Меню

Қашқадарё

13.02.2018 2531

БИР ЙИЛДА ИЖТИМОИЙ ХАВФИ КАТТА БЎЛМАГАН ҚАНЧА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛАДИ?

Шунга кўра, Жиноят-процессуал кодексига муҳим ўзгартишлар киритилиб, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар доираси, уларнинг вазифа ва ваколатлари белгиланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги фармони билан тасдиқланган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури” ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг тегишли бандига асосан жиноят процессига ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича судгача ва судда иш юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш назарда тутилган эди.

2017 йил 6 сентябрда “Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унда жумладан қуйидагилар назарда тутилди:

ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят ишлари бўйича судгача иш юритишнинг соддалаштирилган, яъни Жиноят кодексида мавжуд бўлган 154 та таркибдан иборат ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларнинг фақат 98 таси бўйича бу тартиб жорий этилди. Судгача иш юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган ушбу жиноятлар бир йилда ўртача 39-40 мингта содир этилиб, умумий жиноятлар сонининг (бир йилда 85-90 минг) 40-45 фоизини ташкил қилади.

Жиноят ишини айблов далолатномаси билан прокурорга ва кейинчалик тасдиқлаган ҳолда судга юбориш билан тугатиладиган суриштирув кўринишидаги дастлабки тергов муддати бир ой қилиб белгиланди. Мазкур жиноят ишларини судда муҳокама қилиш муддати икки ойдан бир ойгача қисқартирилди.

Шунингдек, терговга тегишлилигини белгилаган ҳолда суриштирувни ўтказиш ҳуқуқи фақатгина тўртта органга берилди:

1) Ички ишлар органлари – 77 та таркиб (бир йилда тахминан 30 мингта жиноят содир қилинади ёки жиноятлар умумий сонининг 33 фоизини ташкил қилади), бунда битта суриштирувчига юклама ҳар ойда ўртача 3,3 та ишдан тўғри келади.

2) Бош прокуратура ҳузуридаги департамент – 10 та таркиб (бир йилда тахминан 3 мингта жиноят содир қилинади ёки уларнинг умумий сонидан 3,3 фоизни ташкил қилади), бунда битта суриштирувчига юклама ҳар ойда ўртача 2,5 та ишдан тўғри келади (суриштирувчи лавозими фақатгина вилоят марказларида ва Тошкент шаҳар туманларида мавжуд).

3) Мажбурий ижро бюроси (суд департаменти) – 8 та таркиб (бир йилда тахминан 5 мингта жиноят содир этилади ёки уларнинг умумий сонидан 4,8 фоизни ташкил қилади), бунда битта суриштирувчига юклама ҳар ойда ўртача 11,2 та ишдан тўғри келади.

4) Давлат божхона қўмитаси – 8 та таркиб (бир йилда тахминан мингта жиноят содир этилади ёки уларнинг умумий сонидан 1 фоизни ташкил қилади), бунда битта суриштирувчига юклама ҳар ойда ўртача 10,5 та ишдан тўғри келади.

Жиноят-процессуал кодексида белгиланган ҳолларда прокуратура органлари ҳам суриштирув олиб бориши мумкин.

Бундан ташқари, 7 та таркибни (тахминан бир йилда жами 380 та жиноят) терговга тегишлилиги бўйича ишни қўзғатган органда қолдириш белгиланди.

Махсус суриштирув бўлинмалари мавжуд бўлмаган бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Мудофаа вазирлиги) мансабдор шахсларининг жиноятлар тўғрисидаги аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар бўйича терговга қадар текширувларни ўтказиш ва унинг натижасида қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиш тартиби белгиланди:

– жиноят ишини қўзғатиш суриштирув (дастлабки тергов) органига жўнатиш масаласини ҳал қилиш учун прокурорга юбориш билан;

– жиноят иши қўзғатишни рад этиш;

– терговга тегишлилиги бўйича материалларни (хабарларни) жўнатиш.

Таъкидлаш лозим, янги қонун қабул қилиниши билан суриштирув институти такомиллашиб, пировард натижа қуйидагича бўлади:

жиноят ишини тергов қилишнинг тезкорлиги таъминланади;

терговчилар ишининг сифати яхшиланади ва дастлабки терговнинг самарадорлиги ошади. Чунки жиноят ишларини қисман суриштирув органлари терговига бериш тергов аппаратининг ишини камайтиради ва уларнинг кучини оғирроқ жиноятларни тергов қилишга ва уларни очишга қаратишга ёрдам беради;

жиноят ишларини тергов қилишда сансоларлик ва такрорланиш, яъни суриштирув пайтида амалга оширилган ҳаракатларни терговчи томонидан қайтадан тергов ҳаракатлари давомида амалга ошириш амалиётига чек қўйилади;

жиноят процесси иштирокчиси сифатида суриштирувчининг ўрни оширилади;

жиноят процессида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилади.

Жиноят процессуал кодексининг 401-боби 3202-моддасида терговга қадар текширув тушунчаси ҳам белгилаб берилди. Яъни терговга қадар текширув – жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни текшириш, уларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан қарор қабул қилишга доир тадбирларни, шунингдек, иш учун аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган жиноят излари, нарсалар ва ҳужжатларни мустаҳкамлаш ва сақлашга доир чораларни ўз ичига олади.

