлга қўйиб, рўзғор тебратаётган оилалар сони анчагина бўлишига қарамай, ҳар бири ўз йўли ва мижозларига эга. Энг муҳими, ҳамманинг ўз мақсади, улкан режалари бор. Маҳалла аёлларидаги бу шижоатни кўриб, ҳавас қилиш ва улардан ўрнак олиш керак, холос.
Шоҳиста БОЗОРОВА