Меню

Қашқадарё

26.09.2017 2283

БИР ЙИЛДА 8 МИЛЛИОН ЖУФТ ПАЙПОҚ

Ишлаб чиқарилажак ярим тайёр маҳсулотлар, шу жумладан, тайёр трикотаж ва тикувчилик буюмларининг асосий қисми экспортга йўналтирилади. Аҳамиятлиси, ушбу дастурдан жой олган аксарият лойиҳалар устида ишлар жадал олиб борилаётган бўлса, айрим лойиҳалар муваффақиятли якунланиб, ўз самарасини кўрсатишни ҳам бошлади. Гап бироз аввал Муборак туманида фаолият бошлаган “Муборак ТЕКС” фабрикаси ҳақида кетмоқда.

Муборак газни қайта ишлаш заводига қарашли мазкур енгил саноат корхонаси асосан пайпоқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Соҳада тан олинган компанияларнинг энг сўнгги технологиялари билан жиҳозланган фабриканинг йиллик қуввати 8 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқаришга мослашган. Маҳсулотни тайёр ҳолга келтириш учун зарур барча жараёнлар тўлиқ шу ернинг ўзида бажарилади. Лойиҳа муваффақиятли ишга тушиши учун қарийб 24 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб қилинганини алоҳида қайд этиш лозим.

- Фабрикамиз яйдоқ жойда бунёд этилиб, атрофи ободонлаштирилди, натижада чўл ҳудудда кўркам ва муҳташам, замонавий инфратузилмага эга саноат объекти қад ростлади, - дейди фабрика механиги Чори Чоршанбиев. – Ушбу корхона юртимиз саноат салоҳияти жадал юксалаётганининг ёрқин ифодасидир. Муҳими, маҳсулот ишлаб чиқаришда тўлиқ маҳаллий хомашё ишлатилади. Лойиҳа амалга ошиши самарасида туманимиздаги 100 дан ортиқ ёш доимий иш ўрни билан таъминланди. Тайёрланаётган маҳсулот ўзининг сифат кўрсаткичлари бўйича чет элникидан асло қолишмайди, рақобатбардош бўлиб, бемалол импорт ўрнини боса олади. Жаҳон бозори талабларига ҳам мос келади.

Фабрика мутасаддиларининг таъкидлашича, пайпоқ ишлаб чиқариш кўп тармоқли жараён бўлиб, бир қанча босқични ўз ичига олади. Келтирилган калава иплари қайтадан махсус дастгоҳлар ёрдамида белгиланган миқдорда урчуқларда йигирилади. Тегишли цехдаги ушбу операция 10 нафарга яқин ишчи кузатувида амалга оширилади. Кейинги босқичда калавалар бўяш цехига юборилади. Бунда барча ранглардан фойдаланилади. Айни шу жиҳат маҳсулотнинг ранг-баранглиги ва хилма-хиллигини таъминлайди.

- Галдаги асосий иш тўқув ҳисобланади, - дейди тўқув дастгоҳи оператори Малоҳат Эгамбердиева. – Бунда бизга замонавий компьютерлаштирилган дастгоҳлар ёрдам беради. Ушбу технология бир соатда ўнлаб жуфт пайпоқни тўқиш имконига эга. Муҳими, пайпоқ дизайни, бичими малакали мутахассисларимиз томонидан дастурланиб, ускуна хотирасига юкланади. Шунинг учун бундай технологиялар асосида ҳар қандай ўлчам ва кўринишдаги, ҳар қандай ёш тоифаси ва мавсум учун мўлжалланган пайпоқларни ишлаб чиқариш мумкин. Маҳсулотнинг асосий қисмини пахта толаси ташкил этади.

Кейинги йўлимиз тикув цехига тушди. Чунки тўқув босқичидан ўтган маҳсулот шу цехга келтирилар экан. Бу ерда пайпоқларга қисқа ишлов берилади. Шундан сўнг маҳсулотлар шакл бериш цехига жўнатилади. Ўз номидан ҳам маълум бўлганидек, бу цехда махсус ускуна воситасида пайпоқлар дазмолланиб, тахланади. Охирги босқичда эса маҳсулотга ёрлиқ ёпиштириб, қадоқланади. Фабрика вакилларининг маълумот беришича, ҳозирги кунда корхонада суткасига 12 минг жуфт пайпоқ тайёрланаяпти. Келгусида маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга чиқариш кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, юксак ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этувчи лойиҳалар асосида, замонавий технологияларни жалб этган ҳолда барпо қилинаётган бу каби ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимизнинг енгил саноат тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Зеро, жаҳон тажрибасидан маълумки, маҳсулотни хомашё ҳолида сотишдан кўра тайёр товар кўринишига келтириб бозорга чиқариш кўпроқ даромад келтиради. Турдош корхоналарнинг кўпайиши эса аҳоли бандлигини оширишга имкон беради. Бундан ташқари, тайёр маҳсулот экспорти ҳисобидан валюта тушуми ортади. Бугун юртимизда ўзимизда етиштирилган пахта толасини чуқур қайта ишлашга устувор аҳамият қаратилаётгани ҳам шундан. Тегишли дастурлар эса мазкур мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!