Меню
Қашқадарё
БИР КУНДА 60 КИЛОГРАММ ЎСИМЛИК ЁҒИ
Айни жиҳатлар юртимизда бизнес ушбу шаклининг кенг қулоч ёйишига туртки бўлаяпти. Ихчам ва истиқболли йўналишларда фаолият бошлаётган оилавий тадбиркорлик субъектлари сони тобора ортмоқда. Китоб туманидаги "Тўрақулов Шукрулло Абдуллаевич" оилавий корхонаси ҳам жорий йил бошида ташкил этилган. Корхона вакиллари ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни жадал йўлга қўйишга эътибор қаратган. Хитойдан келтирилган, қиймати 40 миллион сўмга баҳоланган минитехнология бир кунда 60 килограмм маҳсулот тайёрлаш имконини бераяпти.
- Мавжуд замонавий ускуна ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг истеъмолга яроқлилик талабига жавоб беришини таъминлаяпти, - дейди корхона раҳбари Шукрулло Тўрақулов. - Ҳозирги кунда 7 хил ўсимликдан истеъмол ёғи олаяпмиз. Махсар, кунгабоқар, кунжут, зиғир, бодом, ерёнғоқ шулар сирасига киради. Ўсимлик донига махсус пресслаш дастгоҳида ишлов берилади ва ёғ сиқиб олинади. Фильтрлаш жараёнидан ўтган суюқлик 250 ва 500 грамм ҳамда 2 ва 5 литрли махсус идишларда қадоқланиб, ёрлиқ босилади. Ишлаб чиқариш учун зарур хомашёнинг бир қисмини туманимиздаги фермер ва деҳқонлардан сотиб олаётган бўлсак, қолгани четдан импорт қилинмоқда.
Ишбилармоннинг сўзларига кўра, реализация қилинаётган маҳсулот таркибида зиғир, кунгабоқар ва кунжут ёғи асосий улушни эгаллайди. Тайёр маҳсулот нафақат тумандаги савдо дўконларига, балки бошқа вилоятларга ҳам етказиб берилмоқда. Оила аъзолари келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич кўпайтириб бориш, мой берувчи ўсимликларни етиштиришни ташкил этиш ҳисобидан хомашё таъминоти масаласини ижобий ҳал этишни мақсад қилишган.
М.ЖЎРАЕВ
Ж.НОРҚОБИЛОВ олган сурат.