Меню

Қашқадарё

21.08.2018 1907

БИР ЭМАС, ИККИ АЛДАНГАН УСТА

Ҳалол меҳнати ортидан озми-кўпми даромад топаётган, оиласи, икки нафар фарзандини бировдан кам қилмай тарбия қилаётган бу йигит кейинги вақтларда ишни бироз кенгайтириш, замонавий пойабзал тикиш дастгоҳини харид қилиб, мижозларга кўрсатаётган хизмат сифатини янада яхшилаш ҳақида ўйлаб юрарди. Унинг бу ниятини эшитган таниши – Сайдулло Жалилов дарҳол ўзининг хизматини таклиф этди. Наманган вилоятида танишлари кўплиги, пулини берса пойабзал таъмирлашда ишлатиладиган дастгоҳларнинг энг зўрини, шунингдек, тайёр чармни анча арзон нархда келтириб беришини айтиб, аврай бошлади.

Улуғбек ҳайрон эди. Бир кўнгли Сайдуллога ишонма деса, яна бир томондан ўзи бошқа вилоятга бориб, бундай дастгоҳни олиб келишига ҳам кўзи етмасди. Хуллас, ўйлай-ўйлай охири анча вақтдан буён тўплаб юрган 4 миллион 500 минг сўм пулларини Сайдуллога берди. У эса узоғи билан бир ой ичида дастгоҳни олиб келишини айтиб, жўнаб кетди.

Орадан бир ой ўтди ҳамки, Сайдуллодан дарак йўқ эди. Бир куни Улуғбек уни кўчада кўриб қолди. Салом-аликдан сўнг ишлар нима бўлганини сўради.

- Бир-иккита муаммоларим чиқиб, Наманганга боролмай қолдим, - деди Сайдулло. – Мана энди     кетяпман, насиб этса уч-тўрт кун ичида айтган нарсаларингни келтириб бераман. Лекин жўра, боргандан кейин сал кўпроқ нарса олиб қайтмасам, қопламайди. Ўзимда пул йўқ. Шунга озроқ пулдан қарашиб юборсанг, яна қўшимча тайёр чарм келтириб бераман. Қолганини ҳам сотиб, пулингни қайтараман.

Улуғбекда Сайдулло сўраган миқдорда катта пул йўқ эди. Бироқ, у Сайдуллонинг тезроқ Наманган вилоятига бориб, айтилган дастгоҳларни олиб келишини истарди. Шу боис бу содда йигит елиб-югуриб, қариндош уруғларидан қарз олиб 1000 АҚШ долларига тенг пулни келтириб берди.

Шундан сўнг яна “ҳожатбарор”нинг йўлини пойлаб ойларни ойларга улай бошлади ҳамки, ундан дарак йўқ эди. Уйдагилари ҳам Сайдуллонинг қаерда эканлиги борасида бирор тайинли гап айтмасди. Охири алданганини билган йигит бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишга мажбур бўлди. Сайдулло Жалилов эса тез орада қўлга олиниб, белгиланган тартибда жазога тортилди.

Илҳом ШЕРАЛИЕВ,

Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи, капитан

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!