Меню

Қашқадарё

28.11.2017 2095

БИР КУНДА 2000 ДОНАДАН ЗИЁД ТУХУМ

Касби туманида яшовчи Обид Қўзиев оиласининг ишбилармонлиги ҳам ҳудуд одамларига маълум. Анча аввал ушбу хонадон эгалари муваффақиятли бизнес ташкил этиб, буни яна бир бор исботлади. Оила аъзолари аввалдан йиғиб юрган кичик сармоядан мақсадли фойдаланишга аҳд қилди. Айрим таниш-билиш, соҳада юқори натижага эришган инсонларнинг тавсияси билан уй шароитида бедана боқишга киришилди. Бу иш ўз самарасини кўп куттирмади. Мазкур машғулот анча сердаромад тармоқ эканини оила аъзолари ҳам алоҳида эътироф этишмоқда.

- Ҳовлимиздаги бўш турган жойни парранда парвариш қилишга мўлжаллаб жиҳозладик, - дейди Обид Қўзиев. - Янги қафаслар ясаттирдик. Бу ерда 5 мингтага қадар бедана боқиш мумкин. Асосан тухум етиштириш бўйича иш олиб бораяпмиз. Шуниси ҳам бизга маъқул. Беданаларни жўжалигидан боқамиз. 40-45 кун деганда тухумга киради. Ҳозир парваришланаётган беданалар 3 мингдан ошган. Озуқасини вақтида берсак, қарови яхши бўлса, маҳсулдорлик ҳам шунга мос бўларкан. Айни пайтда бир кунда 2 минг донадан зиёд тухум олиш имконига эгамиз. Талаб кўпки, етказиб улгурмаяпмиз. Қишлоғимизнинг ўзида ҳам олувчилар кўп. Шунингдек, савдо дўконлари ва умумий овқатланиш шохобчаларини ҳам тухум билан таъминлаяпмиз. Келаётган мўмай даромаддан хурсандмиз.

Ишнинг рафтини олган оила аъзолари эндиликда ўз фаолиятини янада кенгайтириш, бунинг учун тижорат банкидан молиявий кўмак олишни мақсад қилишган. Яна бир қўшимча бино қуриш кўзда тутилган. Меҳнатнинг барчаси оила аъзолари зиммасида. Агар зарурат бўлса, иш кучи ёллашлари ҳам мумкин. Шунингдек, беданани жўжалигидан боқишдан ташқари, уларни шу ернинг ўзида тухумидан очириб кўпайтиришни ҳам ўйлашмоқда. Шундай қилинса, сарф-харажат камайиб, фойда чўғи бирмунча ортади.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!