 Шунингдек, ушбу кодекс “Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар” деб номланган янги 391-модда билан тўлдирилиб, унга асосан терговга қадар текширув қуйидаги органлар томонидан амалга оширилади:

ички ишлар органлари; ҳарбий қисмлар, қўшилмаларнинг командирлари, ҳарбий муассасалар ва ҳарбий ўқув юртларининг бошлиқлари – уларга бўйсунувчи ҳарбий хизматчилар, шунингдек, ўқув машқлари ўтказилаётган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятларга доир ишлар бўйича; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ходимларининг хизмат мажбуриятини бажариш билан боғлиқ жиноятлари ёки қисм, қўшилма, муассаса ёхуд ўқув юрти жойлашган ерда содир этган жиноятларига доир ишлар бўйича; Миллий хавфсизлик хизмати органлари – қонунга кўра уларнинг юритишига берилган ишлар бўйича; Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш тизимини бошқариш органларининг бошлиқлари, жазони ижро этиш колониялари, тарбия колониялари, тергов ҳибсхоналари ҳамда турмаларнинг бошлиқлари – шу муассасалар ходимлари хизматни ўташнинг белгиланган тартибига қарши қилган жиноятларга доир ишлар, худди шунингдек, мазкур муассасалар ҳудудида содир этилган бошқа жиноятларга доир ишлар бўйича; давлат ёнғиндан назорат қилиш органлари; чегарани қўриқлаш органлари; олис сафарда бўлган денгиз кемаларининг капитанлари; давлат божхона хизмати органлари; Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва унинг жойлардаги бўлинмалари; Мажбурий ижро бюроси ва унинг жойлардаги бўлинмалари; Давлат солиқ қўмитасининг Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош  бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ўз ваколатлари доирасида.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар зиммасига зарур чоралар кўриш вазифаси, шу жумладан, жиноят аломатларини ва жиноят содир этган шахсларни топиш, Жиноят-процессуал кодексининг қоидаларига мувофиқ текшириб чиқилганидан сўнг жиноят иши юзасидан далил тариқасида фойдаланиш мумкин бўлган маълумотларни аниқлаш мақсадида илмий-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда, зарур чоралар кўриш вазифаси юклатилади.

Ички ишлар, Миллий хавфсизлик хизмати, давлат божхона хизмати органлари, шунингдек, Мажбурий ижро бюроси ҳамда Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ва уларнинг жойлардаги бўлинмалари шу мақсадда тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга ҳақлидир.

Прокурорнинг ёзма кўрсатмалари терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган бошлиғи ва унинг мансабдор шахси учун мажбурий бўлиб, улар прокурор кўрсатмаларидан норози бўлган тақдирда, кўрсатмаларни бажаришни тўхтатмай туриб, юқори турувчи прокурорга шикоят қилишга ҳақли экани белгиланди.

Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасига асосан, жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар – дарҳол, жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб қонунийлигини ва асослар етарли эканлигини текшириш зарурати бўлган тақдирда эса, ўн суткадан кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим.

Ушбу муддат ичида терговга қадар текширув ўтказилиб, унинг давомида қўшимча ҳужжатлар, тушунтиришлар талаб қилиб олиш, шунингдек, шахсни ушлаб туриш, ЖПК 162-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ шахсий тинтув ва олиб қўйиш, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, экспертиза ўтказиш, тафтиш тайинлаш, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш ҳақида топшириқлар бериш мумкин. Терговга қадар текширув вақтида бошқа тергов ҳаракатларини ўтказиш ман қилинади.

Алоҳида ҳолларда, терговга қадар текширув муддати қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг асослантирилган қарорига кўра назорат қилувчи ҳарбий прокурор томонидан бир ойгача узайтирилиши мумкин:

1) ўтказиш учун кўп вақт талаб қиладиган экспертиза, хизмат текшируви, тафтиш ёки бошқа текширув тайинланган бўлса;

2) олис жойларда бўлган ёки чақирувга биноан ҳозир бўлишдан бўйин товлаётган шахслардан тушунтиришлар талаб қилиб олиш зарур бўлса;

3) янги ҳолатлар аниқланиб, уларни қўшимча тарзда текширмасдан туриб қарор қабул қилишнинг имкони бўлмаса;

4) етказилган моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаш ва (ёки) жиноят оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида белгиланган муддат ўтмаган бўлса.

Шу билан бирга, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси ушлаб туриш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини кодекснинг 221- ва 224-моддаларида кўрсатилган ҳолларда ва тартибда қўллашга ҳақли эканлиги белгиланди.

Жумладан, ички ишлар органининг, терговга қадар текширувни, суриштирувни ёки дастлабки терговни амалга оширувчи бошқа органнинг ходими, шунингдек, муомалага лаёқатли ҳар қандай шахс ушбу Кодекснинг 221-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсни ушлаш ва яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келишга ҳақлидир.

2017 йил 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, МХХ, ИИВ, солиқ ва божхона қўмиталари,  Мудофаа вазирлиги раҳбарлари томонидан Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан бу борадаги фаолиятни самарали ташкил этиш тўғрисида қўшма кўрсатма имзоланди. Унда барча суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларга Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларни бир хил тарзда амалиётга татбиқ қилиш, уларни қўллаш соҳасида ягона амалиётни шакллантириш юзасидан вазифалар белгиланди.

Қўшма кўрсатма талабларига кўра, терговга қадар текширув органлари томонидан жиноятлар, уларни содир этган шахслар ҳамда жиноят ишлари (материаллар) юзасидан процессуал қарорлар нусхалари тегишлича ҳарбий прокуратура органларига юборилиши ва ҳар ой якуни бўйича солиштириб борилиши керак.

 

Собиржон АШРАПОВ, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси бўлим ҳарбий прокурори,  адлия майори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!